Кўрсатилган электрон шаклдаги хизматларнинг реализация қилиш жойи қандай аниқланади

preview

Савол ҚҚС тўловчилар учун долзарбдир: кўрсатилган электрон шаклдаги хизматларнинг реализация қилиш жойини қандай тўғри аниқлаш мумкин?

Buxgalter.uz тушунтиради:

 

– Кўрсатилган электрон шаклдаги хизматларнинг реализация қилиш жойини  харидорининг турган ёки фаолиятни амалга ошираётган жойи бўйича аниқланг.

Бу Ўзбекистонда турган ёки фаолиятни амалга ошираётган шахслар томонидан олинган электрон шаклдаги хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинишини билдиради .

Агар хизматлар харидори - жисмоний шахс бўлса, қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, Ўзбекистон уларни олиш жойи деб эътироф этилади:

  • харидорнинг яшаш жойи Ўзбекистон бўлса;
  • харидор томонидан хизматларга ҳақ тўлаш учун фойдаланиладиган банк ёки харидор томонидан хизматларга ҳақ тўлаш амалга ошириладиган тўлов тизимларининг оператори Ўзбекистонда жойлашган бўлса;
  • харидор хизматларни олиш чоғида фойдаланган тармоқнинг манзили Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган бўлса;
  • хизматларни олиш ёки хизматларга ҳақ тўлаш учун фойдаланиладиган телефон рақами мансуб бўлган мамлакатнинг халқаро коди Ўзбекистон томонидан берилган бўлса. 

 

Электрон шаклдаги хизматлар

Ушбу тоифага ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда интернетдан автоматик усулда фойдаланиш орқали кўрсатилган хизматлар киради. Хусусан :

  • дастурий таъминотдан (шу жумладан интернет орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), шунингдек маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан интернет орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни тақдим этиш;
  • электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини интернет орқали, шу жумладан кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;
  • интернетда, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва интернетда ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт бериш;
  • интернетда товарларни (хизматларни) ва мулкий ҳуқуқларни олиш (реализация қилиш) тўғрисида таклифлар жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • интернет орқали сотувчилар ва харидорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва битимлар тузиш учун ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган техник, ташкилий, ахборот имкониятларини ҳамда бошқа имкониятларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш. Масалан - виртуал савдо майдончасини бериш, бу майдонда потенциал харидорлар автоматлаштирилган тартиб-таомил воситасида ўз нархини таклиф этади ҳамда тарафлар автоматик тарзда яратиладиган хабар орқали сотув тўғрисида хабардор қилинади;
  • ўз мақсадлари учун ёки иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадида интернетда ҳозир бўлишни таъминлаш ва (ёки) сақлаб туриш, фойдаланувчиларнинг электрон ресурсларини (сайтларини ва (ёки) интернетдаги сайтлари саҳифаларини) сақлаб туриш, улардан интернетдан бошқа фойдаланувчиларнинг фойдаланишини таъминлаш, фойдаланувчиларга уларни модификациялаш имконини тақдим этиш;
  • дастурнинг масофадан ва онлайн режимида ишлашини автоматик тарзда сақлаб туриш, интернетда ахборот тизимларини, сайтларни ва (ёки) саҳифаларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • башарти ахборотни тақдим этган шахс ундан интернет орқали фойдаланиш имконига эга бўлса, ушбу ахборотни сақлаш ва унга ишлов бериш;
  • ахборот тизимида ахборотни жойлаштириш учун реал вақт режимида ҳисоблаш қувватини тақдим этиш;
  • домен номлар бериш, хостинг хизматларини кўрсатиш;
  • интернет орқали харидор томонидан маълумотлар киритилаётганда автоматик усулда юзага келадиган ахборотни етказиб бериш, маълумотларни қидириш, сўровларга кўра уларни саралаш ва ажратиш бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатиш. Масалан - фонд биржасининг реал вақт режимидаги маълумотлари, матнларнинг автоматлаштирилган таржимасини реал вақт режимида амалга ошириш;
  • потенциал харидорлар тўғрисидаги ахборотни қидириш ва (ёки) буюртмачига тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • интернетдаги қидирув тизимларидан фойдаланиш имконини бериш;
  • интернетдаги сайтларда статистикани юритиш.

 

Қуйидагилар электрон шаклдаги хизматлар жумласига кирмайди:

  • агар интернет орқали буюртма берилганда товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) аслида интернетдан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириладиган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилиш;
  • компьютер дастурларини (шу жумладан компьютер ўйинлари) ва моддий жисмлардаги маълумотлар базаларини реализация қилиш (улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиш);
  • электрон почта орқали маслаҳат хизматлари кўрсатиш;
  • интернетдан фойдаланиш имконини бериш бўйича хизматлар кўрсатиш.
Эътибор беринг
20 апрель - 2022 йилнинг I чораги учун хизматларни электрон шаклда кўрсатадиган чет эл юридик шахслари томонидан ҚҚС бўйича ҳисоботни тақдим этишнинг сўнгги куни .
Мисол
Компьютер дастуридан фойдаланиш ҳуқуқини бериш

Ўзбекистондаги корхона - ҚҚС тўловчиси компьютер дастурини ишлаб чиқди ва чет эл компаниясига интернет орқали ундан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини интернет орқали бериш - бу электрон шаклдаги хизмат.  Уни реализация қилиш жойи улар харидорининг фаолиятни амалга ошираётган (турган) жой бўйича аниқланади.

Ўзбекистондаги корхонада ҚҚС бўйича мажбуриятнинг юзага келиши чет эл компанияси Ўзбекистонда доимий муассасага эгалиги ва ушбу хизматлар ДМ орқали олинганлигига боғлиқ.

Агар чет эл компанияси фаолиятини Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмаса, у электрон шаклдаги хизматларни кўрсатиш жойи ҳисобланмайди. Бинобарин, Ўзбекистондаги корхонада ҚҚС солиш объекти юзага келмайди.

Агарда чет эл компанияси фаолиятини Ўзбекистонда ДМ орқали амалга оширса ва у орқали дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини олган бўлса, Ўзбекистон электрон шаклдаги хизматларни реализация қилиш жойи саналади. Бинобарин, Ўзбекистондаги корхона  дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш чоғида ҚҚС ҳисоблаши шарт.

Мисол
Матнларни электрон почта орқали таржима қилиш

Хорижда жойлашган чет эл ташкилоти буюртмасига асосан Ўзбекистондаги корхона - ҚҚС тўловчиси матнларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича хизматлар кўрсатади. Хизматлар натижаси буюртмачига электрон почта орқали жўнатилади.

Таржимани электрон почта орқали жўнатиш - бу электрон шаклда хизмат кўрсатиш саналмайди. Бироқ уни реализация қилиш жойи ҳам солиқ солиш мақсадларида харидорнинг фаолиятни амалга ошираётган (турган) жой бўйича аниқланади.

Хизматлар буюртмачиси - хорижда жойлашган чет эл ташкилоти бўлганлиги боис, Ўзбекистон реализация қилиш жойи ҳисобланмайди. Бинобарин, Ўзбекистондаги корхона  таржима бўйича хизматлар қийматидан ҚҚСни ҳисобга олмайди.

 

Мавзуга доир материалларни тавсия қиламиз:

Ирина АХМЕТОВА,

Норма” эксперти


ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text180477_kursatilgan_elektron_shakldagi_hizmatlarning_realizaciya_qilish_joyi_qanday_aniqlanadi