Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Россия компанияларининг “масофадан” ишлайдиган ходимларига ЖШДС ставкаси 30%гача оширилади
Қонун чиқарувчилар Россия компанияларига чет элда туриб ишлайдиган ходимлардан ЖШДСни 30% ставка бўйича ундириш мажбуриятини юклашни режалаштиришмоқда. Бундай қонун лойиҳаси РФ Давлат думасига киритилган. Агар у ўзгартиришсиз қабул қилинса, норма 2024 йил 1 январдан кучга киради.
Ставкани ошириш учун асос: “масофадан туриб” ишлайдиганлар даромадни ўзлари яшайдиган мамлакатда сарфлашлари боис, бинобарин, улар Россия компанияларининг маблағлари ҳисобидан чет давлатлар иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдилар.
Айни пайтда ЖШДС ставкаси қуйидагини ташкил этади:
- РФ солиқ резидентлари учун 13%;
- РФда ишлайдиган норезидентлар ва йиллик даромади 5 млн рублдан ортиқ бўлган резидентлар учун 15%;
- норезидентларнинг бошқа даромадлари учун 30%.
Оширилган солиқ ставкаси кетма-кет 12 ой давомида Россияда 183 кундан кам бўлган Россия компанияларининг ходимларига қўлланилади. Улар солиқ резидентлигини йўқотади ва шундан кейингина янги қонунга асосан уларнинг даромадларидан 13% эмас, балки 30% чегириб қолишади.
Бундан ташқари, бундай ходимлар ўзлари яшайдиган мамлакатда маҳаллий солиқларни тўлайдилар. Фақат яшаш мамлакати Россия билан иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида шартнома тузган тақдирда бундан қочиш мумкин. Ўзбекистон билан бундай битим – мавжуд.
Шунингдек, РФ Молия вазирлигининг тушунтиришича, тузатишлар меҳнат шартномалари бўйича ишлайдиган ходимларга дахл қилмайди, улар учун амалдаги солиқ шартлари ҳеч қандай тарзда ўзгармайди.
Сизга қуйидаги материаллар асқотиши мумкин:
- Чет эллик ходим Ўзбекистонда чет эл компанияси учун ишлаган ҳолда қандай солиқларни тўлайди;
- Чет элликнинг солиқ мақоми қандай аниқланади;
- Чет эллик ходимга иш ҳақи қандай тўланади;
- Иккиёқлама солиқ солиш тўғрисида халқаро шартномаларнинг қоидалари жисмоний шахслар-норезидентларга қандай қўлланилади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади