Харидорнинг касса чеки берилмаганлиги ҳақидаги шикояти нима билан тугайди

preview

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида SoliqUz иловасининг «Солиқ ҳамкори» тизими орқали Солиқ қўмитасига келиб тушган 17 800 та мурожаатнинг 16 646 таси касса чеки берилмаганлиги ҳақида. Бундай мурожаатларнинг ярми рад этилади, чунки улар ё такрорий мурожаат ёхуд ушбу тадбиркорлик субъектига нисбатан аллақачон текширув ўтказилаётган бўлади. Бошқа ҳолларда сайёр солиқ текшируви тайинланади. Январь-февраль ойларида сайёр текширувлар давомида 99,4% ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланди.

Агар тадбиркор чек бермаганлиги тўғрисида шикоят келиб тушган бўлса, текшириш қандай ўтказилади:

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Сайёр солиқ текшируви 7.01.2021 йилдаги 1-сонли ВМҚга мувофиқ харидорлар билан пулли ҳисоб-китобларда назорат-касса техникасидан (НКТ) фойдаланиш предметига ўтказилади.

Текширув солиқ тўловчи савдо ёки хизматлар амалга оширилаётган  жойда ўтказилади. Шунингдек, назорат хариди тайинланиши ҳам мумкин . Бу албатта видеотасвирга олинади .

Агар шикоятга видеоёзув илова қилинган бўлса, солиқчилар назорат харидини амалга оширмайди .  

Сайёр солиқ текшируви буйруқ асосида ўтказилади

Буйруқда қуйидагилар акс эттирилиши керак:

  • солиқ тўловчининг номи;
  • текширувчи шахсларнинг Ф.И.Ш. ҳамда лавозими;
  • текширувларни ўтказиш муддати;
  • текширув ўтказиш мақсадлари;
  • Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимидаги рўйхатга олиш рақами.

 

 

Эътибор беринг
Сайёр солиқ текшируви доирасида уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган масалаларгина текширилади. Сиздан сайёр солиқ текшируви предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди .

 

Чек берилмаганлиги ҳақидаги шикоятга кўра, солиқчилар қуйидагиларни текширишлари мумкин :

  • сиз фойдаланаётган НКТ қонунчилик талабларга жавоб берадими;
  • сотувчи харидорларга НКТ чекларини ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни берадими;
  • сотувчи банк карталари орқали тўловларни қандай қабул қилади, харидорларга тўлов терминаллари чеклари ва НКТ чекларини берадими;
  • реализация қилинаётган товарлар ёки хизматлар нархларининг улар учун тўлов шаклига қараб: нақд пул ёки пластик карталар, сунъий равишда оширилиши ёки камайтирилиши ҳолатлари йўқми.

Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади .

 

Назорат хариди

Солиқчилар назорат харидини ўтказишда нақд пул маблағлари ва банк пластик карталаридаги маблағлардан ҳам фойдаланишлари мумкин .

Солиқчилар сайёр солиқ текширувини ўтказишда назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши бўйича кўрсатма бериш учун товар ёки хизматни харид қилган, текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган ҳар қандай вояга етган шахсларни жалб қилишлари мумкин .

Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича баённома расмийлаштирилади ва сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахс, назорат харидини амалга оширган шахс ва текширилаётган шахс томонидан имзоланади .

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси солиқ тўловчига баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади. Агар солиқ тўловчи назорат харидини ўтказиш баённомасига имзо чекишдан ва (ёки) унинг нусхасини олишдан бош тортса, сайёр солиқ текширувини ўтказувчи баённомага бу ҳақида тегишли ёзув киритади .

Сайёр солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчининг кассасида мавжуд нақд пул қолдиғи саноқдан ўтказилади ва нақд пул қолдиғини саноқдан ўтказиш далолатномаси тузилади. Далолатномада НКТда акс эттирилган кассадаги нақд пул қолдиғи суммаси ва  пул тушуми кўрсатилади .

Солиқ тўловчи томонидан бошқа солиқ тўловчига тегишли назорат-касса техникаси ёки ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текшируви далолатномасида уларнинг русуми ва завод рақами тўғрисидаги маълумот акс эттирилади, шунингдек харид чеки илова қилинади .

Техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса техникаси мавжудлиги аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текширувини ўтказувчилар баённома тузади ва ушбу назорат-касса техникаси экспертизадан ўтказиш учун вақтинча олиб қўйилади .

Назорат хариди ўтказилгандан кейин назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағларини текширилган солиқ тўловчи текширувчиларга қайтариши керак, харид қилинган товарлар эса текширилувчига (унинг вакилига) қайтариб берилади. Бундан қайтариш имкони бўлмаган назорат хариди предметлари мустасно .

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади