1 июлдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш мумкинми

preview

Карантин сабабли ҚҚС ва фойда солиғини тўловчиларнинг ярим йиллик якунлари бўйича жами даромадлари 1 млрд сўмдан кам бўлган ва 2020 якунлари бўйича ҳам ушбу чегарадан ошмайдиган бўлса, улар 1 июлдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишлари мумкинми? Buxgalter.uz бу масалага ойдинлик киритишда ёрдам беради.


Қуйидагилар айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлиши мумкинлигини қайд этиб ўтамиз :

  • солиқ даврида (2020 йилда) жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган юридик шахслар;
  • солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар.

Олган даромадидан қатъи назар, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлса олмайдиган солиқ тўловчиларнинг 8 тоифаси ҳақида ҳам унутмаслик керак . Улар:

  • Ўзбекистон божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар ва ЯТТ;
  • акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар;
  • фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, башарти уларда 50 га ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • лотореяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахс – оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича;
  • бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шасхлар, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар.


Тўлашга қачон ўтиш мумкин

Солиқ давридаги жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган Ўзбекистон юридик шахслари фақат кейинги солиқ давридан 2021 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш ҳуқуқига эга бўладилар. Афсуски, 2020 йил 1 июлдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўта олмайдилар.

2020 йил якунлари бўйича жами даромадингиз 1 млрд сўмдан камлигини кўриб, 2021 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтмоқчи бўлсангиз, 20 20 йил 21 декабрдан кечиктирмай солиқ органларига билдиришнома юборишга улгуришингиз керак.

My.soliq.uz порталидаги «Электрон ҳисобот» таркибида кўрсатилган давр – йил охирига келиб билдиришноманинг ушбу шакли жойлаштирилади. Ҳозир 10102_5 кодли билдиришнома шакли – 31.01.2020 санасидан буён юбориш учун ёпиқ.


Якка тартибдаги тадбиркорлар

ЯТТнинг бошқа ўзига хос хусусияти бор: даромадлари 100 млн сўмдан ошган бўлса, улар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишлари шарт. Бунда улар ошган суммадан солиқ тўлайдилар .

Якка тартибдаги тадбиркор айланмадан олинадиган солиқ ўрнига ҚҚС ва фойда солиғини танлаш ҳуқуқига эга. Бунинг учун у чегаравий қийматдан ошган санадан 5 кундан кечиктирмай солиқ органига тегишли билдиришнома юбориши керак . Билдиришнома кўрсатилган муддатларда тақдим этилмаганда ЯТТ автоматик равишда айланмадан олинадиган солиқ тўловчисига айланади.


Эндигина рўйхатдан ўтганлар учун

Янги ташкил этилган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида танланган солиқ солиш тартибини кўрсатиш орқали айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга .


Айланмадан олинадиган солиқни тўлашни хоҳламайдиганлар чун

Юридик шахслар фақат 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтишлари мумкин. Исталган ойнинг биринчи санасидан бошлаб уни қўллашни рад этишга ҳақлилар.

Бунинг учун ой бошигача my.soliq.uz порталидаги «ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш» хизмати ёрдамида – бир вақтнинг ўзида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни рад этган ҳолда ҚҚС тўлаш учун ариза бериш керак .

ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган солиқ тўловчилар, башарти жорий солиқ даври якунлари бўйича (2020 йил учун) жами даромадлари 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга камида 12 ойдан кейин қайта ўтишга ҳақли .

Дейлик, корхона 2020 йил 1 мартдан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтган, 2021 йил 1 мартга келиб 12 ой ўтади. Бироқ, фақат 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш мумкин бўлгани учун , улар фақат 2022 йил 1 январдан унга ўта оладилар.


Йил давомида айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқини йўқотганлар учун

Солиқ даври (2020 йил) давомида жами даромади 1 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтган ЯТТ бундай ошиш рўй берган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Мисол учун, жорий йилнинг январь–май ойлари якунлари бўйича корхонанинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошган. Демак, у 1 июндан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Бунда мазкур корхона 2020 йил II чораги (ярим йиллик) учун ДСИга қуйидагиларни тақдим этиши кераклигини инобатга олиш лозим:

  • Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби – 2020 йил январь–май ойларидаги кўрсаткичлар билан;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китоби – 2020 йил июнь ойидаги кўрсаткичлар билан;
  • ҚҚС ҳисоб-китоби – 2020 йил июнь ойи учун.

Бундан ташқари, ушбу корхона 2020 йил 1 июнгача ариза топшириши – юқорида қайд этилганидек ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши зарур эди.

Агар янги ташкил этилган юридик шахсда ёки янги рўйхатдан ўтган ЯТТда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар, 365 га бўлинган ва рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилганда 1 млрд сўмга тенг суммадан ошса, у ҳолда бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, уларни самарасиз фойдаланаётганлиги бўйича хулоса киритилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари бўлган юридик шахслар, инвестицион лойиҳанинг амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса беришга ваколати бўлган ваколатли органнинг хулосаси чиқарилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади .

Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобидан объектлар қурилишини (бундан жорий ва капитал таъмирлаш мустасно) бажарувчи юридик шахслар бундай қурилишга доир шартнома расмийлаштирилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан эътиборан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

Татьяна ЛИМАРЕВА.

Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ /uz/publish/doc/text160783_1_iyuldan_boshlab_aylanmadan_olinadigan_soliqni_tulashga_utish_mumkinmi