Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот автоматик режимда қандай шакллантирилади
2024 йил 1 январдан бошлаб барча айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларнинг айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботлари автоматик режимда шакллантирилади. Buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитаси Айланмадан олинадиган солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нуриддин ОТАМУРОДОВ тафсилотлар ҳақида гапириб берди:
– Ҳозирги вақтда айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини шакллантиришни автоматлаштириш даражаси 82 фоизни ташкил этади. 1 январдан бошлаб эса ушбу кўрсаткич 100 фоизга тенг бўлади.
Мутлақо барча солиқ тўловчиларда солиқ бўйича ҳисоб-китоб автоматик тарзда шакллантирилади.
Қуйидагилар маълумотлар бўлиб хизмат қилади:
- ҳисобварақ-фактуралар;
- онлайн-НКТ, шу жумладан маркетплейслар маълумотлари;
- экспорт операциялари учун БЮД.
Ҳисоботга ахборот киритиш қоидалари ўзгаради:
- онлайн-НКТни ўрнатганлик учун қўлланилган имтиёзлар бўйича (Ҳисоб-китобнинг 0701-сатри);
- солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган даромадлар бўйича (Ҳисоб-китобга 2-илова).
Ушбу маълумотларни ҳисоботга my3.soliq.uzдаги шахсий кабинет орқали интерактив хизмат ёрдамида киритиш лозим.
Солиқ тўловчи Солиқ кодекси билан ҳисоботларни топшириш учун белгиланган муддатларда ҳисобот шаклини очиши, уни текшириши ва солиқ органларига юборишига тўғри келади.
Агар хато ва ноаниқликлар аниқланса, уларни фақат ҳисобварақ-фактура, маркетплейс, онлайн-НКМ ва БЮДда хатоларни тузатган ҳолда тузатиш мумкин бўлади.
Яқин вақтда ҳисоботга солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган даромадлар тўғрисида ахборотни киритиш учун мўлжалланган интерактив хизмат билан ишлаш бўйича батафсил йўриқномани тақдим этамиз.