Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.12.2017 й. ПФ-5276-сон "Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

06.12.2017 й.

N ПФ-5276



ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

НАҚД ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАНИ ОЛИБ КИРИШ

ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА

СОДДАЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини соддалаштириш мақсадида:


1. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:

жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 (икки минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби;

тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетишларига рухсатнома бериш бекор қилинсин.


2. Белгилансинки, жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш эквивалентда 5 000 (беш минг) АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилади.

Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш:

резидентлар томонидан - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида;

норезидентлар томонидан - Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилади.

Норезидентлар - республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат улар томонидан ушбу нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлади.


3. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига нақд хорижий валютани олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.


4. Жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 (икки минг) АҚШ долларидан ошадиган суммадаги нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш чоғида олиб кирилаётган ёки олиб чиқиб кетилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси ёзма равишда декларация қилинади.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Марказий банки, Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу Фармон қоидалари республика аҳолисига ва хорижий давлатларнинг фуқароларига ўз вақтида етказилиши юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур Фармон қоидалари кенг ёритилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуротов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тоҳирий зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 6 декабрдаги

ПФ-5276-сонли Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани олиб келиши ва олиб чиқиб кетишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 20 мартдаги ПФ-1979-сонли Фармони.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани олиб келиши ва олиб чиқиб кетишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1997 йил 20 мартдаги ПФ-1979-сонли Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2001 йил 19 июндаги ПФ-2887-сонли Фармони.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида нақд хорижий валюта муомаласини тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2002 йил 27 июндаги ПФ-3099-сонли Фармони 4-бандининг иккинчи хатбоши.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани олиб келиши ва олиб чиқиб кетишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1998 йил 20 мартдаги ПФ-1979-сонли Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2003 йил 28 июлдаги ПФ-3284-сонли Фармони.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 декабрь


"Халқ сўзи" 2017 йил 8 декабрь