Ходимни мунтазам “касаллик варақаси”да бўлиши учун ишдан бўшатиш мумкинми?

preview

“Ходим тез-тез касал бўлади ва деярли “касаллик варақаси”да ўтирибди. Табиийки, у ўз функцияларини барқарор бажара олмайди. Шахс қанча узоқ муддат “бюллетенда” бўлиши мумкин? Биз уни соғлиғи ҳолатига кўра ишдан бўшатишимиз мумкинми?”

Иш берувчи қандай асосларга биноан “сурункали-лаёқатсиз” ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:

- Касаллик ва шикастланганлик бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақалари меҳнатга лаёқатсиз шахс мурожаат қилган ёхуд даволанган даволаш-профилактика муассасаси (ДПМ) томонидан меҳнатга лаёқатсизлик аниқланган кундан бошлаб берилади .

Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача “касаллик варақаси” беришга ҳақли. Кейинчалик унинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар 10 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади . Бироқ бу бюллетенни чексиз узайтириш мумкинлигини англатмайди. Муайян муддатлардан кейин  бемор тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (ТМЭК) юборилади :

  • айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узлуксиз 4 ойни ташкил қилса (сил касаллиги биринчи марта аниқланганда – 10 ой, у кучайганда – 6 ой);
  • айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан бир йил мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса.

Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар ушбу муддатлар ўтмасдан туриб ҳам ТМЭКга юборилиши мумкин.

Бемор ТМЭКга юборилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддати тўхтатилади. Бемор ҳужжатлари ТМЭКда қабул қилинган кундан бошлаб 2 ҳафта муддатда тиббий кўрик ўтказилади. ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган бўлса, лекин у ҳануз меҳнатга лаёқатсиз бўлса, “касаллик варақаси” ДПМ томонидан унинг меҳнат қобилияти тиклангунга қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади .

Эътибор беринг
Агар сизнинг ходимингиз тез-тез ва узоқ касалланса, ДПМ бош шифокорининг буйруғи асосида у муайян шифокорга бириктирилади, ушбу шифокор томонидан бюллетень берилади. Бу ҳақда ДПМ сизнинг ташкилотингизни хабардор қилади .

Агар сизда мунтазам касалланадиган ходим  бўлса ёки сизнинг у “касаллик варақаси”ни суиистеъмол қилаётганлиги юзасидан гумонингиз бўлса, сиз ҳар доим тегишли ДПМга иш берувчи ташкилот номидан ёзма ёки электрон мурожаат юборишингиз мумкин. Мурожаатда касалликнинг тавсифи, “касаллик варақаси”ни узайтириш муддатлари ва ходим ТМЭКга юборилиши юзасидан саволлар беринг. ДПМ сизнинг аризангизни 15 кун ичида кўриб чиқиши ва жавоб бериши шарт (“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси).

Агар ходим ТМЭКга юборилган бўлса, хулосани олинг ва тавсия берилган қисмини диққат билан ўрганинг. Ва агар у ерда ходимга эгаллаб турган лавозими, касби ёки мутахассислиги бўйича ишларни бажаришига қарши кўрсатма мавжуд бўлса ёки меҳнат жамоаси аъзолари ёхуд улар хизмат кўрсатаётган фуқаролар учун хавфли бўлса, бу – МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига биноан ишдан бўшатиш учун асос – “ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши” .

Эътибор беринг
Ходим соғлиғининг ёмонлашишининг ўзи (жумладан тез-тез ва узоқ давр вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик) ёки ногиронлик белгиланиши МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига биноан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун етарли сабаб бўлиб хизмат қилмайди.

“Соғлиғи ҳолатига кўра” ишдан бўшатишдан олдин, иш берувчи ходимга тиббий тавсияга мувофиқ у бажара оладиган ишни таклиф қилиши шарт . Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин .

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /ul/publish/doc/text165624_hodimni_muntazam_kasallik_varaqasida_bulishi_uchun_ishdan_bushatish_mumkinmi