«Автокамерал» формулаларини такомиллаштиришни қандай тезлаштириш мумкин

preview

Декабрь ойига қадар Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида 30.08.2024 йилдаги ПФ-132-сонли қарорига 2-иловадаги «автокамерал» формулалари эълон қилиниши керак. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг фикрича, мазкур формулани эълон қилишнинг ўзи кўп фойда келтирмайди.

Ҳар бир формулани солиқ тўловчиларга уни амалда қўллаш бўйича ўз изоҳларини ёзиш имконини берадиган функционал билан бирга тақдим этиш керак. Бу солиқчиларга ҳар бир формула бўйича таҳлилий маълумот беради ва «автокамерал»ни такомиллаштиришни тезлаштиради.

Buxgalter.uz бу позицияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди:

Экспертнинг керакли тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ қўмитаси ҳозирнинг ўзида «автокамерал» формулаларининг сифати ҳақида етарли маълумотга эга. Унинг қўлида - солиқ тўловчиларнинг кўплаб тушунтиришлари, суд қарорлари ва солиқ солиш бўйича мутахассисларнинг изоҳлари мавжуд. Муаммо шундаки, бу маълумотларнинг барчаси, қоида тариқасида, формулаларнинг тезкор тузатилишига олиб келмайди.

Buxgalter.uz сайтида «Солиқчиларга «автокамерал» формуласи нотўғри эканлигини қандай исботлаш мумкин» мақоламда мен шундай формулалардан бири ҳақида гапирган эдим. Мана у, қуйида шунга оид скриншотни келтираман.

Менинг иштирокимда бу формула бўйича нотўғри қўшимча ҳисоблаш билан боғлиқ иккинчи иш ҳам ютиб чиқилди. Эътибор бермоқчиманки, бу сафар, менинг фикримча, судья ҳаддан ташқари талабчан эди - судга барча мумкин бўлган нарсаларни тақдим этишни сўради. Бажарилган ишлар далолатномалари, топширилган ҳисоботлар, ойма-ой тақсимланган ҳисоб-китоблар, солиқ маслаҳатчисининг тушунтиришлари. Натижада суд яна солиқ тўловчи томонига ўтди. Суд солиқ органларига қўшимча ҳисоблашни бекор қилиш ва суд иши кўриб чиқилаётган пайтда инкассо қилинган ҳисобланган пеняларни қайтаришни мажбур қилди.

Олдинги сафардаги каби, солиқчилар суд қарори хусусида баҳслашмадилар, балки уни бажардилар. Тўғри, бу сафар бирорта суд мажлисига солиқ хизматининг бирорта вакили келмади. Афтидан, улар бу ҳолатда қонуний қарор фақат битта бўлиши мумкинлигини аниқ тушунишади.

Лекин, муайян иш бўйича суд қарори эмас, балки - формула бошқа ҳеч кимни ва ҳеч қачон бекорга безовта қилмаслиги муҳим-ку. Биз буни кўрмадик. Ҳозир солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида - ҳам биринчи, ҳам иккинчи мижозимда - биз қўшимча ҳисоблаш суммалари шахсий ҳисоб варақаларидан олиб ташланганини, даъволар йўқлигини кўрамиз. Лекин формула ҳамон кўрсатилмоқда, унга ҳеч ким ҳеч қандай ўзгартириш киритмаган. Бу эса яна бир муддатдан сўнг шу мавзу бўйича навбатдаги билдиришномани кутиш керак деганими? Ахир улар автоматик равишда жўнатилади-ку...

 

Билдиришномалар келмаслиги учун формулани тузатиш керак

Юқорида айтиб ўтилган нашр бўйича айрим ҳамкасбларимнинг танқидини ҳам эшитдим. Баъзилар судга мурожаат қилиш - ортиқча чора, уларда қўшимча ҳисоблашлар бевосита солиқ инспекциясига мурожаат қилганда олиб ташланган мисоллари бор. Хўш, демак, ҳамма ҳам солиқ органларининг ваколатли ходимларига мурожаат қила олмайди. Демак, кўп нарса сизнинг масалангиз кимнинг кўриб чиқишига тушишига боғлиқ. Аксарият солиқчилар «автокамерал» формуласи - бу ўзгармас ҳақиқат деган фикрга мойил. Бошқалар у нотўғри ишлаётганига рози бўлишади, лекин қўлларини силтаб қўйишади холос... Афтидан, уларда вазиятга таъсир қилиш учун етарли восита йўқ.

Биз ҳам солиқ органига мурожаат қилдик ва у ерда бизнинг фикримизга оғзаки равишда рози бўлишди, ҳатто формулани тузатишга ваъда беришди. Лекин ҳамон ўша-ўша вазият кузатилмоқда. Натижада биз солиқ органлари даражасида қонуний қарор ололмагач, судга мурожаат қилдик.

Агар менда методологик хусусиятга эга бўлган солиқ низоси бўйича икки суд қарори бўлса, нега бу «автокамерал» формуласи ҳамон солиқ тўловчиларда тузатилмаган? Ахир хато кўриниб турибди-ку.

Тахмин қилишимча бу катта ахборот оқими туфайли содир бўлмоқда. Балки, солиқчиларда шунчаки бу маълумотларнинг барчасини тизимлаштириш ва бу тизим ишини такомиллаштириш бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш учун ресурслар етишмаётгандир. Мен таклиф қилаётган ҳар бир формула учун изоҳлар функционали бундай маълумотларни тўплашга ёрдам беради. Бу ерда солиқ тўловчилар суд қарорини илова қилиш, ўз изоҳларини билдириш, бу формулани қўллаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш имкониятига эга бўлишлари керак.

Менимча, Солиқ қўмитаси ҳузурида идора ходимлари бўлмаган ташқи экспертлар киритилиши керак бўлган коллегиал орган тузиш тўғри бўлади. Устига-устак, бу кенгаш фақат «автокамерал» муаммолари билан шуғулланиши керак. У формулани такомиллаштириш бўйича ҳар бир таклифга хулоса бериши, формулаларга тузатишларни муҳокама қилиши ва қабул қилиши керак.

Изоҳ ва танқидларга шунчаки «маълумот учун қабул қилинди» деб жавоб бериш билан чекланмаслик керак. «Автокамерал» бундан буён хато қилмаслиги, бюджет маблағлари ва тадбиркорлар ресурслари аллақачон кўриб чиқилган ва формуланинг хатоси аниқ бўлган нарсани таҳлил қилишга сарфланмаслиги учун чоралар кўрилиши керак.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text202986_avtokameral_formulalarini_takomillashtirishni_qanday_tezlashtirish_mumkin