Қандай қилиб ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалашни чалкаштирмаслик керак

preview

Рақамли маркировкалаш тизими оператори Asl Belgisi. Business мобиль иловасини ишга туширди. У ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКТ чекларида рақамли маркировкалаш кодларини нотўғри акс эттириш билан боғлиқ хатоларни олдини олишга ёрдам беради.

 

Asl Belgisi. Business иловаси нимаси билан фойдали 

Смартфонга ўрнатилган мобиль илова ёрдамида товарнинг истеъмол қадоғидаги Data Matrixни ёки ташиш қадоғидаги SSCC-кодни сканерлаган ҳолда ҳозирги вақтда товар “Асл белгиси” тизими маълумотлари бўйича кимга тегишли эканлигини тушуниш мумкин.

Турли тушунмовчиликлардан қочиш учун товарни фақат тизимда сиз товарга эгалик қилувчи ҳисобланган тақдирда реализация қилиш мумкин. Акс ҳолда нафақат ўзингизга, балки сизнинг контрагентларингизга-харидорларга ҳам муаммолар туғдиришингиз мумкин.

Тизимда товарнинг мулкдори бошқа эканлиги аниқланса, бундай товарни реализация қилишдан олдин сабабини топиш ва бартараф этиш лозим. Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин:

  • сиз ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришни якунламагансиз, хусусан уни тасдиқламагансиз ва товар илгаригидек сотувчининг ҳисобида турибди;
  • ҳисобварақ-фактуралар ёки онлайн-НКТ чекларида товарнинг бир қадоғидан рақамли маркировкалаш кодлари кўрсатилган, сизда эса у ёки бошқа сабабларга кўра, товарнинг бошқа қадоғи мавжуд;
  • ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган товарнинг сони ҳақиқатда сотилган товарларнинг сонига мувофиқ келмайди;
  • ҳужжатларда бир товар акс эттирилган, сотувчидан харидорга топшириш чоғида эса чалкашлик юзага келган, бунинг натижасида сизда учинчи шахсга тегишли бўлган товар бўлган;
  • товар сотувчи томонидан сотилган, бироқ ҳисобварақ-фактура ёки чек лозим даражада расмийлаштирилмаган.

 

Агар сиз реализация қилмоқчи бўлган товар сотилган, ҳисобдан чиқарилган ёки сотувга келиб тушмаган сифатида ҳисобда бўлса, сиз буни иловада кўрасиз.

 

 

Эътибор беринг

Товарни қабул қилишда ёки уни сотишда “Асл белгиси” тизимида ким унинг мулкдори эканлигини текширишни ходимлар учун қоида қилиб қўйинг. Товар ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилгунга қадар қабул қилиб олинганда сизнинг сотувчингиз, товар сиз томондан сотилган пайтда эса – сиз эгалик қилувчи бўлишингиз керак.

Бу ҳисоб ва солиқ органларининг ахборот тизимлари билан ишлаш учун масъул асосий бўлинма сифатида, айнан бухгалтериянинг хатоларини тузатиш бўйича “ижодий” ишдан қочишга ёрдам беради.

 

Asl Belgisi. Business мобиль иловаси товар тўғрисидаги барча ахборотни, шу жумладан ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати, унинг ишлаб чиқарувчиси, сотувчиси тўғрисидаги ахборотни олиш имконини беради.

 

Asl Belgisi. Business иловасидан қандай фойдаланиш керак

Мобиль иловадан фақат “Асл белгиси” маркировкалаш тизимида рўйхатдан ўтганлар фойдаланиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар айланмасининг барча иштирокчилари: ишлаб чиқарувчилар (импорт қилувчилар), улгуржи ва чакана савдо вакиллари унда мажбурий тартибда рўйхатдан ўтади.

Иловани https://play.google.com/store/apps/details?id=com.asl.belgisi.business ҳаволаси бўйича Google Playда юклаб олинг ва ўрнатинг.

Мобиль иловадан фойдаланиш билан боғлиқ мураккабликлар юзага келмайди: унинг интерфейси содда ва тушунарлидир.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ul/publish/doc/text191827_qanday_qilib_ehf_va_onlayn-nkt_cheklarida_raqamli_markirovkalashni_chalkashtirmaslik_kerak