Бухгалтерлар Солиқ кодексини тушунарлироқ қилишни сўрашмоқда

preview

Амалдаги Солиқ кодекси ҳам, янги кодекс лойиҳаси ҳам мураккаб тилда ёзилган. Ҳар бир нормани кўп маротаба қайта ўқиб чиқишга тўғри келмоқда ва ҳатто шундан кейин ҳам барибир саволлар юзага келмоқда. Бухгалтерлар кодексни тушунарлироқ қилишни ва уни услубий кўрсатмалар билан тўлдиришни сўрашмоқда. Бу бухгалтерга хато қилмаслик ва солиқ органларининг маслаҳат бериш бўлинмаларига юкламани камайтиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, бухгалтерлар хавфни таҳлил қилиш натижалари бўйича текширувларни тайинлаш мезонлари ва камерал назорат натижалари ва унинг доирасида амалга ошириладиган ҳаракатлар ҳақида ахборотга муҳтожлар.

«Mika Trade» хусусий корхонаси бош бухгалтери Татьяна ЧЕРНОВА  СК лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган конференцияда солиқ тўловчиларга ахборот жиҳатдан кўмак бериш ҳақида таклифлар билан сўзга чиқди. У кодекс моддаларини анча тушунарли тилда баён этиш лозим, деб ҳисоблайди. Шунингдек, уни солиқ солиш бўйича услубий кўрсатмалар, барча мураккаб масалалар бўйича Молия вазирлиги ва ДСҚнинг тушунтиришларини мажбурий чоп этиш тўғрисидаги норма билан тўлдириш зарур:

-Бухгалтер учун Солиқ кодекси – бу ўқув матни. У бўйича биз солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашни ўрганамиз.

Ҳеч бир бухгалтер солиқ органлари билан муаммо юзага келишини хоҳламайди. Бухгалтерларнинг аксарияти қонунга риоя қилишни истайди. Бироқ уларнинг барчаси битта катта муаммо билан тўқнаш келади: кодекс ҳар доим ҳам бухгалтерга тушунарли бўлавермайдиган мураккаб юридик тилда ёзилган.

Юридик маълумотга эга бўлмаган оддий бухгалтер “хатбоши” ёки “қисм”ни қандай топишни билмайди. СК нормалари яхши туркумлаштирилмаган, унинг ҳамма қоидалари тушунарли тарзда рақамланмаган. Яна, узун гаплар ва ғализ шаклдаги талқинларни тушуниш жуда қийин. Бундан ташқари, солиқ тўловчилар Молия вазирлиги ва ДСҚнинг тушунтиришларига эҳтиёжмандлар, ҳозир улар унчалик кўп эмас.

Лойиҳага шундай норма киритилган:

“Солиқ органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси бўйича солиқ тўловчиларга кўмаклашиши, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши шарт” (“Солиқ органларининг мажбуриятлари” 28-модда 6-бандга қаранг). Лекин бу норма жуда умумий ва декларатив. У хабар бериш механизмини ўз ичига олмаган ва уни баҳолаш имконини бермайди.

Бугун Молия вазирлиги ва ДСҚ солиқ тўловчиларни қандай хабардор қилишади? Улар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишади, саволларга ёзма равишда жавоб беришади. ДСҚнинг колл-маркази – тел.11 98 ҳам шу тарзда фаолият юритади.

Мен СКда қуйидагиларни тўғридан-тўғри белгилашни таклиф этаман:

  • солиқ тўловчиларнинг оғзаки шаклдаги саволларига индивидуал жавоб бериш;
  • солиқ тўловчиларнинг ёзма шаклдаги саволларига индивидуал жавоб бериш;
  • Солиқ кодексига расмий тушунтиришлар ва услубий кўрсатмаларни мажбурий эълон қилиш;
  • хавфни таҳлил қилиш натижаларига кўра текширувларни тайинлаш мезонларини эълон қилиш;
  • солиқ тўловчиларни солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблар ҳолати ҳақида индивидуал хабардор қилиш;
  • солиқ тўловчиларни камерал назорат ва унинг доирасида амалга ошириладиган ҳаракатлар тўғрисида хабардор қилиш.

Охирги банд бўйича ҳозир бухгалтерларда умуман маълумот йўқ. Биз ўзимиз ўзаро қўнғироқлашиб, кимда қандай текширув ўтказилганлиги ва унинг доирасида нима амалга оширилганлигини аниқлаб олишга ҳаракат қиламиз. Солиқ тўловчи солиқ назорати тўғрисида тўлиқ ва етарли ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text155005_buhgalterlar_soliq_kodeksini_tushunarliroq_qilishni_surashmoqda