Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ким солиқлар ва пеняни кечиктириб тўлай олмайди
ДСҚ my3.soliq.uz сайтидаги интерактив хизмат ёрдамида қандай қилиб солиқ, пеня ва жарималарни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконига эга бўлиш юзасидан тушунтириш берди. Бироқ, ҳар қандай солиқ тўловчи бундай имкониятга эга бўлолмайди.
Buxgalter.uz тафсилотларга аниқлик киритди:
ДСҚ улар бўйича кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида қарор қабул қиладиган солиқларнинг рўйхати СК 99-м. белгиланган. ДСҚ ушбу солиқлар бўйича мажбуриятларни бажариш чоғида ҳисобланган пеня ва жарималарни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳам ҳақли . Бундай ҳолларда солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш 1 йилдан ошмаган муддатга берилади .
Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш қоидалари СК 11-бобида белгиланган.
Солиқларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконига эга бўлиш учун my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетдаги «Солиқ қарзларини бўлиб-бўлиб тўлаш ёки кечиктириш» интерактив хизмати ёрдамида ДСҚга ариза беринг (солиқ мажбуриятларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш). Буни қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг:
Бундай аризани битта ёки бир нечта солиқ бўйича бериш мумкин .
Қарз миқдори аҳамиятга эгами?
Бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ёки солиқ тўловчи томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги сабабли мажбуриятларни бажариб бўлмайдиган ҳоллардан ташқари, солиқни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидагиларга берилиши мумкин :
1) юридик шахсларга – уларнинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага;
2) жисмоний шахсларга – уларнинг мол-мулки қийматидан ошмайдиган суммага (қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно).
СКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бутун солиқ суммасига ёки унинг бир қисмига нисбатан – қарз суммасига фоизларни ҳисоблаган ҳолда тўлаш муддатини ўзгартириш мумкин .
Солиқ тўлаш муддатининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва янги мажбуриятларни вужудга келтирмайди .
Солиқ органининг қарорига кўра солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш, агар СКда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, СКнинг 107–109-м.м. мувофиқ мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин .
Ким солиқларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга даъвогарлик қила олади
1. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ аудити натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар, пеня ва жарималарни текширув якунлари юзасидан қарор кучга кирган кундан эътиборан 6 ой мобайнида тенг улушларда тўлашга ҳақли .
2. Шунингдек солиқни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти хўжалик юритувчи шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни (пеняни, жаримани) белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, берилиши мумкин. Бироқ, бунда бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида қарзни тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлиши лозим .
Бу ҳолда солиқ тўловчига солиқларни ёки молиявий санкцияларни тўлаш муддатларини ортга суришга рухсат беришлари учун қуйидаги асослардан биттаси етарли :
1) табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги;
2) бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ёки солиқ тўловчи томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги;
3) солиқни бир йўла тўлаш оқибатида ночорлик (банкротлик) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганлиги;
4) солиқ тўловчи фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётганлиги ҳамда солиқларни ўз вақтида тўлаб келганлиги, аммо молиявий аҳволига кўра айни пайтда солиқ қарзини белгиланган муддатларда тўлаш имкониятига эга бўлмаганлиги;
5) солиқ тўловчи СК 101-м. 1-қ. биноан солиқларни тўлашни кечиктириш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарномани ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 3 ой ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборган бўлса;
6) жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этиши;
7) солиқ тўловчи томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга эканлиги.
Бундай вазиятларда қарз суммасига фоизлар ҳисобланмайди .
Солиқларни тўлаш муддатларини қачон ўзгартириб бўлмайди
Солиқ тўловчига нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилаётган бўлса, унинг илтимоси рад этилади :
1) солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса;
2) солиқ тўловчи муддатларни ўзгартиришдан пул маблағларини ёки солиқ солиш объектларини яшириш учун фойдаланишини ёки доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса;
3) солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ариза берган кундан олдинги 3 йил мобайнида унинг шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса;
4) банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса;
5) солиқ тўловчи СК 101-м. 1-қ. биноан солиқ тўлашни кечиктириш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарномани ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 3 ой ичида солиқ органларига юборган, бироқ юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган бўлса;
6) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига нисбатан солиқ тўлашни кечиктириш сўралган бўлса.
Кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин эмас, қабул қилинган қарор эса бекор қилиниши лозим.
Муддатларни ўзгартириш тўғрисидаги қарор қачон тугатилиши мумкин
Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши тугатилади :
- қарорнинг амал қилиш муддати ўтганидан кейин;
- қарз ва у бўйича фоизлар белгиланган муддат ўтгунга қадар тўланган тақдирда;
- солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш шартлари бузилганда – солиқ органининг қарорига кўра. Солиқ тўловчи у қабул қилинган кундан эътиборан 5 кун ичида бундай қарор ҳақида хабарнома олади ва унинг устидан шикоят қилиши мумкин .
Манбага қаранг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.