Полезное для бухгалтера в декабре:
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиб, қандай имтиёзларни олиш мумкин
“Хусусий уйда қуёш сув иситиш тизими ўрнатилган. Унинг учун субсидия олиш мумкими?”
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатганлар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича қандай имтиёзлар назарда тутилганлигини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларини прогнозлаштириш департаменти бош мутахассиси Муҳиддин ХОЛМУРОДОВ тушунтирди:
Харажатларни компенсация қилиш
– 2020 йил 1 январдан қуйидагилар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади :
а) жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари (3 млн сўмдан ошмайдиган миқдорда), қуёш сув иситкичлари (1,5 млн сўмдан ошмайдиган миқдорда) ва энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни (200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда) сотиб олиш харажатларининг 30%и миқдорида компенсациялар тақдим этиш;
б) қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишга тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга компенсацияларни тақдим этиш. Шу жумладан – жисмоний шахсларга - 500 млн сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича - Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида (бироқ 8 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда).
Мазкур масала бўйича маҳаллий молия органига мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
Солиқ имтиёзлари
Турар жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг мулки мол-мулк солиғи ва ер солиғи солишдан озод қилинади. Иккала имтиёз:
- ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган тақдирда қўлланилади;
- қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан 3 йил муддат давомида амал қилади;
- энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида тақдим этилади .
Солиқ имтиёзларига бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш учун энергия таъминоти ташкилотининг тегишли маълумотномасини олинг ва кўчмас мулк жойлашган жойдаги солиқ органига мурожаат қилинг.
2022 йил 9 сентябрь куни Президент томонидан “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-220-сон Фармон имзоланди.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб:
- жисмоний шахслар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин;
- шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва уларнинг қийматини тўлиқ тўлаган шахсларга давлат томонидан харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади. Компенсация миқдори – қурилманинг қувватига боғлиқ ҳолда –БҲМнинг 5 бараваридан 50 бараваригача.