Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.10.2002 й. 26-сон "Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2002 й.

N 26



ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ БИЛАН БОҒЛИҚ

ЖИНОЯТ ВА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни асоссиз жавобгарликка тортиш, уларга нисбатан адолатсиз жазо тайинлаш, шу жумладан, иш бўйича ҳеч бир зарурат бўлмаганда ҳам уларни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш иши жазосини умумий асосларда белгилашга йўл қўйилмоқда. Бу эса, уларни бозор иқтисодиёти шароитида жамият учун фойдали бўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум этмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда судлар томонидан қонунларнинг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда судларга тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳақидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишлари шартлиги тушунтирилсин.


2 "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун мазмунига кўра тадбиркорлик тегишли субъектлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккалчилик асосида ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолиятдир.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъекти ўз фаолияти натижасида чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, уни тасарруф қилиш, шунингдек маҳсулот етказиб берувчи ва истеъмолчиларни эркин танлашга ҳақли.


3. Судларга тушунтирилсинки, қонунга мувофиқ тузилган шартнома шартларини бажара олмаганлик оқибатида келиб чиққан моддий зарар (бой берилган фойда) мавжудлигининг ўзи тадбиркорни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

Ушбу низолар фуқаролик муносабатларига тааллуқли бўлиб, фуқаролик ёки хўжалик процессуал қонунларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Айни пайтда бундай низоларни кўриб чиқиш чоғида, суд шахснинг хатти-ҳаракатида муайян жиноят таркиби мавжуд деган хулосага келса, қонунда белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилади.


4. Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи айрим моддалари диспозициясида шахсни жавобгарликка тортиш учун унга нисбатан муқаддам маъмурий жазо қўлланилган бўлиши шартлиги назарда тутилган. Бунда, МЖтКнинг 37-моддасида белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиниши зарур.

Судлар, шуни эътиборда тутишлари керакки, айбдорнинг муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жинояти учун ЖК 72-моддаси тартибида белгиланган синов муддати даврида, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўташи давомида ёки жазони ўтаб бўлгандан сўнг судланганлик ҳолати тугалланмасдан, ёхуд қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмасдан тадбиркорликка оид ҳуқуқбузарликни содир этганда ҳам унинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши талаб қилинади. Жиноят кодекси муайян моддаларининг тегишли қисмлари диспозицияларида назарда тутилган квалификация белгилари мавжуд бўлган жиноят содир этилган ҳоллар бундан мустасно.

5. Судлар, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда юридик шахс ташкил этган ҳолда бундай фаолият билан шуғулланаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари раҳбарларининг ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги ЖКнинг иқтисодиёт асослари ва хўжалик соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи бобларидаги моддалар диспозицияси билан қамраб олинса, қўшимча равишда мансабдорлик жиноятлари билан квалификация қилинмаслигини назарда тутишлари керак.


6. Тушунтирилсинки, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ЖК 167-моддаси билан жавобгарликка тортишда хусусий фирма ва корхоналар, деҳқон (фермер) хўжаликлари мулкдорлари ўз мулкларини шахсий мақсадларда тасарруф қилганликлари учун ушбу модда билан жавобгарликка тортилишлари мумкин эмаслигига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Тадбиркорлик фаолияти умумий хусусий мулкчиликка асосланган ҳолларда, мулкдорлардан бири бундай мулкни талон-торож этса, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун, бу ҳақда мулкдорлар ваколатли органининг белгаланган тартибда қабул қилинган қарори ёки мулкдорларнинг аризаси мавжуд бўлиши шарт.


7. Судлар қилмишни ЖК 184-моддаси билан квалификация қилишда тадбиркор амалда олган фойда (даромад)дан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган бўлиши шартлигига эътибор беришлари лозим.

Фойда (даромад)ни қасддан яширишнинг белгилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 23 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслардан солиқлар ва йиғимлар ундиришни тартибга солиш тўғрисида"ги 483-сонли қарори 1-иловасида қатъий кўрсатилган бўлиб, булар: ҳужжатларни сохталаштириш (тузатиш, ноқонуний тўғрилаш); қалбаки бошланғич бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш; фойдаланилмаган моддий харажатларни ишлаб чиқариш ҳисобига қўшиб ҳисобдан чиқариш; корхонада ишламайдиган, лекин ҳисобда турадиган ходимларга иш ҳақи ёзиш йўли билан меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларини ошириш; сотишдан олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромадни қасддан камайтириш); моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини ва амортизация (эскириш) миқдорини сунъий равишда ошириш ёки норматив (лимит)ларни нотўғри қўллаш; ҳужжатларни йўқ қилиш ёки уларни тақдим этишни рад этиш; сотиш жойларида бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар билан тегишли равишда расмийлаштирилмаган маҳсулот (товар)ларнинг мавжуд бўлиши; давлат рўйхатидан ўтмасдан ва солиқ органларида ҳисобда турмасдан хўжалик (тадбиркорлик) фаолиятини юритиш; давлат солиқ хизматининг ёзма билдиришномаси мавжуд бўлгани ҳолда икки ва ундан ортиқ манбалардан даромад олувчи жисмоний шахслар томонидан барча даромадлари ҳақида декларация тақдим этмасликдан иборат.

ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятларга доир ишларни кўришда судларнинг эътибори тадбиркорнинг қилмишида юқорида қайд этилган ҳолатлардан бири мавжуд бўлиши зарурлигига қаратилсин.

ЖК 184-моддаси диспозициясида қўрсатилган "анча миқдор", "кўп миқдор" ва "жуда кўп миқдор" тушунчаларига баҳо беришда олинган фойда (даромад)нинг миқдоридан эмас, балки тўланмаган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловлар суммасидан келиб чиқилади.

Қонун мазмунига кўра (Солиқ кодексининг 133-моддаси) агар солиқ, йиғим, бож ёки бошқа мажбурий тўловларнинг бирон тури бўйича ортиқча тўланган суммалар ўрни, бошқа тур бўйича қасддан тўланмаган суммалар ўрнини тўлиқ қопласа, шахс маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Солиқ, йиғим, бож ёки бошқа мажбурий тўловларнинг бирон тури бўйича ортиқча тўланган суммалар ўрни, бошқа тури бўйича қасддан тўланмаган суммалар ўрнини қисман қоплаган ҳолларда эса, шахснинг жавобгарлиги масаласи тўланган ва тўланмаган суммалар ўртасидаги фарқнинг миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳал қилинади.


8. Судлар тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида", "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонунлари, "Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низом талабларига риоя этилганлигига, жумладан, назорат қилувчи органлар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаганлигига, текширишнинг қонунийлиги, даврийлиги ва белгиланган муддатларда ўтказилганлигига ҳамда "Текширишларни рўйхатга олиш Китоби"га бу ҳақда тегишли ёзувлар киритилганлигига эътибор беришлари керак.

Бундан ташқари, иш материалларида назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган томонидан тасдиқланган режадан кўчирма (рухсатнома), текширувчи орган билан аудиторлик ташкилоти ўртасида тузилган шартнома нусхаси, ходимда текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжудлигига, шунингдек тадбиркорлик фаолияти мустақиллигини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракат (ҳисоб рақамидаги маблағни асоссиз тўхтатиб туриш, маблағларни бошқа мақсадларда ишлатишга мажбурлаш каби)ларга аҳамият беришлари зарур.

Бундай қонунбузарлик ҳолларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан судлар тегишли муносабат билдиришлари ва уларни МЖтК 241-1-моддаси билан жавобгарликка тортиш масаласини, етарли асослар аниқланган ҳолларда эса белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этишлари лозим.


9. Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда (тегишли акциз маркаларисиз ва ҳоказо) муомалага киритиш (ЖК 186-1-моддаси) деганда, уни ҳақ эвазига сотиш ёки тижорат мақсадида бошқа моддий қимматликларга айирбошлаш, шунингдек гаровга қўйиш, қарз эвазига ўтказиш тушунилади.

10. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддаси ва Жиноят кодексининг 189-моддасида назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишнинг субъекти сифатида фақат белгиланган тартибда савдо ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тушунилади. Бу ҳуқуқбузарлик товарлар бевосита савдо қоидалари бузиб муомалага киритилганда (сотилганда), шунингдек хизмат кўрсатиш қоидалари бузилганда содир этилган ҳисобланади.

Мазкур моддаларнинг диспозицияси ҳаволаки (бланкет) диспозиция бўлганлиги сабабли, Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада ва айблов хулосасида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларининг айнан қайси банди талаби бузилганлиги кўрсатилган бўлиши шарт.


11. Судларга тушунтирилсинки, қонунга кўра белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиш деганда тадбиркорлик субъектларининг ваколатли давлат органлари (ҳокимлик ёки адлия идоралари)да давлат рўйхатига олиниши тушунилади. Давлат солиқ инспекциялари томонидан бериладиган "Қайд гувоҳномаси" уларнинг ички идоравий ҳужжати бўлиб, унинг мавжуд эмаслиги ёки муддати ўтганлиги фактининг ўзи тадбиркорлик субъектларини ЖК 188-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

Бироқ, шахс тадбиркорлик фаолияти тугатилгандан сўнг ҳам бундай фаолиятни амалда давом эттирса, у ЖК 188-моддасида кўрсатилган жиноятнинг субъекти бўлиши мумкин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 20 июндаги ПФ-3076 ва 11 июлдаги ПФ-3105-сонли фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6 майдаги 154-сонли, 13 июндаги 208-сонли, 12 июлдаги 248 ва 249-сонли, 19 июлдаги 257-сонли, 20 августдаги 295-сонли қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 31 августда 1169-рақами билан рўйхатга олинган "Юридик ва жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб келиш ва сотиш тартиби тўғрисида"ги Низомда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товар моддий бойликларини олиб киришнинг ва муомалага киритишнинг янги тартиби белгиланган.

Шу муносабат билан судлар мазкур тоифадаги ишларни кўришда ушбу Низомда белгиланган қоидаларга асосланишлари керак.


13. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига кўра шахс ҳуқуқбузарлик фактини инкор этган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳар қандай иш унинг кўриб чиқилиши қайси ваколатли давлат органига (мансабдор шахсга) тааллуқлилигидан қатъи назар, судлар томонидан кўрилади. Шунинг учун ҳам судлар бундай ишларни ўз иш юритувларига монеъликсиз қабул қилишлари ва мазмунан ҳал этишлари лозим.


14. "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида''ги Қонуннинг 14-моддасига кўра тенг юридик кучга эга бўлган норматив ҳужжатлар бир-бирига зид келган ҳолларда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади. Жумладан, божхонага доир қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда судлар ушбу масалада Божхона кодексида белгиланган нормаларни қўллашлари лозим.


15. Тушунтирилсинки, қонунга кўра якка тартибда ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлар ҳам хўжалик юритувчи субъектлар доирасига киради. Шу туфайли бундай шахслар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат молларининг уларнинг сифати ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотилиши, шунингдек сотиш мақсадида олиниши МЖтК 164-моддаси билан эмас, балки тўғридан-тўғри шу кодекснинг 166-моддаси билан квалификация қилиниши лозим.

16. Судларга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан ҳуқуқий асослар мавжуд бўлган ҳолларда айбдорларни муайян ҳуқуқдан маҳрум этмасдан уларга ахлоқ тузатиш иши жазосини ўз иш жойларида ўташликни белгилаш мақсадга мувофиқлиги тушунтирилсин.


17. Уқтирилсинки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахслар жиноят оқибатида етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаган, айбига иқрорлик ва чин кўнгилдан пушаймонлик билдирган ҳолларда, судлар ЖК 65, 66, 70 ёки 71-моддаларига асосан уларни жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласини муҳокама қилишлари шарт.



Олий суд раиси

вазифасини бажарувчи                                                    А. Ишметов



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                              Х. Ҳасанов