Полезное для бухгалтера в декабре:
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиби ўзгарди
2021 йил 1 октябрдан бошлаб 17.09.2021 йилдаги “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги 579-сон ВМҚга мувофиқ янги қоидалар жорий этилмоқда.
Ҳужжатга асосан:
- барча шаҳарсозлик ҳужжатлари объектларнинг хавф-хатарлар тоифаларининг таснифига мувофиқ "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади;
- давлат бюджети ва унга тенглаштирилган манбалар, давлат ва давлат ташкилотлари кафолатлари остида олинган ташқи инвестиция маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳа ҳужжатлари "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
- бошқа объектлар лойиҳа ҳужжатлари объектлар хавф-хатарлар тоифаларининг таснифига мувофиқ аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари (юридик шахслар), "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;
- лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий экспертиза хулосаси эксперт ташкилоти томонидан ахборот тизимининг "Экспертиза хулосаларининг ягона реестри"га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади;
- эксперт ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказганлик учун хизматлар ҳақини табақалаштирилган тартибда ҳисоблаш тизими жорий этилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари сметасида қўлланилган ресурслар нархлари бўйича экспертиза хулосасини тайёрлашда қурилиш материалларининг жорий нархлари, машина ва механизмлар хизмати учун ўртача нархлар ҳамда ўртача иш ҳақи тўғрисидаги давлат статистика маълумотларидан фойдаланиш услубиёти қўлланилади, уни ишлаб чиқишлари ва жорий этишлари лозим.
Шунингдек, Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг лойиҳавий ечимларини шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У ҳужжатларни шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, зилзилабардошлик, муҳандислик изланишлар, энергия самарадорлиги кўрсаткичлари, ёнғинга қарши ҳамда экологик нормалар ва қоидаларга, санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига мувофиқлигини текширишни регламентлайди.
Қуйидагилар учун лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш мажбурий эмас:
- мавсумий ишлар учун вақтинча ва маиший бинолар;
- 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;
- 2 қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
- жорий таъмирланадиган бинолар, иншоотлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2021 йилдан кучга кирди.
Norma.uz материаллари асосида