Полезное для бухгалтера в декабре:
Солиқ аудити ўтказилган давр учун мажбурий аудит керакми
“Ташкилотда 2018-2022 йиллар учун солиқ аудити ўтказилган. Шундан кейин шахсий кабинетга 2022 йил учун мажбурий аудит ўтказилиши учун биз бир неча бандга тушганимиз ва 2023 йил 15 июндан кечиктирмай аудиторлик хулосасини тақдим этишимиз кераклиги ҳақида хабарнома келди. Бундай талаб қонунийми? Айни бир давр учун солиқ аудити ўтказилгандан сўнг мажбурий аудитни ўтказмаса бўладими?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:
– Ҳа, талаб қонунийдир. Мажбурий аудитни ўтказиш учун қонунчилик ҳужжатларида ўз мезонлари, солиқ аудити учун – ўзининг мезонлари белгиланган. Улар бир-бири билан боғлиқ эмас, бироқ бунда муддатлари бўйича мос келиши мумкин, яъни бир вақтда ўтказилади.
1. Қуйидагилар ҳар йили мажбурий аудитдан ўтиши лозим :
- акциядорлик жамиятлари;
- банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;
- суғурта ташкилотлари;
- инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жамловчи бошқа фондлар, инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар;
- манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмаларидан иборат бўлган хайрия, жамоат фондлари ва бошқа фондлар;
- УФда (УКда) давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари;
- биржалар;
- ҳисобот йили якунларига кўра қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари:
– 31.12.2022 йил ҳолати бўйича активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ;
– 31.12.2022 йил ҳолати бўйича маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 200 000 баравари миқдоридан ортиқ;
– ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқ бўлса.
Аудиторлик текширувининг якуни – бу молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги тўғрисидаги аудиторлик хулосаси.
Афтидан, ташкилот 2022 йил якунлари бўйича юқорида кўрсатилган шартлардан қайсидир иккитаси остига тушган.
Мажбурий аудиторлик текширувини ҳисобот йилининг 15 июнигача ўтказиш лозим.
Хўжалик юритувчи субъект у тугаганидан кейин 15 кун ичида (ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 июнидан кечиктирмай) солиқ органига белгиланган тартибда тасдиқланган аудиторлик хулосасининг кўчирма нусхасини тақдим этади. Буни my.soliq.uzдаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали – “Аудиторлик хулосаларини жўнатиш” тугмаси ёрдамида амалга ошириш мумкин.
2. Солиқ аудити қуйидаги ҳолларда тайинланади :
- солиқ тўловчи солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш хавфининг юқори тоифасига эга корхоналарга мансуб бўлган. Хавфнинг даражасини “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” дастурий маҳсулоти аниқлайди;
- камерал текширув натижаси бўйича солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин) ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса ёхуд у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилган ҳолларда;
- корхонани ихтиёрий тугатиш бошланган бўлса (солиқ маслаҳатчиларининг солиқлар бўйича хулосалари мавжуд бўлган солиқ тўловчилар бундан мустасно);
- солиқ тўловчининг жиноий иш доирасида молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ўтказилаётган бўлса;
- якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса (қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация асосида ЖШДСни тўлаганлардан ташқари);
- корхонада илгари солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар .
Солиқ аудитини ўтказиш мезонлари ва тартиби тўғрисида батафсил “Норма” экспертларининг тавсияларида ўқинг: