«Автокамерал» формулаларини очиқлаш унинг ишини яхшилашга ёрдам беради

preview

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қайта ҳисоб-китоблар сони (53 567 дан 41 169 корхонагача) ва қўшимча ҳисобланган суммалар (5,5 трлн сўмдан 1,4 трлн сўмгача) сезиларли даражада камайган.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА бу рақамлар ёлғон эканини, улар текширувдан олдинги таҳлилнинг ҳақиқий муаммоларини яширишини таъкидлайди. «Автокамерал» сифатини фақат унинг формулаларини «махфийликдан чиқариш» орқали яхшилаш мумкин.

 

Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Telegram-каналимизга обуна бўлинг.

 

-- Солиқ тўловчилар ўз ҳисоботларида текширувдан олдинги таҳлил формулаларини ҳисобга ола бошлаганликлари билан бу қувончли статистикани тушунтиришга мойил бўлган ҳамкасбларим билан келишаман.

Buxgalter.uz сайтида чоп этилган «Солиқлар бўйича мослаштирилган ҳисоботлар кимга керак» мақоламда мен аллақачон мослаштирилган ҳисоботлар муаммосини кўтарган эдим. Яъни солиқ тўловчилар учун асосий мақсад ишончли ҳисобот топшириш эмас, балки уни нотўғри ишлайдиган формулага мослаштириш бўлиб қолмоқда. Улар ҳисоботларни дастур қабул қиладиган шаклда топширишмоқда.

Тобора кўпроқ солиқ тўловчилар ўз ҳақлигини исботлаш учун солиқ органларига бориш ўзларини ортиқча иш билан юклаш деган фикрга келмоқдалар. Бугунги кунда тадбиркор бир марта «автокамерал»га тушиб, кейин «доимий мижоз»га айланиб қолаётган кўплаб мисоллар бор. Ҳа, у ўз ҳақлигини ҳужжатлар билан тасдиқлади. Ҳа, солиқ инспекторлари у билан келишдилар. Лекин бундан буён формула унинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаши ва уни бошқа безовта қилмаслиги учун ҳеч нарса қилинмади. Маълум вақт ўтгач, худди шу масала бўйича кейинги солиқ даври учун шунга ўхшаш билдиришнома келади. Ва бу кўп йиллар давомида такрорланади.

Буни тушуниш тадбиркорларга босим ўтказади. Уларда энди баҳслашиш истаги йўқ. Улар нотўғри бўлса ҳам, уларга ўргатилганидек қилишади. Шундай қилиш осонроқ, шундай қилиш асаблар учун яхшироқ.

Лекин бу солиқ маъмурчилигини яхшиламайди, аксинча уни ёмонлаштиради. Турлича талқин қилиш келиб чиқади. Айнан бир хил ёзувни Солиқ кодекси нормалари ва «автокамерал» формулалари қоидаларига асосланиб ўқиш мумкин. Ва бу икки хил нарса бўлади. Бундай бўлмаслиги керак. Қоидалар бирлигига, тушунчалар бирлигига интилиш керак. Шундай қилинса, ҳамма учун осонроқ ва тушунарлироқ бўлади.

Мен розиман, балки солиқчилар учун солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган асослар асосида тажрибани умумлаштириш қийин бўлиши мумкин. Ахир ҳар бир солиқ тўловчи асосни ўз ишининг ўзига хос хусусиятларига мослаб ёзади. Шунга кўра, автокамерал формулаларини муҳокама қилиш учун расмий марказлаштирилган ресурс яратиш керак.

Бугунги кунда бизда унинг барча формулалари эълон қилинган бирорта ҳам ресурс йўқ. Бу - ошкор қилинмайдиган маълумотми? Лекин ахир билдиришнома билан бирга солиқ тўловчига уни қоидабузар деб ҳисоблаган формула ҳам келади. Унга таяниб, у ўз позициясини асослайди. Шу билан бирга, бу формулалар кўпинча "Солиқ қўмитаси - солиқ тўловчи" мулоқоти доирасидан чиқиб кетади. Солиқ тўловчи уни ҳамкасблари, солиқ маслаҳатчилари, бошқа экспертлар билан муҳокама қилади. Кўпинча формулалар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар мавзусига айланади.

Агар Солиқ қўмитаси «автокамерал»нинг барча формулаларини ўз ресурсларида эълон қилса, тўғри бўларди. Энг мос вариант - Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти. Шу билан бирга, ҳар бир формулани фойдаланувчиларга ўз изоҳлари ва эътирозларини ёзиш имконини берадиган функционал билан таъминлаш керак.

Бундай ресурс «автокамерал»ни такомиллаштириш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга имкон беради. Бу ерда барча таклифлар, ҳар бир формула ишининг барча амалиёти тўпланган бўларди. Ва Солиқ қўмитаси қуйидагиларни амалга ошириши мумкин бўларди:

1) билдирилган эътирозлар ва таклифлар асосида формулаларни такомиллаштириш бўйича тезкор чоралар кўриш;

2) агар жамоатчилик фикри нотўғри бўлиб чиқса, - мақсадли тушунтириш ишларини олиб бориш. Вариант сифатида - солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилаётган хатолар бўйича расмий шарҳлар ва тўғри ишлаш бўйича йўриқномалар чиқариш.

Бундай ёндашув «автокамерал» ишини нафақат солиқларни йиғиш томонига яхшилаш имконини беради. Ахир бугунги кунда «автокамерал» аниқлаётган деярли барча хатолар солиқларни қўшимча ҳисоблаш билан якунланмоқда. Лекин ахир бошқа вазиятлар ҳам бор, қачонки ишлаб чиқилмаган формулалар туфайли солиқ тўловчи солиқларни ортиқча тўлайди ва, моҳиятан, унга бу ортиқча тўловни қайтариш керак. Нима учун «автокамерал» бу хатоларни аниқламайди ва уларни тузатишга кўмаклашмайди? Ваҳоланки, СКнинг 83-моддасига мувофиқ ҳар қандай хато тузатилиши керак.

 

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ul/publish/doc/text201878_avtokameral_formulalarini_ochiqlash_uning_ishini_yahshilashga_erdam_beradi