Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.04.2016 й. 123-сон "Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.04.2016 й.

N 123



ВИЛОЯТЛАР, ШАҲАРЛАР ВА ТУМАНЛАР

ҲОКИМЛИКЛАРИ БОШҚАРУВ АППАРАТЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ НАМУНАВИЙ НИЗОМЛАРНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2497-сон қарорини бажариш юзасидан, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш вазифаларини амалга оширишда уларнинг масъулиятини ва мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ;

Вилоят марказлари бўлган шаҳарлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ;

Туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги намунавий низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда:

а) ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий низомлар асосида:

вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари тўғрисидаги низомларни;

вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни;

вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари ходимларининг функционал вазифаларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

б) ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


3. Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига тасдиқланган низомлар талаблари оғишмай бажарилиши, ижро интизоми мустаҳкамланиши ва бошқарув аппаратларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудий давлат бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2497-сон қароридан келиб чиқувчи вазифаларни юқори профессионал даражада амалга оширишга қодир бўлган малакали кадрлар билан ўз вақтида тўлдирилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ушбу қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бошқарув аппарати ва таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек бошқарув аппарати ходимларининг функционал вазифаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 2 май, 17-сон, 177-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 4-сон, 29-модда