Ёпилган бизнесга жарималар келса, нима қилиш керак

preview

Ўзбекистонда чет эл корхонасининг алоҳида бўлинмаси фаолиятини тўхтатганидан кейин бир ярим йил давомида унинг собиқ раҳбарига солиқ ҳисоботини топширмаганлиги учун маъмурий жарималар тўғрисида хабарномалар келмоқда. Буларга эътибор бермасликнинг иложи йўқ, чунки бу ишга Мажбурий ижро бюроси ходимлари аралашмоқда.

Вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлади. Мутахассис бу масала Солиқ қўмитасининг эътиборини талаб қилади, деб ҳисоблайди:

Мутахассиснинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Афсуски, Ўзбекистонда бизнесни осонгина очиш мумкин, аммо уни ёпиш камдан-кам ҳолларда муаммосиз ўтади. Сабаблар, одатда, солиқ идораларига боғлиқ. Гоҳ уларда тугатилаётган солиқ тўловчиларни текшириш учун кадрлар етишмайди, гоҳ умуман ҳеч ким нима бўлаётганини тушунтира олмайди. Энг муҳими – бу тушунмовчиликка қандай чек қўйиш кераклиги тушунарсиз.

Тадбиркорлик субъекти ёки чет эл юридик шахсининг ваколатхонаси ёпилмоқчи, бу ҳақда барча давлат идораларини, шу жумладан солиқ идорасини ҳам хабардор қилган. Корхона давлат идоралари тақдим этилган ҳужжатлар, илгари топширилган ҳисоботлар, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши бўйича эътирозлари бўлса, камчиликларни бартараф этиш учун бу ҳақда айтишларини кутади. Аммо тугатиш шунчаки муаллақ бўлиб қолади. Солиқ идоралари томонидан на саволлар, на солиқ тўловчи корхонани ёпиш бўйича ҳаракатлар бор. Шу билан бирга, баъзан тушунмовчиликдан бошқа нарса деб бўлмайдиган даъволар пайдо бўлади.

Мана, масалан, яқинда мен билан Ўзбекистондаги чет эл корхонасининг алоҳида бўлинмасининг собиқ раҳбари маслаҳатлашди. У солиқ ҳисоботини кечиктириб топширгани учун унга солинаётган жарималар ҳақидаги хабарномалар келишини тўхтатиш учун нима қилишни билмайди.

Ваколатхона 2020 йилдан 2023 йил июлгача ишлаган. Қоидага кўра, у Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида рўйхатдан ўтган. 2023 йилда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти якунланиши муносабати билан ваколатхонани ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2023 йил мартида тегишли тугатиш тўғрисидаги хабарнома вазирликка, ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ариза эса Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекциясига юборилган. Аризага бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома нусхаси, фаолият тугатилган санага тузилган молиявий ва солиқ ҳисоботи илова қилинган. Яъни – 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон ВМҚнинг 2-иловаси 18-бандида талаб қилинадиган барча ҳужжатлар Маъмурий регламентга мувофиқ тақдим этилган.

Инвестициялар вазирлиги томонидан ваколатхонанинг собиқ раҳбарига ҳеч қандай савол тушмаган. Аммо солиқ инспекцияси корхонани  ёпа олмаяпти.

Агар тақдим этилган ҳужжатларда у ёки бу камчиликлар аниқланганлиги, у ёки бу давр учун солиқ нотўғри ҳисобланганлиги, ҳисобот топширилмаганлиги, солиқ қарзи борлиги, пеня тўланмаганлиги ва бошқалар айтилганда, буни тушунса бўларди. Бундай ҳеч нарса йўқ! Аммо солиқ идораси ҳар ойда собиқ раҳбарга жарима солишга уринмоқда. Ва бу у ваколатхона фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги хабарномани топширган ўша пайтдан бери давом этмоқда.

Ваколатхонани ёпиш, ариза ва барча зарур ҳужжатлар топширилганлиги тўғрисидаги кўп маротаба такрорий хабарномаларга қарамай, солиқ идоралари жарима солишга уринишни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, солиқ тўловчи 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон ВМҚнинг барча талабларини бажарган.

Солиқ бошқармаси мутахассислари билан шахсан маслаҳатлашиш уринишлари вазиятни ўзгартирмади. Улар ўз маълумотларига кўра солиқ тўловчи фаолият юритаётган сифатида ҳисобда турганлигини, шунинг учун ҳисоботларни топшириши ва солиқларни тўлаши кераклигини тушунтирмоқдалар. Шу билан бирга, фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги ариза ва кейинги хабарномалар бўйича ҳеч қандай чора кўрмаяптилар.

Улар бир ярим йилдан бери мавжуд бўлмаган ваколатхонани тугатиш ва реестрдан чиқаришни сўраётган солиқ тўловчининг гапларини эшитмаяптилар. 2023 йил мартдан бери унинг шахсий варақасига ўзгартиришлар киритиш, тўловлар амалга ошириш ва нолли ҳисоботлар юбориш ваколати йўқлиги, чунки у ўз фаолиятини тўхтатганлиги тўғрисидаги тушунтиришларни ҳам эшитмаяптилар.

Ҳозирда солиқ тўловчи солиқ идораларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни суд тартибида низолашишга тайёрланмоқда.

 

Нима қилиш керак?

Вазият Солиқ қўмитасининг эътиборини талаб қилади.

Инспекторларни ортиқча иш билан банд қилмаслик ва тадбиркорларга муаммо туғдирмаслик учун ахборот тизимларини шундай созлаш мумкин эдики, солиқ тўловчини тугатиш тўғрисидаги хабарнома келганда – унга нисбатан эътирозлар бўлмаса – у автоматик равишда фаолият юритаётган корхоналар рўйхатидан чиқарилиши керак. Агар солиқ идораларида унга нисбатан эътирозлар бўлса, улар маълум муддат ичида ёзма равишда юборилиши керак.

Эътибор беринг

Эртами-кечми ҳар қандай бизнесда турли сабабларга кўра тугатиш масаласи кўтарилади. Уни барча қоидаларга риоя қилган ҳолда қандай ўтказиш тўғрисида 2024 йил 23 август куни соат 16:00 да "Тугатиш. Уни қоидаларга риоя қилган ҳолда қандай ўтказиш керак" мавзусидаги рус тилидаги вебинаримизда кўриб чиқамиз. Ёзилиш учун бу ҳаволага ўтинг.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ul/publish/doc/text202146_epilgan_biznesga_jarimalar_kelsa_nima_qilish_kerak