Автокамералнинг бир масала юзасидан такрорий хабарномасига қандай муносабат билдириш лозим

preview

Текширувдан олдинги таҳлил натижаларига кўра хабарнома олиб, унда тақдим этилган қўшимча ҳисоблашларга буткул қўшилмаган бўлсангиз, қандай йўл тутиш лозим? Бунда илгари худди шундай мазмундаги хатни олганингизда солиқчилар автокамерал дастури хато ишлагани ҳақидаги далилларингизга қўшилган бўлса-чи?

Вuxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бундай муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди:

 

– СК 138-м. солиқ тўловчидан текширувдан олдинги таҳлил натижаларига кўра унга йўлланган хабарномага муносабат билдиришни талаб этади. Буни икки хил усул билан амалга ошириш мумкин:

1) тақдим этилган қўшимча ҳисоблашларга рози бўлиб, уларни тўлаши;

2) қонун ҳужжатларига ҳавола қилган ҳолда ўз позицияси баён этилган хатни солиқ органига юбориб, текширувдан олдинги таҳлил хулосаларига норозилигини ифодалаши.

Амалиётда солиқ органлари бир ой ўтгач, ўтган ойда кўрсатилган асослар бўйича хабарнома йўллаши ҳолатлари учраб туради. Бунда ўтган ойда ўз нуқтаи назарингизни асослаган, солиқ органи ҳам унга қўшилган бўлади.

Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун солиқчилар бундай хатларга асосланган ҳолда текширувдан олдинги таҳлил (автокамерал назорат) формулаларини такомиллаштирмоқдалар. Ҳолатга қараганда, ҳар доим ҳам бунга улгурмаяптилар. Солиқ тўловчилар билан ДСБ ёки ДСИ, дастурни маъмурийлаштириш ва формулаларни такомиллаштириш билан эса ДСҚ шуғулланаётгани учун ана шундай номувофиқликлар юзага келаётгандир.

Баъзан тадбиркорлар бундай вазиятда ўзларини нотўғри тутадилар – унга қўл силкиб, бошқа хат йўлламасликлари учун қўшимча ҳисобланган суммани тўлаган маъқул деган фикрга келадилар. Шунга ўхшаш ҳолатларга яна тўқнаш келишингиз мумкин бўлгани учун ҳам бундай қилмаслик керак. Зеро формулага ўзгартириш киритилмагунча дастур хатони кўрсатаверади.

 

Қандай йўл тутиш лозим

Мижозларимга шошмасликни маслаҳат бераман, солиқ тўловчи ҳаммаси қонуний йўл билан ҳал қилинишига эришиш ҳуқуқига эга. Бу ўринли маслаҳат эканига тажрибамда кўп гувоҳ бўлдим.

Мана бир мисол: сентябрь ойида ходимларимга «қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун» 4,22 МҲЭКМ доирасида моддий ёрдам тўладим. СК 378-м. 1-б. мувофиқ, бундай миқдордаги ушбу суммаларга ЖШДС солинмайди. Октябрь ойида эса солиқ қўшимча ҳисоблангани ҳақида хабарнома олдим.

Формулада хато борлиги ҳақида инспекцияга белгиланган муддатда ёзма жавоб йўлладим. ЖШДС бўйича ҳисоб-китобнинг 3-устуни 012-сатрида ва Ҳисоб-китобга 2-иловада 5 нафар ходим учун моддий ёрдамнинг умумий суммаси кўрсатилган. Уларнинг ҳар бирига 2,5 млн сўмдан тўғри келади, бу 4,22 МҲЭКМдан кўп эмас. 9 ой учун Фойда солиғи ҳисоб-китобида беш кишига «қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун» моддий ёрдамнинг умумий суммаси 12,5 млн сўм миқдорида этиб кўрсатилган, бу – чегириб ташланмайдиган харажат. Ушбу далилимга қўшилдилар.

Бироқ, декабрь ойида худди шу муаммо қайд этилган хабарномани яна олдим. Ўз нуқтаи назаримни яна исботладим, унга яна қўшилдилар. Бу сафар иш кўриб чиқилиб, унинг юзасидан тушунтириш берилгач, солиқ органи ниҳоят формулага тузатиш киритди. Кейинги кун қўшимча ҳисобланган сумма бекор қилинди.

Фақат бизнинг ташкилот учун ушбу формулага тузатиш киритмадилар, автокамерал ишида бошқа бундай номувофиқликлар юзага келмайди, деб умид қиламан.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.