Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IFRS) 6 "Фойдали қазилмаларни геологик қидириш ва баҳолаш" Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 32-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

32-ИЛОВА



МОЛИЯВИЙ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IFRS) 6 "ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ

ГЕОЛОГИК ҚИДИРИШ ВА БАҲОЛАШ"



Мақсад


1. Мазкур МҲХСнинг мақсади фойдали қазилмалар захираларини геологик қидириш ва баҳолаш фаолиятини молиявий ҳисоботда акс эттириш тартибини аниқлашдан иборат.


2. Хусусан, мазкур МҲХС қуйидагиларни талаб қилади:

(а) геологик қидириш ва баҳолаш сарфларини ҳисобга олиш бўйича мавжуд амалий ёндашувларни чекланган такомиллашуви;

(б) геологик қидириш ва баҳолаш активларини тан олган ташкилотлардан мазкур МҲХСга мувофиқ бундай активларни қадрсизланиши бўйича текшириш ва ҳар қандай қадрсизланишни 36-сон БҲХС "Активларнинг қадрсизланиши"га мувофиқ баҳолаш;

(в) ташкилот фойдали захираларини қидириш ва баҳолаш фаолияти билан боғлиқ молиявий ҳисобот кўрсаткичларни аниқлайдиган ва тушунтирадиган ва молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига қидирув ҳамда баҳолаш билан боғлиқ активлар қиймати, муддати ва ҳар қандай тан олинган геологик қидириш ва баҳолаш активларидан келиб чиқадиган пул маблағларининг келгуси пул оқимлари пайдо бўлишининг аниқлигини тушуниш учун ёрдам берадиган маълумотларни ёритиб бериш.



Қўллаш доираси


3. Ташкилот мазкур МҲХСни геологик қидириш ва баҳолашда юзага келадиган сарфлар учун қўллаши лозим.


4. Мазкур МҲХСда фойдали қазилмалар захираларини қидириш ва баҳолаш бўйича фаолиятини амалга оширадиган ташкилотларни бухгалтерия ҳисобининг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилмайди.


5. Ташкилот мазкур МҲХСни амалга оширилган қуйидаги сарфларга нисбатан қўлламаслиги лозим:

(а) ташкилот томонидан муайян ҳудудда геологик қидириш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини олишдан олдин амалга оширилган сарфлар каби фойдали қазилмаларни қидириш ва баҳолаш ишларини бошлашдан олдинги сарфлар;

(б) Фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг техник имконияти ва тижорат мақсадларига мувофиқлигидан сўнг амалга оширилган сарфлар.



Геологик қидириш ва баҳолаш

активларини тан олиш


8-сон БҲХСнинг 11 ва 12-бандларини

қўллашдан вақтинчалик озод қилиш


6. Ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда геологик қидириш ва баҳолаш активларини тан олган ташкилот 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар"нинг 10-бандини қўллаши лозим.


7. 8-сон БҲХСнинг 11 ва 12-бандлари, агар моддага қўлланадиган бирор МҲХС мавжуд бўлмаса, бундай модда бўйича ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда раҳбарият томонидан эътиборга олиниши талаб этиладиган расмий талаблар ва кўрсатмаларнинг манбаларини белгилайди. Қуйидаги 9 ва 10-бандларга мувофиқ, мазкур МҲХС ташкилотни геологик қидирув ва баҳолаш активларини тан олиш ва баҳолаш бўйича ҳисоб сиёсатига нисбатан ушбу бандларни қўллашдан озод қилади.



Геологик қидирув ва баҳолаш

активларини баҳолаш


Тан олиш ва баҳолаш


8. Геологик қидирув ва баҳолаш активлари бошланғич қиймати бўйича баҳоланиши лозим.



Геологик қидирув ва баҳолаш активларининг

бошланғич қиймати элементлари


9. Ташкилот қайси сарфлар геологик қидирув ва баҳолаш активлари сифатида тан олинишини белгилайдиган ҳисоб сиёсатини аниқлаши ва ушбу ҳисоб сиёсатини изчил қўллаши лозим. Бундай сиёсатни аниқлашда, ташкилот бундай сарфларни муайян фойдали қазилма захираларини аниқлаш билан боғлиқлик даражасини ҳисобга олади. Қуйида геологик қидирув ва баҳолаш активларини дастлабки баҳолашда киритилиши мумкин бўлган сарфларга мисоллар келтирилган (лекин булар билан чекланмаган):

(a) геологик қидирув ҳуқуқларини харид қилиш сарфлари;

(б) топографик, геологик, геокимёвий ва геофизик тадқиқотлар учун сарфлар;

(в) қидирув разведка бурғулаш сарфлари;

(г) қазиш ишларига сарфлар;

(д) синовлар ва намуналарни танлаш сарфлари; ва

(е) фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг техник имконияти ва тижорат мақсадларига мувофиқлигини бахолаш билан боғлиқ сарфлар.


10. Фойдали қазилмаларни қайта ишлашда юзага келадиган сарфлар геологик қидирув ва баҳолаш активлари сифатида тан олинмаслиги лозим. Молиявий ҳисоботнинг концептуал асоси ва 38-сон БҲХС "Номоддий активлар" тажриба-конструкторлик босқичида юзага келадиган активларни тан олиш бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олади.


11. Ташкилот 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"га мувофиқ фойдали қазилмаларни қидируви ва баҳолаш бўйича ишлар олиб бориш натижасида муайян вақт давомида юзага келадиган активларни фойдаланишдан чиқариш ва атроф-муҳитни қайта тиклаш бўйича ҳар қандай жавобгарликни тан олади.



Тан олишдан кейинги баҳолаш


12. Тан олишдан сўнг, ташкилот геологик қидирув ва баҳолаш активларига нисбатан бошланғич қиймат модели ёки қайта баҳолаш моделини қўллаши лозим. Агар қайта баҳолаш модели(16-сон БҲХС "Асосий воситалар"даги модел ёки 38-сон БҲХСдаги модел) қўлланса, фойдаланилган модель активларнинг таснифланиши билан мувофиқ бўлиши лозим.



Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар


13. Ташкилот, бундай ўзгариш молиявий ҳисобот фойдаланувчиларининг иқтисодий қарорлар қабул қилиш эҳтиёжларига янада мувофиқ бўлишини ва камроқ ишончли бўлмаган ёки янада ишончли ва ушбу эҳтиёжлар нуқтаи назаридан кам мувофиқ бўлмаган тарзда геологик қидирув ва баҳолаш сарфлари бўйича ўзининг ҳисоб сиёсатини ўзгартириши мумкин. Ташкилот 8-сон БҲХСда кўрсатилган мезонларга асосланиб ўринлилик ва ишончлилик тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.


14. Геологик қидирув ва баҳолаш сарфлари бўйича ҳисоб сиёсатининг ўзгаришини асослаш учун, ташкилот бундай ўзгариш молиявий ҳисоботда 8-сон БҲХСда кўрсатилган мезонларга кўпроқ мувофиқликка олиб келишини кўрсатиши лозим, аммо ўзгариш натижасида ушбу мезонлар билан тўлиқ мувофиқликка эришиш талаб этилмайди.



Геологик қидирув ва баҳолаш

активларини таснифлаш


15 Ташкилот геологик қидирув ва баҳолаш активларини харид қилинган активларнинг характерига асосланиб моддий ёки номоддий актив сифатида таснифлаши ва қабул қилинган таснифлашни изчил тарзда қўллаши лозим.


16. Баъзи геологик қидирув ва баҳолаш билан боғлиқ активлар номоддий актив сифатида ҳисобга олинади (масалан, бурғулаш ишларини бажариш ҳуқуқи), айни пайтда бошқа активлар эса моддий актив ҳисобланади (масалан, транспорт воситалари ва бурғулаш қурилмалари). Номоддий активни яратишда, моддий активни истеъмол қилиниши даражасида, бундай истеъмолни акс эттирувчи сумма номоддий активнинг бошланғич қийматининг бир қисмини ташкил этади. Лекин, номоддий активни яратиш учун моддий активдан фойдаланиш, моддий активни номоддий активга айлантирмайди.



Геологик қидирув ва баҳолаш

активларини қайта таснифлаш


17. Геологик қидирув ва баҳолаш активлари фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг техник мақсадга мувофиқлиги ва тижорий мақсадга мувофиқлигини намойиш этиши мумкин бўлганда, уни бундай синф активи сифатида таснифланиши мумкин эмас. Қайта таснифлашдан олдин геологик қидирув ва баҳолаш активлари қадрсизланиш учун текширилиши лозим ва қадрсизланишдан ҳар қандай зарар тан олиниши лозим.



Қадрсизланиш


Тан олиш ва баҳолаш


18. Геологик қидирув ва баҳолаш активлари, фактлар ва ҳолатлар геологик қидирув ва баҳолаш активининг баланс қиймати унинг қопланадиган қийматидан ошиб кетиши мумкинлигини кўрсатганда, қадрсизланиши текширилиши лозим. Фактлар ва ҳолатлар баланс қиймати копланадиган қийматдан ошиб кетишини кўрсатганда, ташкилот 21-бандда кўрсатилган талаблардан ташқари, ҳар қандай қадрсизланиш зарарини 36-сон БҲХСга мувофиқ баҳолаши, тақдим этиши ва ёритиб бериши лозим.


19. Фақат геологик қидириш ва баҳолаш активлари учун, қадрсизланган бўлиши мумкин бўлган бундай активни аниқлашда 36-сон БҲХС нинг 8-17-бандларини эмас, мазкур МҲХСнинг 20-бандини қўллаш лозим. 20-бандда "активлар" атамасидан фойдаланилади, лекин мазкур банд алоҳида геологик қидириш ва баҳолаш активларига ва пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликка ҳам тенг равишда қўлланади.


20. Қуйидаги фактлар ёки ҳолатларнинг (лекин булар билан чекланмаган) бир ёки бир нечтаси ташкилот геологик қидирув ва баҳолаш активларининг қадрсизланишини текшириши лозимлигини кўрсатади:

(a) ташкилот томонидан олинган муайян ҳудудни геологик қидирув ҳуқуқларининг амал қилиш муддати ҳисобот даврида тугаган ёки яқин келажакда тугайдиган бўлганда ва бундай ҳуқуқларни қайта тиклаш кутилмаётганда;

(б) муайян ҳудуддаги фойдали қазилма захираларини қидириш ва баҳолаш фаолиятини давом эттириш учун муҳим сарфлар бюджетга киритилмаган ва режалаштирилмаганда;

(в) маълум бир ҳудудда фойдали қазилмалар захираларини қидириш ва баҳолаш, фойдали қазилмалар захираларининг тижорий жиҳатдан мақсадга мувофиқ миқдорини аниқлашга олиб келмаганда ва ташкилот ушбу ҳудудда бундай фаолиятни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилганда;

(г) Гарчи ҳудудда ишни давом эттириши мумкин бўлсада, геологик қидирув ва баҳолаш активининг баланс қийматини муваффақиятли ишлаб чиқиш ёки сотиш натижасида тўлиқ қоплаши мумкин эмаслиги тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлганда.

Ушбу ҳолатда ёки шунга ўхшаш ҳолатларда, ташкилот 36-сон БҲХСга мувофиқ қадрсизланиш тестини ўтказиши лозим. Ҳар қандай қадрсизланиш зарари 36-сон БҲХСга мувофиқ харажат сифатида тан олинади.



Геологик қидирув ва баҳолаш активларининг

қадрсизланишини текшириш қайси даражада

ўтказиладиганини аниқлаш


21. Ташкилот геологик қидирув ва баҳолаш активларини, бундай активларни қадрсизланишини текшириш мақсадида, пул маблағлари оқимларини ҳосил қилувчи бирликларга ёки пул маблағлари оқимларини ҳосил қилувчи бирликлар гуруҳларига тақсимлаш бўйича ҳисоб сиёсатини белгилаши лозим. Геологик қидирув ва баҳолаш активлари тақсимланган пул маблағлари оқимларини ҳосил қилувчи ҳар бир бирлик ёки бирликлар гуруҳи 8-сон МҲХС "Операцион сегментлар"га мувофиқ аниқланадиган операцион сегментдан катта бўлмаслиги лозим.


22. Геологик қидирув ва баҳолаш активларини қадрсизланишини текшириш учун ташкилот томонидан белгиланган даража пул маблағлари оқимларини ҳосил қилувчи бир ёки бир нечта бирликлардан иборат бўлиши мумкин.



Маълумотларни ёритиб бериш


23. Ташкилот фойдали қазилма захираларини қидириш ва баҳолаш натижасида унинг молиявий ҳисоботида тан олинган суммаларни аниқлайдиган ва тушунтирадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


24. 23-банд талабларини бажариш учун ташкилот қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(а) геологик қидирув ва баҳолаш сарфлари, шу жумладан геологик қидирув ва баҳолаш активларини тан олиш бўйича ўзининг ҳисоб сиёсати;

(б) активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар, шунингдек, фойдали қазилма захираларини қидириш ва баҳолаш натижасида юзага келадига инвестиция ва операцион фаолиятнинг пул оқимлари суммалари.


25. Ташкилот геологик қидирув ва баҳолаш активларини алоҳида активлар синфи сифатида ҳисобга олиши лозим ва ушбу активларнинг қандай таснифланганлигига қараб, 16-сон БҲХС ёки 38-сон БҲХС орқали талаб этилган маълумотларни ёритиб бериши лозим.



Кучга кириш санаси


26. Мазкур МҲХС ташкилотлар томонидан 2006 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур МҲХСни 2006 йил 1 январдан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


26A. 2018 йилда эълон қилинган "МҲХСдаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" бўйича 10-бандга ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш ташкилот томонидан 2020 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Агар ташкилот бир вақтнинг ўзида "МҲХСдаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" бўйича киритилган барча ўзгартиришларни қўлласа, бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Ташкилот 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 6-сон МҲХСга ўзгартиришларни ретроспектив тарзда қўллаши лозим. Аммо, ташкилот ретроспектив қўллаш амалий имконсиз ёки ортиқча сарф ёки ҳаракат талаб этилишини аниқласа, 6-сон МҲХСга киритилган ўзгартиришларни 8-сон БҲХСнинг 23-28, 50-53 ва 54Е бандларига мувофиқ қўллаши лозим.



Ўтиш қоидалари


27. Aгар 18-банднинг муайян талабини 2006 йил 1 январдан олдин бошланган йиллик даврлар учун қиёсий маълумотларга нисбатан амалий қўллаш имконсиз бўлса, ташкилот бу фактни ёритиб бериши лозим. 8-сон БҲХСда "амалий қўллаш имконсизлиги" атамасининг маъносини тушунтирилган.

           

        




А ИЛОВА



АТАМАЛАР ТАЪРИФИ


Мазкур илова МҲХСнинг ажралмас қисмидир.

         

       

геологик қидирув ва баҳолаш активлари


Ташкилотнинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ актив сифатида тан олинган геологик қидирув ва баҳолаш сарфлари.


геологик қидирув ва баҳолаш сарфлари


Ташкилотнинг фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг техник имконияти ва тижорат мақсадларига мувофиқлигини намоён қилишидан олдин фойдали қазилмаларни қидириш ва баҳолаш билан боғлиқ амалга оширилган сарфлари.


фойдали қазилма захираларини қидириш ва баҳолаш


Ташкилот томонидан муайян бир ҳудудда геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқи олингандан кейин минерал ресурслар, нефть, табиий газ, шу жумладан фойдали қазилмаларни ва шунга ўхшаш қайта тикланмайдиган ресурсларни қидириш, шунингдек фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг техник имконияти ва тижорат мақсадларига мувофиқлигини аниқлаш.

            

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь