Полезное для бухгалтера в ноябре:
Очиқ мулоқот - 2024: тадбиркорлар ва Президент нималар ҳақида келишиб олдилар
Нукусда Президент Шавкат МИРЗИЁЕВнинг тадбиркорлар билан узоқ кутилган очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Давлат раҳбари бизнес томонидан кўтарилган муаммоларни ўрганиб чиқди ва бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг барчаси яқин вақт ичида амалга оширилади.
Buxgalter.uz уларнинг энг муҳимлари ҳақида шарҳ тайёрлади:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. ҚҚС, фойда солиғи ва ҳужжат айланиши
1 январдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналарига улар тўлаган ҚҚСнинг бир қисми кешбэк кўринишида қайтарилади. Бунда, агар корхонанинг ойлик нақдсиз айланмаси:
- 60% ва ундан юқори бўлса - кешбэк тўланган ҚҚСнинг 40% ига тенг бўлади;
- 60% дан кам бўлса - кешбэк тўланган ҚҚСнинг 20% ини ташкил этади.
ҚҚС тўлашга ўтган умумий овқатланиш корхоналари учун фойда солиғи 2 баравар камаяди.
1 декабрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналаридан нақд пулга сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.
Уларга баҳор-ёз мавсумида ёнма-ён майдонларга стол, стуллар ва соябонлар ўрнатиб ишлашга рухсат берилади. Ресторан ва кафелар ходимлар билан қисқа муддатли соддалаштирилган меҳнат шартномаларини тузишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб меҳмонхоналар ва туроператорлар тўлаган ҚҚСнинг 20% ини кешбэк кўринишида олишади.
ЭҲФ ва ЭТТЮХ бир ҳужжатга бирлаштирилади. Тадбиркор бунда ягона шаклни тўлдиради ва унга атиги 4 турдаги маълумотни киритади.
2. Коммунал хизматлар
Ўзбекистонда юридик шахслар учун ажратилган лимитдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва газ ҳисоб-китоби тартиби ўзгаради. Улар лимитни 20% гача оширса, базавий тариф бўйича тўлайдилар, бу кўрсаткичдан юқори истеъмол қилинса, тўловга 20% устама қўшилади.
Бюджет, банклар ёки бошқа мажбуриятлар бўйича қарздорлиги бўлган тадбиркорлар ҳисоб рақамларига қўйилган "инкассо" туфайли электр, газ ва сувни тўлай олмайдилар. Бироқ, агар ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ қопланади. Шунинг учун энди ҳатто "инкассо" мавжуд бўлганда ҳам коммунал хизматлар учун тўловлар тўхтатилмайди.
Тадбиркорлар барқарорлиги рейтингида В дан ААА гача баҳоланган корхоналар электр энергияси учун олдиндан тўловни ой давомида икки қисмга бўлиб киритишлари мумкин бўлади.
3. Ер ва кўчмас мулк
Тадбиркор аукционда ер сотиб олганда унга ҚҚС ҳисобланмайди.
Қурилиш учун янги ерлар ажратилганда лойиҳалаштиришдан то объектни фойдаланишга топширишгача бўлган муддатлар албатта белгиланади. Бунда қурилиш даврида хўжалик юритувчи субъект ер солиғи бўйича 50 фоизлик имтиёз олади (вилоят марказларидан ташқари). Агар қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтирилади. Агар қурилиш белгиланган муддатда якунланмаса, ер суд орқали давлатга қайтарилади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб ер участкалари ва капитал қурилиш объектларининг ягона классификатори жорий этилади. Ҳар бир ер участкаси учун қайси бирида асосий фаолият турини ўзгартириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштириш мумкинлиги ва ҳоказолар аниқ ёзиб қўйилади.
Чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, ипакчилик, шунингдек, мева-сабзавот қайта ишловчи хўжалик юритувчи субъектлар учун улар жойлашган бино ва иншоотлар остидаги ер учун саноат тоифаси ставкаси бўйича ер солиғи ҳисобланади. Классификатор кучга киргандан сўнг улар қишлоқ хўжалиги ерлари каби солиққа тортилишга ўтадилар.
Бугунги кунда кўчмас мулкни бузиш учун компенсация тўлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бу харажатлар вилоят бюджетлари ҳисобидан қопланади, аммо баъзи ҳудудлар бюджетида маблағ етишмаслиги туфайли тадбиркор ўз пулини 5-6 йил кутади. Энди ерларни сотишдан тушган маблағлар биринчи навбатда тадбиркорларга бузилган иморатлар учун қарздорликни тўлашга йўналтирилади.
4. Молия соҳаси
Банкларга ислом молияси қоидалари бўйича ишлаш имконини берадиган қонун қабул қилишга тайёрланмоқда.
Давлат банклари босқичма-босқич йирик давлат корхоналарига кредит беришни тўхтатадилар. Йирик корхоналар эса чет эл молия бозорларидан мустақил равишда пул ресурсларини жалб қилиш учун трансформация қилинади. Масалан, "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзавтосаноат" аллақачон 1 млрд долларлик евробондлар чиқарган. НКМК ҳам еврооблигациялар чиқариш орқали маблағ жалб қилишга тайёрланмоқда. Ушбу чора-тадбирлар туфайли келгуси икки йил ичида банклар хусусий бизнесга камида 30 трлн сўм йўналтира оладилар.
Микрокредит суммаси 3 баробарга - 300 млн сўмгача оширилади. 100 млн сўмгача бўлган кредит қисми учун банклар гаров талаб қилмайдилар.
Микромолиявий ташкилотлар учун минимал устав капитали 50 млрд сўмгача камайтирилади, уларга чет эл валютасида тадбиркорларга хизмат кўрсатишга ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Янги нобанк институт - факторинг ташкилотлари ташкил этилмоқда. Улар тадбиркорларга чет эл валютасида молиявий хизматлар кўрсата оладилар. Бу жараёнда иштирок этаётган банклар, микромолиявий ташкилотлар, факторинг компаниялари ва тадбиркорлар учун ягона электрон факторинг платформаси ишга туширилади.
5. Ташқи савдо муносабатларини ривожлантириш
Импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун замонавий технологиялар керак. Бундай ускуналарни буюртма қилиш ва етказиб бериш кўп вақт талаб қилади. Агар харид қилинган ускуна 180 кун ичида келиб тушмаса, шартнома муддатидан қатъи назар муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келади. Ускуна келиб тушмагунча тадбиркорлар бошқа импорт шартномалари бўйича тўловларни амалга ошира олмайдилар, олдиндан тўловсиз экспорт қила олмайдилар, давлат томонидан белгиланган имтиёз ва субсидиялардан фойдалана олмайдилар.
Шунинг учун энди ускуна ва эҳтиёт қисмларни импорт қилишда, агар шартнома муддати бузилмаган бўлса, қарздорлик муддати ўтган деб ҳисобланмайди.
Маълум геосиёсий муаммолар туфайли сўнгги пайтларда Европага анъанавий транспорт йўналишлари бўйича юк ташиш чекланган эди. Ўз ташувчиларини қўллаб-қувватлаш учун транзит давлатлар Ўзбекистонга бераётган рухсатномалар сонини деярли 3 баробарга қисқартирдилар. Шу билан бирга, 28 та давлатдаги мавжуд 20 000 дан ортиқ рухсатномалар транспорт корхоналари томонидан ишлатилмайди. Шунинг учун Транспорт вазирлигига электрон логистика платформасини ишга тушириш топширилди, токи экспортчилар қайси транспорт корхонасида қанча рухсатнома борлигини кўриб, тўғридан-тўғри шартномалар тузишлари мумкин бўлсин.
6. Тадбиркор ва қонун
Тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган қонунбузарликлар даражаси белгиланмаган. Натижада баъзан тадбиркорлар фаолияти ҳатто арзимас камчиликлар туфайли ҳам тўхтатилади. Шунинг учун 1 ноябргача аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф даражаси бўйича мезонлар (қонунбузарликлар) реестри ишлаб чиқилади.
Президент реестрда бўлмаган мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор шахс жавобгарликка тортилишини огоҳлантирди.
Президент жиноий иш қўзғатиш учун асос бўладиган солиқ тўлашдан бўйин товлаш суммасини 2 баробарга ошириш (ҳозирги 100 млн сўмдан 200 млн сўмгача) таклифини киритди. Шунингдек, у тадбиркорлар бу енгилликдан суиистеъмол қилмасликларига умид билдирди.
Манба билан танишинг.
Очиқ мулоқот давомида айтилган бошқа ташаббуслар билан «O'zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali» Телеграм-каналида танишишингиз мумкин.
Buxgalter.uz тавсия қилади:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади