Полезное для бухгалтера в ноябре:
Пенсия тўловлари нега кечикди, Нumo карталарини нима қилиш керак
Май ойидан давлат пенсия ва нафақаларни пластик карталарда тўлай бошлади. Бунда пенсионерлар турли тизим (Uzcard, Нumo) ва банкларнинг (Халқ банки, бошқа тижорат банклари) карточкаларини олдилар ёки яқин кунларда оладилар. Buxgalter.uz пенсия тўловлари кечикиши сабабларини, олинган карточка қандайдир сабабларга кўра мақбул келмаса, нима қилиш кераклигини аниқлади.
Тўловлар кечиккани ҳақида
Яқинда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси сайтида иккита материал эълон қилинди. Улардан бири – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг қўшма мурожаати. Унда айтилишича, Халқ банки Тошкент, Нукус ва вилоят марказларидаги барча пенсионерлар ва нафақа олувчилар учун пластик карталар очган. Пенсия жамғармаси эса уларга 1,4 трлн сўм миқдоридаги маблағлар тўланишини молиялаштирган.
Муассасалар пенсия тўловлари кечикишининг иккита сабабини кўрсатдилар:
- ойнинг илк кунлари дам олиш кунларига тўғри келган, фақат 4 майдан бошлаб тўловлар тўлана бошлаган;
- Халқ банки электрон ахборот тизимига тушган юк оғирлик қилган: унда бир вақтнинг ўзида 480 мингдан ортиқ пенсионерларнинг карталарига маблағ ўтказилган.
Мурожаат муаллифлари пенсионерлар ва имтиёз олувчиларга етказилган ноқулайликлар учун улардан узр сўрадилар.
Мурожаатда хоҳишга кўра ушбу карточкалардаги маблағларни нақдлаштириш мумкинлиги ҳам айтилган. Банкомат ва кассалардаги нақд пуллар стерилланади. Пенсия ва нафақалар тўланишига оид барча саволлар билан 1106 ва 1140 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин. Бироқ яқин кунларда қўнғироқ қилиб уланиш осон бўлмайди, линияга катта босим тушмоқда.
Карточкалар ва келгуси тўловлар ҳақида
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот хизматининг бошқа материалида ишловчи пенсионер ва тадбиркорларга мурожаат қилинган. Унда айтилишича, май ойидан бошлаб барча ишловчи пенсионерлар пенсияларини бевосита бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан – тижорат банклари берган банк карталарида оладилар. Бу корхона ва ташкилотлар бухгалтерлари, пенсионерларнинг ўзи ва Пенсия жамғармасини ишловчи пенсионерларга пенсия ва нафақалар тўлашга оид аввалги тартиб-таомил билан боғлиқ кўпгина оворагарчиликлардан халос этади.
Шунингдек май ойида ишловчи пенсионерлар апрель ва май ойлари учун пенсияларни карточкада олишлари айтилган, бу иш ҳақи ва пенсияларни тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Келгусида барча пенсионерлар пенсияни одатдагидек – жорий ой учун ой бошида оладилар. Иш берувчилардан апрель ойи учун пенсия олганлар нима қилишлари кераклиги ҳақида buxgalter.uz бу ерда ёзган.
ПЖ қуйидаги тўловлар тўланиши учун корхоналар бундан кейин ҳам Пенсия жамғармасига буюртманома беришлари кераклигини эслатиб ўтади:
- бирйўла бериладиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари;
- дафн этиш маросими учун бериладиган нафақалар;
- 16 ёшга тўлмаган ногирон болаларнинг ота-оналарига қўшимча дам олиш кунлари учун;
- пенсия тайинланмаган, бироқ уй-жой-коммунал хизматлар бўйича компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлганлар учун компенсациялар.
Нима учун айнан Нumo?
Нumo тўлов тизими Uzcard тизими билан рақобатни таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Ҳар қандай соҳада монополия бўлиши мақбул ҳолат эмас, муқобил тизим бўлиши шарт. Бу тарифлар, хизмат кўрсатиш сифати ва умуман пластик карточкалар қўлланаган тўлов соҳаси ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Янги тизимни жорий этишда битта хатога йўл қўйилди: пенсионерлардан улар Нumo ёки бошқа картани олишни хоҳлашларини сўрамадилар. Бу муайян тушунмовчиликлар юзага келишига ва эътирозларга олиб келди.
Амалда пенсионер ҳузурига унинг номига чиқарилган тайёр карточка билан келиб, унга хизмат кўрсатиш шартномасини имзолашни сўрамоқдалар. Карталарни тақсимлаш жараёни қандай кечгани ҳақидаги саволга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидагилар: «бу саволни Марказий банкка беринг» дея жавоб бердилар.
Buxgalter.uz Марказий банкнинг ахборот хизматига мурожаат қилиб, яқин орада мутахассислар шарҳини тақдим этишга розилик олди.
Халқ банкининг пластик карточкалар департаменти мутахассиси Жасур ШЕРАЛИЕВ, ўз навбатида, қисқа муддатларда жуда кўп миқдорда карточка чиқариш керак бўлгани сабабли тақсимот автоматик режимда амалга оширилганини маълум қилди.
Жасур Шералиевнинг сўзларига қараганда, пенсионер Халқ банки чиқарган Нumo картасини Uzcard га ёки, аксинча, Uzcard ни Нumo га алмаштирмоқчи бўлса, 71 200-00-55 телефон рақами орқали ёки яшаш жойидаги Халқ банки филиалига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Янги карточка 3 кун ичида чиқарилади.
Олег ГАЕВОЙ.