Полезное для бухгалтера в декабре:
Фойда солиғини тўлаш осонлашади
Фойда солиғи бўйича асосан солиқ ставкаларига, шунингдек чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар таркибига ўзгартиришлар киритилди. 24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонун билан Солиқ кодексига киритилган тузатишлардан шундай хулосага келиш мумкин.
Янги ставкалар
2019 йилда аксарият юридик шахслар учун фойда солиғи ставкалари пасайтирилади:
- тижорат банклари учун – 22%дан 20%гача;
- қолган юридик шахслар учун (айримларни истисно этганда) – 14%дан 12%гача.
Солиқ ставкаларининг пасайтирилиши уни тўловчилар зиммасидаги солиқ юкини камайтиради, бўшаган маблағларни корхонани ривожлантиришга ва инвестицияларга йўналтириш имконини беради.
Айни пайтда цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ ставкалари 14%дан 20%гача оширилади.
Рентабеллик даражасига қараб табақалаштирилган ставкаларга (14% ва 50%) эга бўлган уяли алоқа операторлари учун фойда солиғининг ягона ставкаси – 20% жорий этилмоқда.
Харажатлар: буниси – мумкин, буниси эса – мумкин эмас
Чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Бугунги кунда солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегириладиган харажатлар рўйхати батафсил ҳисобланади (Солиқ кодексининг 142–146-моддалари). Чегирилмайдиган харажатлар рўйхати эса – аксинча, очиқ (Солиқ кодексининг 147-моддаси).
2019 йилдан бошлаб чегирилмайдиган харажатлар рўйхати батафсил, чегириладиган харажатларники эса очиқ бўлади. Бу солиқ солинадиган базани аниқлашни анча соддалаштириш, демак, солиқни ҳисоблаб чиқаришда хатоларга йўл қўймаслик ва текширишларда низоли масалалар юзага келмаслиги имконини беради.
Чегириладиган харажатларнинг айрим моддалари таърифларига қуйидаги тузатишлар киритилмоқда:
- вакиллик харажатлари бўйича чекловлар олиб ташланди (Солиқ кодексининг 145-моддаси 11-банди). Илгари чегириладиган харажатлар таркибидаги уларнинг суммаси ҚҚС ва акциз солиғини киритган ҳолда маҳсулотни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш тушуми ҳажмининг бир фоизидан ошиши мумкин эмас эди;
- суткалик харажатлар бўйича чекловлар олиб ташланди;
- жисмоний шахслар фойдасига тўланадиган суғурта мукофотлари суммалари бўйича чекловлар олиб ташланди (Солиқ кодексининг 145-моддаси 32-банди). Илгари чегириладиган харажатларни аниқлаш учун норма товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ҚҚС ва акциз солиғини қўшган ҳолда тушган тушум ҳажмининг икки фоизини ташкил этарди;
- меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича барча тўловлар энди чегириладиган харажатларга киритилади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 55-банди);
- шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишларини бажариш учун харажатлар чегириладиган харажатлардан чиқариб ташланди. Ушбу харажатлар чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритилди;
- ишлатиб келинаётган тўлиқ эскирган асбоб-ускуна учун тўланадиган ҳақ чегириладиган харажатлар рўйхатидан чиқариб ташланди.
Чегирилмайдиган харажатларнинг (Солиқ кодексининг 147-моддаси) айрим моддалари таърифларига тузатишлар киритилмоқда:
- бадаллар, ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлар, уларни ким олишидан қатъи назар, чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади.
Илгари олувчилар рўйхати белгиланган эди.
- суд чиқимлари чиқариб ташланди;
- аввалги изоҳлар билан асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарарларгина чегирилмайдиган харажатларга киради. Бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарарлар чегирилмайдиган харажатлар таркибидан чиқариб ташланди;
Чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига қуйидагилар қўшилди:
- Ўзбекистон норезидентлари ва бошқа шахслар учун тўланган солиқлар;
- текширувлар натижаларига кўра қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;
- солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлмаган тадбирлар (соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият тадбирлари, дам олишни ташкил этиш ва ҳоказо) учун харажатлар;
- касаба уюшмаси қўмиталарига ёрдам кўрсатиш;
- маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган ишларни (хизматларни) бажариш учун харажатлар (шаҳарлар ва шаҳарчаларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалигига ёрдам кўрсатиш ва бошқа турдаги ишлар).
Янги ставкалар бўйича амортизация
2019 йилдан бошлаб солиқ солиш мақсадлари учун амортизация ставкалари айрим тоифадаги асосий воситалар бўйича мол-мулкдан фойдаланиш муддатидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилди ва қуйидаги миқдорларда белгиланди:
- бинолар ва иморатлар – 3%;
- иншоотлар – 5%;
- темир йўлнинг ҳаракатдаги таркиби, денгиз, дарё кемалари, балиқчилик саноати кемалари, ҳаво транспорти – 4%.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Солиқ кодексида асосий воситаларнинг ушбу тоифалари учун амортизациянинг қуйидаги энг юқори нормалари белгиланган (Солиқ кодексининг 144-моддаси):
- бинолар, иморатлар ва иншоотлар – 5%;
- темир йўлнинг ҳаракатдаги таркиби, денгиз, дарё кемалари, балиқчилик саноати кемалари, ҳаво транспорти – 8%.
Амортизация нормаларининг пасайтирилиши харажатлар қисқариши ва фойда кўпайишига, демак, фойда солиғи ошишига олиб келади.
Ўзбекистон резидентларининг халқаро облигациялари бўйича даромадларидан солиқ тўланмайди
Мазкур имтиёз хорижий инвесторларни жалб этиш, Ўзбекистон корхоналари чиқарадиган ва халқаро бозорларда жойлаштирадиган қимматли қоғозлар жозибадорлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда.
Илгари давлат мақсадли жамғармаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ташкил қилинадиган бюджетдан ташқари жамғармаларнинг вақтинча бўш маблағларини молия бозорларида жойлаштиришдан фоизлар фойда солиғидан озод қилинар эди. 2019 йил 1 апрелдан ушбу норма бекор қилинади.
Дивидендлар ва фоизлардан солиқ ставкаси пасайтирилади
Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга уларни тўлаш манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 156, 184-моддалари). Бугунги кунда ушбу даромадлар бўйича солиқ ставкаси, уларни ким – юридик ёки жисмоний шахс олишидан қатъи назар, 10%ни ташкил этади.
2019 йилдан дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга солиқ ставкаси 5%гача пасайтирилади. Юридик шахслар учун ҳам, жисмоний шахслар учун ҳам тўлов манбаида солиқ солиш тартиби сақланиб қолади.
Норезидентлар учун дивидендлар ва фоизларга солиқ ставкаси 10% миқдорида сақланиб қолади.
Норезидентларнинг бошқа турдаги даромадлари бўйича ставкалар ҳам ўзгартиришсиз қолдирилади.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.
«Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.