Нима учун ЭҲФдан ягона кирим ҳужжати сифатида воз кечган маъқул

preview

Кирим ҳужжатларида товар мавжуд эмаслиги туфайли ЭҲФ билан боғлиқ муаммолар умумий овқатланиш ва ритейл учун жисмоний шахслар – деҳқонлар ва томорқа эгаларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилувчи фирмаларга ҳаммасидан кўра кучлироқ зарба берди. Умуман, юзага келган вазият қонунчиликнинг такомиллаштирилишини талаб қилади, деб ҳисоблайди солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришлардан ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берувчиларнинг учта тури мавжуд:

1) СКнинг 57-моддаси талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари деб эътироф этиладиган юридик шахс;

2) фаолияти ЎРҚ-680-сон Қонунга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти жумласига кирадиган ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ҳам, юридик шахс ташкил этмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин бўлган деҳқон хўжаликлари;

3) ЎРҚ-681-сон Қонунга мувофиқ шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини – ҳам эркин савдо учун (тадбиркорлик фаолияти), ҳам оила эҳтиёжлари учун (тадбиркорлик фаолияти эмас) етиштириш (қайта ишлаш) билан шуғулланувчи томорқа хўжаликлари.

Деҳқон ва томорқа хўжаликлари – бу асосан ўз маҳсулотларини деҳқон бозорларида сотадиган жисмоний шахслар банд бўлган соҳа. Айрим маҳсулот турларини етиштиришда улар муҳим роль ўйнайди. Бинобарин, уларнинг маҳсулотлари бозорни талаб қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Аммо аксарият ҳолларда ритейл улардан маҳсулотларни дарҳол сотиб олишга тайёр эмас, унга  дастлабки тайёргарликдан ўтиши керак. Кейинчалик супермаркетларда сотиш учун қишлоқ маҳсулотларини харид қилиш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари шундай шаклланган. Хусусан, улар бундай муҳим муаммони ҳал қилишади: улардан товар расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура, ҚҚС билан боради.

Яъни – солиқ маъмуриятчилиги нуқтаи назаридан энг кам харажатлар билан ишлаш учун йирик савдо тармоқларига керак бўлган барчасига эга.

Шу билан бирга, фирмалар мунтазам тўлдириб борилаётган бир қатор мураккабликларга дуч келишмоқда.

СКнинг 377-моддасига мувофиқ ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқларни ва бошқаларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан, ипак қуртини, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар бошқа даромадлар деб эътироф этилади. Бинобарин, харид қилувчи фирма солиқ агенти ҳуқуқи асосида:

1) тўланган даромадни ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботда акс эттириши;

2) СКнинг 378-моддаси 8-бандига мувофиқ имтиёз бериши керак.

Амалиётнинг кўрсатишича, буни амалга ошириш жуда муаммо бўлади, сабаби маҳсулот сотиб олинган шахснинг ЖШШИРи керак бўлади. Кўп сотувчилар паспорт ёки ID-картани беришга тайёр эмаслар, ЖШШИР нима эканлигини эса умуман билишмайди.

 

Нима қилиш керак

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш учун жисмоний шахслар томонидан деҳқон ва томорқа хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган тушумни солиқ солинмайдиган даромадлар рўйхатидан чиқариб ташлаш ва жами даромадга киритилмайдиган даромадлар жумласига киритишни таклиф қиламан. Яъни – уни СКнинг 377-378-моддаларидан чиқариб ташлаб, СКнинг 369-моддасига киритишни таклиф қиламан. Шунда бундай тушумни ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида акс эттириш зарурати бўлмайди. Бюджет бундан ҳеч нарса йўқотмайди, шунчаки бюрократия камаяди.

Ўтган ҳафтада товарнинг МХИК кирувчи ҳужжатларда бўлмаган тақдирда солиқ инспекциясига мурожаат қилмасдан ЭҲФ тақдим этиш имконияти олиб ташлангандан кейин харид қилувчи фирмаларга муаммолар қўшилди. Маҳсулотлар ЭҲФ айланмаси иштирокчиси ҳисобланмайдиган жисмоний шахслардан харид қилиниши боис, у кирувчи ҳужжатларда ҳам бўлмайди. Мазкур фирмалар солиқ инспекциясига тушунтириш хати билан боришларига тўғри келмоқда, у ерда эса, амалиётнинг кўрсатишича, уларнинг сўзларига ишонишга унчалик тайёр эмаслар, далилларни талаб қилишади. Умуман, бу – бизнесга қўйилган янги сунъий тўсиқ, уни енгиб ўтиш учун асаб ва куч керак.

Модомики солиқчилар ўз янгиликларида туриб олишган экан, ҳисобварақ-фактура ягона кирим ҳужжати деб эътироф этиладиган амалиётдан воз кечиш керак, деб ҳисоблайман. Низом ишлаб чиқиб, унда бошқа ҳужжатлар бўйича кирим қилиниши мумкин бўлган товарлар турларини ва бу фойдаланилиши мумкин бўлган фаолият турларини аниқ ёзиш лозим. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўриб чиқилаётган вазиятда харид қилиш далолатномаси асосида кирим қилиниши мумкин. Бундай далолатномалар ЭҲФ тизимида – бир томонлама тартибда (харид қилувчи томонидан) электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Бунда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари сотувчисининг жисмоний шахсларга тааллуқли эканлигини текшириш муаммоси қолади. Ахир ҳозир мавжуд бўлган “фильтрлар”, тан олиш керак, бу масалада унчалик самарали эмас. Сотаётганлар орасида деҳқонлар ва томорқа эгалари эмас, балки қайта сотадиганлар кўпдир. Бу ерда улар туфайли деҳқон бозорларига сотувчилар сифатида айнан деҳқонлар ва томорқа эгалари келиб тушадиган механизмларни жорий этиш тўлиқ асосланган бўлади.

2020 йилда сотувчилар уларда деҳқон ёки томорқа хўжалиги мавжудлигининг тасдиғи сифатида тақдим этишлари керак бўлган маълумотномалар бекор қилинган. Балки ушбу маълумотномаларга қандайдир муқобил вариантни ўйлаш керакдир. Масалан, давлат хизматлари тизимида солиқ органи ва харид қилувчи корхоналарга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчиларнинг мақомини тезкор тарзда текшириш имконини берувчи деҳқон ва томорқа участкалари эгаларининг электрон реестрини яратиш мумкин бўларди. Яъни, жисмоний шахс у қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун етарли ер участкасига эга бўлган муайян деҳқон ёки томорқа хўжалигига тегишли эканлигини тезкор тарзда тасдиқлаш имкониятига эга бўлиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ul/publish/doc/text191363_nima_uchun_ehfdan_yagona_kirim_hujjati_sifatida_voz_kechgan_maqul