Полезное для бухгалтера в декабре:
Амортизацияни нотўғри ҳисобладингиз, муддати ўтган қарзни ҳисобдан чиқармадингиз ёки бошқа хатоларни содир этдингиз: уларни қандай тузатиш мумкин
Амалиётда бухгалтер хато содир этадиган, бироқ уларни кейинги ҳисобот даврларида аниқлайдиган вазиятлар кўп учрайди. Масалан, муддати ўтган қарз даромадларга (харажатларга) ҳисобдан чиқарилмаган, ҳисобда инвентаризация чоғида аниқланган мол-мулкнинг ортиқчаси (камомади) акс эттирилмаган ёки бошқа хатолар. Уларни бухгалтерия ва солиқ ҳисобида қандай тузатишни “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди.
Бухгалтерия ҳисоби
Жорий йил ҳамда ўтган йилларнинг тасдиқланган молиявий ҳисоботларидаги хатоларни тузатишни ушбу хатолар аниқланган жорий даврда акс эттиринг . Хатони тузатиш тартиби у муҳим (фундаментал) эканлиги ёки бундай эмаслигига боғлиқ. Бироқ ҳар қандай ҳолда ўтган йилларнинг молиявий ҳисоботлари қайта топширилмайди.
Фундаментал (муҳим) хатолар – бу жорий даврда аниқланган хатолар бўлиб, улар шу қадар муҳим бўладики, олдинги даврлар учун тузилган молиявий ҳисоботлар ишончли деб ҳисобланмаслиги мумкин .
Ўтган йилларда йўл қўйилган муҳим хатоларга тузатиш киритишни йил бошига тақсимланмаган фойда, шунингдек активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддалари сальдосини ўзгартириш йўли билан акс эттиринг.
Муҳим бўлмаган хатоларни жорий даврда ўтган йиллар даромадлари (9340-счёт) ёки харажатлари (9430-счёт) сифатида акс эттиринг.
Муҳимлик даражасини ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.
❖
Ҳисобда БЮД бўйича қўшимча ҳисоблашларни қандай тўғри акс эттириш кераклиги ҳақида биз сайтдаги алоҳида мақолада гапириб берганмиз.
Солиқ ҳисоби
Бухгалтерия ҳисобидан фарқли равишда, солиқ ҳисобида бошқа қоидалар амал қилади.
Агар аниқланган ўтган йилларнинг хатоси ҳисобланган солиқлар суммаларига таъсир қилса, солиқларни хато содир этилган даврда амал қилган қоидалар ва ставкалар бўйича қайта ҳисобланг.
- солиқ суммаси камайишига олиб келган бўлса, сиз тузатишларни киритишингиз ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишингиз шарт. Бунда, агар сиз аниқлаштирилган ҳисоб-китобни ҳисоботни тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этсангиз, шунингдек солиқни ўз вақтида тўласангиз, ҳеч қандай оқибатлар юзага келмайди;
- солиқ суммаси камайишига олиб келмаган бўлса, сиз тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақлисиз. Бунда ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган ҳисобот муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда жавобгарлик бўлмайди :
- аниқлаштирилган ҳисоб-китоб солиқ суммаси камайишига олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини корхона билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;
- аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар етишмаётган солиқ суммаси ва унга тегишли пенялар бюджетга тўланган бўлса.
«Ўтган йиллар хатоларини қандай тузатиш керак» тавсиясида экспертлар қуйидаги вазиятлар ҳақида ҳам ўтказмалар билан мисоллар келтиришган:
- муҳимлик даражасини қандай аниқлаш ва бухгалтерия ҳисобида ўтган йиллар хатоларини тузатишни акс эттириш керак;
- аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш керакми;
- умидсиз қарзни ҳисобдан чиқаришда ҚҚСга қандай тузатиш киритиш керак.