Бухгалтер нафақалар тайинлаш ва тўлашни тартибга солувчи янги низомлар тўғрисида нималарни билиши керак

preview

2024 йил май ойи охирида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 314-сон қарори 2024 йил 24 июндан кучга кирган иккита низомни тасдиқлади:

– Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом;

– Бюджет ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда ишлайдиган оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.

Buxgalter.uz нафақаларнинг ушбу турларинини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш қисмида сиз учун қисқача шарҳни тайёрлади:

 

Муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ва унга васий қилиб белгиланган ходимга бир йўла нафақа .

Барча ушбу нафақалар турларини бюджет ташкилотлари давлат бюджети, иш берувчилар – ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.

Иш берувчиларнинг ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни, шунингдек фарзандликка олган ва унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақаларни тўлаш бўйича мажбуриятлари Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланган нафақа миқдорига мутаносиб равишда камаяди . Нафақа тўлаш муддатлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилгандан кундан бошлаб 16 календарь кундан кўп бўлмаслиги лозим (қонунчиликда белгиланган иш ҳақи бир ойда бир марта тўланадиган ходимлар тоифаси бундан мустасно).

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар миқдорлари сақланиб қолди, шу жумладан:

  • айрим тоифадаги ходимлар учун ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;
  • ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар бўйича, шунингдек барча бошқа ходимлар учун.

Хусусан, нафақалар қуйидагиларга тўланади:

  • умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
  • умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

Бу – муҳим

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тайинлаш учун умумий меҳнат стажини аниқлаш ва ҳисоблаб чиқаришда пенсия тайинлаш учун меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби қўлланилади .

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақа миқдорлари миқдорлари сақланиб қолди:

  • ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;
  • ишга қабул қилинган кундан 12 ой ортиқ иш стажига эга бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Барча ҳолларда нафақалар ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Нафақалар бўйича ўртача иш ҳақи МКнинг 257-моддаси, ушбу Низом ва қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқарилади. Нафақанинг умумий миқдори ўртача кунлик иш ҳақини вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, шунингдек янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимнинг таътили оқибатида ушбу ойда ўтказиб юборилган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Эътибор беринг
Ўртача кунлик иш ҳақи у ҳисоблаб чиқариладиган барча ҳолларда ўртача иш ҳақи суммасини иш кунларининг ўртача ойлик сонига (25,3) бўлиш йўли билан аниқланади . 25,3 кўрсаткичи 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Шу боис, экспертлар фикрига кўра, нафақа суммаси ўртача кунлик иш ҳақини касаллик (таътил) давридаги 6 кунлик иш ҳафтасида иш кунлари сонига кўпайтириш билан аниқланади.

Ўзига хос жиҳатлар:

  • Агар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади.
  • Нафақалар ўриндошлик асосидаги (шу жумладан, ички ўриндошлик асосидаги) иш жойи бўйича ҳам алоҳида тўланади. ЯММТ тизимидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси –ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади. 
  • Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил иш вақтида бошланиб, ташкилот (цех, бўлим) ишни вақтинча тўхтатиши даврида давом этса, нафақа ўша касб ва малакага эга бўлган ходимларга мана шу тўхтатилган давр учун тўланадиган иш ҳақи миқдорида берилади. Аммо –нафақа миқдори умумий қоидалар бўйича ҳисобланган ва олиши лозим бўлган нафақа миқдоридан ошмаслиги лозим.

Агар улар ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, иш тўхтатиб қўйилган давр учун нафақа қуйидаги миқдорида берилади:

– иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг тўлиқ миқдорида;

– иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда нафақанинг учдан икки қисми миқдорида.

  • Агар ходим меҳнатга лаёқатсизлик варақасини иш ҳақига туман коэффициенти ва устамалар белгиланган жойларда ишлаш даврида олган бўлса, бу жойлардан ташқарида бўлган вақт учун вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (шу жумладан, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги муносабати билан) устамалар ҳисобга олинмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Аммо ушбу қоида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ва янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақани ҳисоблаб чиқаришда қўлланилмайди.
  • Иш шароитларига кўра йилнинг турли даврлари бўйича турлича иш ҳақлари белгиланган тақдирда (дарё флоти экипажлари аъзоларидан ташқари), нафақа ходим ўз иш жойида қолганда оладиган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади.

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик маълум бир даврда бошланиб, иккинчи даврда давом этган тақдирда иккинчи даврнинг иш ҳақи бўйича нафақа ишловчилар учун иш ҳақи ўзгарган муддатдан бошлаб тўланади. Меҳнатга ишбай асосида ҳақ тўланганда юқорида қайд этилган ҳолларнинг иккинчи даври учун нафақа ходимнинг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

  • Иш соатларини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлмаган ходимларга (уй ишчиларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иккиламчи ва бошқа хил ашёларнинг штатли тайёрловчиларига, бошқа шундай тоифадаги ходимларга) нафақа вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки таътилнинг барча календарь кунларига тўланади.
  • Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақа амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бир йўла тўланади.
  • Ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси, агар ортиқча тўлаш санашда (арифметик) адашиш ёки нафақа олувчининг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши туфайли содир бўлган бўлса, нафақа олувчидан ушлаб қолинади.

Ушлаб қолиш кейинги сафар тўланадиган нафақа ёки иш ҳақидан амалга оширилади. Ҳар сафар ходим олиши керак бўлган сумманинг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган сумма ушлаб қолинади. Ушлаб қолиш ташкилотнинг ҳисоб-китоб бўлими орқали комиссиянинг ёки иш берувчининг қарори асосида амалга оширилади. Бу қарор санаш жараёнида йўл қўйилган хато туфайли ортиқча тўлаш содир бўлганда, нафақа тайинланган кундан бошлаб 3 ойдан кечиктирмай, ўз ҳуқуқини суиистеъмол қилиш бўйича содир бўлганда эса, чекланмаган муддатда қабул қилиниши мумкин.

  • Судларнинг қарорига асосан нафақалардан алимент, майиб бўлганлик ва саломатликка етказилган ва бошқа зарарларни қоплаш бўйича чегирилиши мумкин. Нафақалардан бошқа ҳеч қандай чегирма амалга оширилмайди.

Ташкилотнинг бош бухгалтери Комиссия ёки вакил қилинган шахс билан бир қаторда нафақа тўлаш бўйича маблағларнинг тўғри сарфланиши учун жавобгардир. Агар нафақа тайинлаш ёки ходимнинг умумий иш стажини аниқлаш пайтида қонунчиликда кўзда тутилган қоидалар бузилишига йўл қўйилган ёки тўлов учун тақдим қилинган ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган бўлса, бош бухгалтер тўловни амалга оширмай, уларни йўл қўйилган хатолар тўғрисидаги ёзма баённома билан комиссияга ёки вакил қилинган шахс қайтариб бериши шарт.

 

2. Бюджет ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда ишлайдиган оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом .

Бюджет ташкилоти ҳисобланмайдиган ташкилотларда нафақа тўлови ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Тўланган суммалар  давр харажатларига киритилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар, агар бу меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, нафақани ўз маблағларидан тўлайди.

Ўзига хос жиҳатлар:

  • Агар ходим ёки ходимада икки ва ундан ортиқ туғилган, фарзандликка ёки васийликка олинган болалар парваришда бўлса, кичик фарзанд икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинланади ва тўланади.
  • Агар она бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши даврида иккинчи фарзандга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил олиш ҳуқуқига эга бўлса, онанинг танлови асосида нафақанинг фақат бир тури тайинланади ва тўланади.
  • Ишлайдиган оналар (онанинг ўрнини босувчи шахслар) хоҳишига кўра болани парваришлаш таътили вақтида тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ёки иш берувчи билан келишув бўйича уйда ишлаши мумкин. Бунда бола парвариши бўйича нафақа ва иш ҳақини бир вақтда олади.
  • Бола парвариши бўйича нафақа парвариш қилинаётган болалар сонидан ва нафақа олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар ҳар ойда МҲЭКМнинг 60 фоизи миқдорида тўланади.

Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа онанинг (она ўрнини босувчи шахснинг) ушбу ойдаги таътилда бўлган календарь кунларга мос улушда тўланади.

  • Нафақа тўловчи ташкилотнинг айби билан ўз вақтида тўланмаган нафақа ҳеч қандай муддатлар билан чегараланмаган ҳолда, ўтган давр учун бир вақтнинг ўзида тўлаб берилади.

 

 

 

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /ul/publish/doc/text200997_buhgalter_nafaqalar_tayinlash_va_tulashni_tartibga_soluvchi_yangi_nizomlar_tugrisida_nimalarni_bilishi_kerak