Полезное для бухгалтера в декабре:
Мавзули экспресс-ўрганишлар муддати етти кунгача узайтирилди
Солиқ кодексига киритилган тузатишларга мувофиқ ўрганишлар солиқ назорати шакллари рўйхатига киритилди (Солиқ кодексининг 67-моддаси).
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 27 июндан ДСХО камерал назорат натижаси бўйича экспресс-ўрганишларни амалга оширишга ҳақли (26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорнинг 7-банди). Мақсад – солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда унинг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш.
Ўрганишлар текширувлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Фарқи – расмий қисмида. Солиқ органлари томонидан ўтказиладиган ўрганишлар прокуратура билан келишилмайди ҳамда маълумотлар Текширувларни электрон рўйхатдан ўтказиш ягона тизимига киритилмайди. Ўрганишлар натижалари камерал назорат материалларига қўшиб қўйилади ва солиқ тўловчи аниқланган ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда тузатиши мумкин бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан ноябрь ойида Ўрганишларни ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган эди (27.11.2018 йилдаги 965-сон ВМҚга қаранг). У 2019 йил 4 мартдан кучга киради. Ҳукумат қарорига берилган шарҳда у билан батафсил танишиш мумкин.
Олий Мажлисда қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида мавзули экспресс-ўрганишлар тартиби қайта ишланди.
Қабул қилинган Солиқ кодексига тузатишлар илгари қабул қилинган қонуности ҳужжатларига зид эмас, бироқ мавзули экспресс-ўрганишлар муддати 5 кундан 7 кунгача узайтирилди.
Бундан ташқари, Низомда акс эттирилган солиқ органларининг қуйидаги 3 та муҳим ваколати кодексга киритилмаган:
- солиқ тўловчига тегишли объектларни, солиқ тўловчи томонидан ТМЗ масъул сақлашга берилган ҳолларда эса комитент/комиссионер ва масъул сақловчиларнинг омборларини кўздан кечириш;
- солиқ тўловчида тўлиқ ёки танлов асосида инвентаризацияни ўтказиш;
- текширувлар тайинлаш мақсадида ўрганишлар натижаларини тахлика-таҳлил тизимига киритиш.
Низом Солиқ кодекси доирасидан чиққанлиги ва фақат 2019 йил 4 мартдан кучга киришини ҳисобга олган ҳолда, мазкур қисмга тузатишлар киритилиши мумкин.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.
Самир Латипов.
«Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.