Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Автоматлаштирилган айланмадан олинадиган солиқнинг мовий сатрлари қандай тўлдирилади
2024 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот автоматик тарзда шакллантирилади. Buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Айланмадан олинадиган солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси инспектори Лазиза МУҲАМЕДИЕВА айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг мовий сатрлари қандай тўлдирилиши ҳақида сўзлаб берди.
❖
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот автоматик режимда қандай шакллантирилади – бу ҳақда алоҳида мақолада ўқинг.
Ҳисоботнинг мовий сатрлари – бу илгари қўлда тўлдириш учун зарур бўлган сатрлар. Сариқ сатрларни тўлдириш аввал ҳам автоматлаштирилган эди.
Энди Ҳисоб-китобнинг мовий сатрларига ахборотни my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг «Айланмадан олинадиган солиқ бўйича автоматлаштирилган ҳисоботга ўзгартиришлар киритиш бўйича мурожаат» интерактив хизмати орқали киритиш керак бўлади.
Ахборотни киритиш учун ҳар бир сатрга алоҳида мурожаат юбориш керак.
Мурожаат қандай юборилади
1. My3.soliq.uzга киринг. «Автоматлаштирилган Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботига ўзгартириш киритиш бўйича мурожаат»ни, сўнгра – «Мурожаат юбориш» қўшимча саҳифасини танланг.
2. Очилган шаклни тўлдиринг:
- «солиқ даври» сатрида чиқиб келадиган тавсиядан 2024 йилни танланг;
- «ҳисобот даври» сатрида қайси ой учун маълумотларни тақдим этаётган бўлсангиз, шу ойни танлайсиз;
- «сатр номи» сатрида чиқиб келадиган тавсиядан сиз кўрсаткичларини киритишни истаётган солиқ ҳисоботи сатрини танлайсиз;
- «сатр коди» сатри сиз солиқ ҳисоботи сатри номини танлаганингиздан сўнг автоматик тарзда тўлдирилади;
- «суммаси» сатрида кўрсаткичнинг қийматини суммада кўрсатасиз.
3. Сиз томондан киритиладиган рақамларни тасдиқловчи ҳужжатларни бириктиринг.
4. «Жўнатиш» тугмасига босинг.
Мурожаатингизни кўриб чиқиш натижасини «Мурожаатлар рўйхати» қўшимча саҳифасида «Ҳолати» устунида кўришингиз мумкин.
Мурожаатлар 3 сутка мобайнида кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда. Ижобий кўриб чиқилганидан сўнг маълумотлар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига киритилади.