Камайиш томонга аниқлаштирилган ҳисоботни топшириш

preview

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи кўрсаткичлари камайиш томонга тузатилса, бухгалтер нимага солиқ солиш базасининг камайиши рўй берганлигини тушунтириб бериш илтимоси билан хабар олади.

У айнан нимани амалга оширишига тўғри келишини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ва “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА тушунтириб беришди:

 

– Бундай хабарнинг ўзи сиз қайта ҳисоб-китобни амалга ошира олмаслигингизни билдирмайди. Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шакл бўйича тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас .

Агар солиқ тўловчи солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати (5 йил) мобайнида солиқ ҳисоб-китобида хатоларни мустақил равишда аниқлаган бўлса, у:

  • агар солиқ камайишига олиб келган бўлса, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этиши шарт ;
  • агар солиқ хато тарзда ошириб кўрсатилган бўлса, уни тақдим этишга ҳақли .

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботида солиқ суммаси камайиш томонга ўзгарса, у тақдим этилган кундан бошлаб:

  • солиқ тўловчининг шахсий ҳисоб карточкасида (ШҲК) солиқ суммасининг оғиш миқдорига камайиши акс эттирилади;
  • ҳосил бўлган ортиқча тўланган солиқ суммаси ҳисобга олиниши ёки СКда белгиланган тартибда қайтарилиши лозим.

 

Солиқ органларининг хабарига қандай жавоб бериш керак

ДСИга солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Мурожаат юбориш” хизмати ёрдамида тушунтиришлар билан хат йўлланг. Хатда қайта ҳисоб-китобнинг ҳақиқий сабабини кўрсатинг. Масалан:

  • бухгалтернинг хатоси (ортиқча ноль қўйдингиз ёки суммани киритишда тийинни ажратмадингиз);
  • айни бир ҳисобварақ-фактуранинг суммасини икки марта кўрсатдингиз;
  • қўлда ёзиладиган сатрда имтиёз суммасини кўрсатишни унутдингиз;
  • аудиторлик текшируви якунлари бўйича қайта ҳисоб-китоб;
  • бухгалтерия ҳисобини тиклаш натижасида қайта ҳисоб-китоб ва ҳоказо.

Хатга рўйхат рақами берилади ва ижрочи белгиланади (сиз  унинг телефон рақамини кўрасиз).

Кўрсатилган рақам бўйича қўнғироқ қилиш ортиқча бўлмайди: эҳтимол, ижрочида сиз тезкор тарзда жавоб беришингиз мумкин бўлган саволлар туғилиши мумкин.

Сўнгра, ДСИнинг камерал бўлими сизнинг аниқлаштирилган ҳисоботингизни кўриб чиқади. Қайта ҳисоб-китоб “қабул қилинди” ҳолатини олгач, ШҲКда сизнинг кўрсаткичларингиз ҳам автоматик тарзда ўзгаради.

Ушбу барча босқичлардан ўтгач, сиз солиқ органига келмасдан қайта ҳисоб-китобни муваффақиятли топширасиз.

 

ЭҲФ ва контрагентлар билан қандай йўл тутиш керак

Аниқлаштирилган ҳисобот кўпинча контрагентларнинг ҳисоботига дахл қилади. Шунингдек, солиқ ҳисоботини топшириш даврида тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактуралар битимнинг иккала тарафининг фаолиятини мураккаблаштиради.

Масалан:

  • сиз ЭҲФни 10-санада тақдим этдингиз, контрагентингиз эса солиқлар бўйича ҳисобот топширишга улгурган ва ҳисоботни қайта топширишни истамаяпти;
  • ёки сизга ЭҲФ тақдим этишди, сиз эса аллақачон ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботни топшириб бўлгансиз. Ушбу ЭҲФни имзолаган ҳолда сиз ўз солиқ ҳисоботингизни қайта топширишга мажбур бўласиз

СКнинг 83-моддаси 4-қисмида айтилишича: агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

     1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

     2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Бироқ агар солиқ тўловчида ЭҲФ тақдим этишнинг техник имконияти бўлмаса, ушбу норма ишламайди. Масалан - агар солиқ органларининг тизими қайсидир даврда буни амалга ошириш имконини бермаса.

Яъни ҳақиқатда СКнинг 83-моддаси аниқлаштирилган ҳисобот қисмида фақат 10-санага қадар олдинги ой учун ЭҲФ тақдим этишнинг сўнгги муддатларига қадар (ёхуд муайян ҳолларда - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар) ишлайди. Агар сиз ЭҲФ тақдим этишнинг сўнгги муддатларидан кейин ниманидир тузатишни хоҳласангиз, энди солиқчиларнинг ёрдамисиз бунинг имкони йўқ. Камерал бўлими инспекторига “кечиктирилган” ЭҲФни тақдим этишнинг асосланганлигини ва солиқ ҳисоботини қайта топшириш сабабларини исботлашга тўғри келади.

СКнинг 83-моддаси 4-қисмида назарда тутилган норма тўлиқ ишлаши ва ижро этилиши учун бундай вазиятлар учун солиқ маъмуриятчилигини тузиш ва НҲҲга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Эҳтимол - Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга ушбу мақсадлар учун СКнинг 83-моддаси 4-қисми қўлланилган тақдирда ЭҲФни белгиланган муддатлардан кейин тақдим этишга рухсат берадиган қўшимча киритиш лозим. Ва бу ҳолда контрагент ҚҚС қисмида ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги ҳақида.

 

 

Солиқ мажбуриятларини бажариш Солиқ мажбуриятларини бажариш Солиқ мажбуриятларини бажариш /ul/publish/doc/text181525_kamayish_tomonga_aniqlashtirilgan_hisobotni_topshirish