Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 7 "Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

4-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 7 "ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ҲАРАКАТИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ"*



Мақсад


Ташкилотнинг пул оқимлари тўғрисидаги маълумот молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига ташкилотнинг пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини ҳосил қилиш имконияти ҳамда ташкилотнинг ушбу пул оқимларидан фойдаланиш заруриятини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Фойдаланувчилар томонидан қабул қилинадиган иқтисодий қарорлар ташкилотнинг пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини ҳосил қилиш имкониятини ҳамда уларни ҳосил қилиш муддати ва аниқлигини баҳолашни талаб этади.

Мазкур стандартнинг мақсади ташкилотнинг пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларидаги ўтган давр ўзгаришлари тўғрисидаги маълумотни давр мобайнидаги пул оқимларини операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятлар билан таснифлайдиган пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилишини талаб қилишдан иборат.



Қўллаш доираси


1. Ташкилот мазкур стандарт талабларига мувофиқ пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлаши ва молиявий ҳисобот тақдим этиладиган ҳар бир даврда молиявий ҳисоботнинг ажралмас қисми сифатида такдим этиши лозим.


2. Мазкур стандарт 1977 йил июлда тасдиқланган 7-сон БҲХС "Молиявий ҳолатдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот" ўрнини эгаллайди.


3. Молиявий ҳисобот фойдаланувчилари ташкилот пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини қандай ҳосил қилиши ва фойдаланишини билишдан манфаатдор. Бундай маълумот ташкилот фаолиятининг характеридан, масалан, молиявий институтлардаги каби пул маблағларини ташкилот фаолиятининг маҳсулоти деб ҳисоблаш мумкинлигидан қатъи назар талаб этилади. Ташкилотлар уларнинг даромад келтирувчи фаолият турлари фарқли бўлишига қарамай пул маблағларига, асосан, бир хил сабабларга кўра эҳтиёж сезади. Уларга пул маблағлари операцияларини амалга ошириш, мажбуриятлари бўйича тўловларни амалга ошириш ҳамда инвесторларга даромадларини тўлаш учун зарурдир. Шунинг учун мазкур стандарт томонидан пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни барча ташкилотлар тақдим этишини талаб қилади.



Пул оқимлари тўғрисидаги

маълумотнинг афзалликлари


4. Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот бошқа молиявий ҳисобот шакллари билан бирга қўлланганда, фойдаланувчиларга ташкилотнинг соф активларидаги, молиявий структурасидаги (ликвидлиги ва тўлов қобилияти) ва ўзгарувчан имкониятлар ҳамда шароитларга мослашиш мақсадида ўзининг пул оқимлари суммаси ва муддатларига таъсир кўрсата олиш қобилиятидаги ўзгаришларни баҳолаш имконини берадиган маълумот билан таъминлайди. Пул оқимлари тўғрисидаги маълумот ташкилотнинг пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини ҳосил қилиш имкониятларини баҳолашда фойдали бўлиб, фойдаланувчиларга турли ташкилотларга тегишли келгуси пул оқимларининг жорий (дисконтланган) қийматини баҳолаш ва қиёслаш моделларини ишлаб чиқиш имконини беради. Шунингдек, бундай маълумот бир хил операция ва ҳодисаларнинг турлича ҳисобга олиш тартибларини қўллаш имконини бермаслиги боис, турли ташкилотларнинг операцион фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларининг қиёсланувчанлигини оширади.


5. Одатда ўтган давр пул оқимлари тўғрисидаги маълумотдан келгуси пул оқимларининг суммаси, муддати ва аниқлигининг кўрсаткичи сифатида фойдаланилади. У, шунингдек, келгуси пул оқимлари бўйича олдинги баҳолашлар тўғрилигини текширишда ҳамда фойдалилик ва соф пул оқимлари ўртасидаги боғлиқликни, шунингдек, ўзгарувчан нархларнинг таъсирини ўрганишда самаралидир.



Таърифлар


6. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Пул маблағлари нақд пул ва талаб қилиб олгунча депозитларни ўз ичига олади.

Пул маблағларининг эквивалентлари - бу қисқа муддатли, белгиланган суммадаги пул маблағларига осон айлантириладиган ва қийматининг ўзгариши жиҳатидан аҳамиятсиз даражадаги рискка эга бўлган юқори ликвидли инвестициялардир.

Пул оқимлари - пул маблағлари ва улар эквивалентларининг кирими ва чиқими.

Операцион фаолият - ташкилотнинг асосий даромад келтирувчи фаолияти ҳамда инвестиция ва молиявий фаолиятдан ташқари бошқа фаолият турлари.

Инвестиция фаолияти - узоқ муддатли активларнинг ва пул маблағлари эквивалентларига кирмайдиган бошқа инвестицияларнинг харид қилиниши ва ҳисобдан чиқарилиши.

Молиявий фаолият - ташкилот киритган капитали ва қарз маблағларининг миқдори ва таркибидаги ўзгаришларга олиб келадиган фаолият.



Пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари


7. Пул маблағларининг эквивалентлари инвестиция ёки бошқа мақсадлар учун эмас, балки қисқа муддатли пул мажбуриятларини бажариш учун мўлжалланган. Инвестицияни пул маблағларининг эквиваленти деб таснифлаш учун у белгиланган суммадаги пул маблағига осон айлантириладиган ва қийматидаги ўзгаришлар риски аҳамиятсиз даражада бўлиши лозим. Шу сабабли инвестиция одатда сўндириш муддати қисқа бўлганда, яъни харид қилинган санадан бошлаб тахминан уч ой ёки ундан кам бўлса, пул маблағларининг эквиваленти ҳисобланади. Хусусий капиталга инвестициялар, масалан, сўндириш муддатидан бироз олдин харид қилинган ва белгиланган қайта сотиб олиш санасига эга имтиёзли акциялар каби моҳиятан пул маблағларининг эквиваленти бўлмаса, пул маблағларининг эквиваленти ҳисобланмайди.


8. Банк кредитлари одатда молиявий фаолиятга тегишли деб қаралади. Лекин, айрим давлатларда талаб қилинганда тўланадиган банк овердрафтлари ташкилот пул маблағларини бошқариш жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бундай ҳолларда банк овердрафтлари пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари таркибига киритилади. Банк билан тузилган бундай келишувларнинг ўзига хос хусусияти банкдаги ҳисобварақ қолдиғининг кўпинча мусбатдан манфийга ўзгариб туришидир.


9. Пул оқимлари пул маблағлари ёки пул маблағлари эквивалентларининг моддалари ўртасидаги ҳаракатни ўз ичига олмайди, чунки ушбу компонентлар ташкилотнинг операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятининг эмас, балки пул маблағларини бошқаришнинг бир қисмидир. Пул маблағларини бошқариш ортиқча пул маблағларини уларнинг эквивалентларига инвестиция қилишни ўз ичига олади.



Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги

ҳисоботни тақдим этиш


10. Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда давр учун пул оқимлари операцион, инвестиция ва молиявий фаолият бўйича таснифланган ҳолда тақдим этилиши лозим.


11. Ташкилот операцион, инвестиция ва молиявий фаолияти бўйича пул оқимларини бизнес фаолиятига мос тарзда тақдим этади. Фаолият тури бўйича таснифлаш фойдаланувчиларга ушбу фаолиятларнинг ташкилот молиявий ҳолатига ва унинг пул маблағлари ҳамда пул маблағлари эквивалентларининг суммасига таъсирини баҳолаш имкон берадиган маълумот билан таъминлайди. Бу маълумотдан ушбу фаолиятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни баҳолаш учун ҳам фойдаланиш мумкин.


12. Айни бир хил операция турли хил таснифланадиган пул оқимларини ўз ичига олиши мумкин. Масалан, қарз бўйича пул маблағларини тўлаш ўз ичига асосий сумма ва фоизларни олганда, фоиз қисми операцион фаолият тарзида таснифланиши мумкин, асосий сумма қисми эса молиявий фаолият тарзида таснифланади.



Операцион фаолият


13. Операцион фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларининг суммаси - ташкилотнинг қарзларини тўлаш, операцион имкониятларини сақлаб қолиш, дивидендларни тўлаш ва молиялаштиришнинг ташқи манбаларига мурожаат қилмасдан, янги инвестициялар қилиш учун етарли бўлган пул оқимларини қай даражада ҳосил қилганлигини акс эттирувчи асосий кўрсаткичдир. Ўтган даврларда операцион фаолиятдан келиб чиққан пул оқимларининг алоҳида таркибий қисмлари тўғрисидаги маълумот бошқа маълумотлар билан биргаликда операцион фаолият бўйича келгуси пул оқимларини прогноз қилишда фойдалидир.


14. Операцион фаолият бўйича пул оқимлари биринчи навбатда ташкилотнинг асосий даромад келтирувчи фаолиятидан келиб чиқади. Шунинг учун улар одатда фойда ёки зарарни аниқлашда ҳисобга олинадиган операциялар ёки бошқа ҳодисалар натижаси ҳисобланади. Операцион фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларига қуйидагилар мисол бўлади:

(а) товарларни сотиш ва хизматларни кўрсатишдан пул маблағларининг келиб тушиши;

(б) роялти, хизмат ҳақлари, воситачилик ҳақлари ва бошқа тушум кўринишидаги пул маблағларининг келиб тушиши;

(в) етказиб берувчиларга товарлар ва хизматлар учун пул маблағлари тўлови;

(г) ходимларга ва ходимлар номидан пул маблағлари тўлови;

(д) суғурта ташкилотининг мукофотлар ва даъволар, аннуитетлар ҳамда суғурта полиси билан боғлиқ бошқа тўловлар бўйича пул маблағлари келиб тушиши ва пул маблағлари тўлови;

(е) молиявий ёки инвестиция фаолиятига аниқ тегишли бўлмаган фойда солиғи бўйича пул маблағлари тўлови ёки уларнинг қайтарилиши;

(ё) дилинг ёки савдо мақсадларида тузилган шартномалар бўйича пул маблағлари келиб тушиши ва пул маблағлари тўлови.

Ускунани сотиш каби айрим операциялар фойда ёки зарар таркибида тан олинадиган фойда ёки зарарни келтириб чиқариши мумкин. Бундай операцияларга боғлиқ пул оқимлари инвестиция фаолиятидан пул оқимлари тарзида таснифланади. Аммо, 16-сон БҲХС "Асосий воситалар" нинг 68А бандида таъкидланганидек, ижарага бериш ва кейинчалик сотиш учун мўлжалланган активларни ишлаб чиқариш ёки харид қилиш учун амалга ошириладиган пул маблағлари тўлови операцион фаолиятдан пул оқимлари ҳисобланади. Бундай активларни ижарага бериш ва кейинчалик сотишдан пул маблағлари келиб тушиши ҳам операцион фаолиятдан пул оқимлари саналади.


15. Ташкилот қимматли қоғозлар ва қарзларни дилинг ёки савдо мақсадида ушлаб туриши мумкин ва бунда улар қайта сотиш учун харид қилинадиган заҳираларга ўхшайди. Шунинг учун дилинг ёки савдо учун мўлжалланган қимматли қоғозларнинг сотиб олиниши ва сотилишидан келиб чиқадиган пул оқимлари операцион фаолият тарзида таснифланади. Худди шундай, молиявий институтлар томонидан бериладиган аванс пул маблағлари ва қарзлар, одатда, молиявий ташкилотнинг асосий даромад келтирувчи фаолиятига тегишли бўлганлиги сабабли операцион фаолият тарзида таснифланади.



Инвестиция фаолияти


16. Инвестиция фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларини алоҳида ёритиш муҳим аҳамият касб этади, чунки бундай пул оқимлари келгуси даромад ва пул оқимларини ҳосил қилиш учун мўлжалланган ресурсларга қанча сарфлар амалга оширилганини кўрсатади. Фақат молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда актив тан олинишига олиб келадиган сарфларгина инвестиция фаолияти тарзида таснифланиши мумкин. Инвестиция фаолиятидан келиб чиқадиган пул оқимларига қуйидагилар мисол бўлади:

(а) асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа узоқ муддатли активларни харид қилиш учун амалга оширилган пул маблағлари тўлови. Ушбу тўловлар капиталлаштириладиган тажриба-конструкторлик сарфлари бўйича ва ташкилотнинг ўзида яратилган асосий воситалар бўйича тўловларни ўз ичига олади;

(б) асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа узоқ муддатли активларни сотишдан пул маблағлари келиб тушиши;

(в) бошқа ташкилотларнинг улушли ёки қарз инструментларини ва қўшма корхоналардаги улушларни ҳарид қилиш учун амалга оширилган пул маблағлари тўлови (дилинг ва савдо учун мўлжалланган инструментлар ёки пул маблағлари эквивалентлари бўлиб ҳисобланадиган инструментлар учун қилинган тўловлар бундан мустасно);

(г) бошқа ташкилотларнинг улушли ёки қарз инструментларини ва қўшма корхоналардаги улушларни сотишдан пул маблағлари келиб тушиши (дилинг ва савдо учун мўлжалланган инструментлар ёки пул маблағлари эквивалентлари бўлиб ҳисобланадиган инструментлар бўйича пул маблағларининг келиб тушиши бундан мустасно);

(д) бошқа томонларга берилган аванс пул маблағлари ва қарзлар (молиявий институтлар томонидан берилган аванс пул маблағлари ва қарзлар бундан мустасно);

(е) бошқа томонларга берилган аванс пул маблағлари ва қарзларнинг қайтарилишидан пул маблағлари келиб тушиши (молиявий институтларнинг аванс пул маблағлари ва қарзлари бундан мустасно);

(ё) фючерс шартномалари, форвард шартномалари, опцион шартномалари ва своп шартномалари бўйича пул маблағлари тўлови, ушбу шартномалар дилинг ёки савдо учун мўлжалланган ҳолатлар ёки тўловларни молиявий фаолият сифатида таснифланадиган ҳолатлар бундан мустасно; ва

(ж) фьючерс шартномалари, форвард шартномалари, опцион шартномалари ва своп шартномалари бўйича пул маблағлари келиб тушиши, ушбу шартномалар дилинг ёки савдо учун мўлжалланган ҳолатлар ёки пул маблағлари келиб тушиши молиявий фаолият сифатида таснифланадиган ҳолатлар бундан мустасно.

Шартнома муайян позицияни хежлаш тарзида ҳисобга олинганда, шартнома бўйича пул оқимлари хежланган позиция бўйича пул оқимлари билан бир хил тарзда таснифланади.



Молиявий фаолият


17. Молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларини алоҳида ёритиб бериш муҳим аҳамият касб этади, чунки бу маълумот ташкилотни капитал билан таъминловичилар томонидан келгуси пул оқимларига бўлган талабларини прогноз қилиш учун фойдалидир. Молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларига қуйидагилар мисол бўлади:

(a) акциялар ёки бошқа улушли инструментларни муомалага чиқаришдан пул маблағлари келиб тушиши;

(б) ташкилот акцияларини харид қилиш ёки муомаладан чиқариш учун мулкдорларга пул маблағлари тўлови;

(в) қарз мажбуриятларини чиқариш, қарзлар бериш, векселлар, облигациялар, гаров ва бошқа қисқа муддатли ёки узоқ муддатли қарз мажбуриятларини чиқаришдан пул маблағлари келиб тушиши;

(г) қарзлар бўйича қайтарилган пул маблағлари тўлови; ва

(д) ижарачи томонидан ижара бўйича сўндирилмаган мажбуриятни камайтириш учун амалга оширилган пул маблағлари тўлови.



Операцион фаолиятдан келиб чиқадиган

пул оқимларини тақдим этиш


18. Ташкилот операцион фаолият бўйича пул оқимларини ҳисоботда қуйидаги усуллардан бирини қўллаган ҳолда тақдим этади:

(a) бевосита усулда пул маблағларининг ялпи келиб тушиши ва ялпи тўловининг асосий синфлари ёритиб берилади; ёки

(б) билвосита усулда фойда ёки зарар пулсиз операцияларнинг таъсирини ва ҳар қандай кечиктирилган ёки ҳисобланган ўтган ёки келгуси даврга тегишли операцион пул маблағлари келиб тушиши ёки тўловини, ҳамда инвестиция ёки молиявий пул оқимлари билан боғлиқ даромад ёки харажат моддаларини ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилади.


19. Ташкилотлар операцион фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларини тақдим этишда бевосита усулни қўллашга рағбат берилади. Бевосита усулни қўллаш келгуси пул оқимларини баҳолаш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган ва билвосита усулни қўллашда тақдим этилмайдиган маълумот билан таъминлайди. Бевосита усул қўлланганда, пул маблағларининг ялпи келиб тушиши ва ялпи тўловининг асосий синфлари тўғрисидаги маълумотларни қуйидаги йўллар билан олиш мумкин:

(а) ташкилотнинг бухгалтерия ҳисоби ёзувларидан; ёки

(б) умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириладиган сотишдан тушум, сотиш таннархи (молиявий институтлар учун фоизлар ва шунга ўхшаш даромадлар ҳамда фоиз харажатлари ва шунга ўхшаш харажатлар) ва бошқа моддаларни қуйидагилар бўйича тузатиш орқали:

(i) давр мобайнида захиралардаги ва операцион дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;

(ii) бошқа пулсиз моддалар; ва

(iii) инвестиция ёки молиявий фаолият бўйича пул оқимларини келтириб чиқарадиган бошқа моддалар.


20. Билвосита усул қўлланганда, операцион фаолият бўйича соф пул оқимлари фойда ёки зарарни қуйидагиларнинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда тузатиш орқали аниқланади:

(a) давр мобайнида захиралардаги ва операцион дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;

(б) эскириш, баҳоланган мажбурият, кечиктирилган солиқлар, реализация қилинмаган ижобий ва салбий курс фарқлари ва таъсир остидаги ташкилотларнинг тақсимланмаган фойдаси каби пулсиз моддалар; ва

(в) инвестиция ёки молиявий фаолият бўйича пул оқимларини келтириб чиқарадиган бошқа моддалар.

Муқобил равишда операцион фаолият бўйича соф пул оқимларини умумлашган даромадлар тўғрисидаги ҳисоботда ёритилган тушумлар ва харажатларни акс эттириш ҳамда давр мобайнида захиралардаги ва операцион дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришларни акс эттириш орқали билвосита усулда тақдим этиш мумкин.



Инвестиция ва молиявий фаолиятдан келиб

чиқадиган пул оқимларини тақдим этиш


21. Ташкилот инвестиция фаолияти ва молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул маблағларининг ялпи келиб тушиши ва ялпи тўловининг асосий синфларини ҳисоботда алоҳида тақдим этиши лозим, бундан 22 ва 24 бандларда белгиланган, нетто асосда тақдим этиладиган пул оқимлари мустасно.



Пул оқимларини нетто асосда тақдим этиш


22. Қуйидаги операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимлари нетто асосда тақдим этилиши мумкин:  

(a) пул оқимлари ташкилотнинг эмас, балки харидорнинг фаолиятини акс эттирган ҳолда, харидорлар номидан пул маблағларининг келиб тушиши ва тўлови; ва

(б) айланма даври қисқа, йирик суммадаги ва сўндириш муддати қисқа бўлган моддалар бўйича пул маблағлари келиб тушиши ва тўлови.


23. 22(а)-бандида назарда тутилган пул маблағлари келиб тушиши ва тўловига қуйидагилар мисол бўла олади:

(a) банк томонидан талаб қилиб олингунча депозитларни қабул қилиш ва қайтариб тўлаш;

(б) инвестиция ташкилоти харидорлари учун сақланадиган маблағлар; ва

(в) кўчмас мулк эгалари номидан йиғиб олинган ва уларга тўланган ижара ҳақлари.


23A. 22(б)-бандида назарда тутилган пул маблағлари келиб тушиши ва тўловига қуйидагилар бўйича амалга оширилган аванс ва тўловлар мисол бўлади:

(а) кредит карта эгаларига тегишли қарзнинг асосий қисми;

(б) инвестицияларни сотиб олиш ва сотиш; ва

(в) бошқа қисқа муддатли қарзлар, масалан, сўндириш муддати уч ой ва ундан кам бўлган қарзлар.


24. Молиявий институтнинг қуйидаги фаолиятлардан келиб чиқадиган пул оқимлари ҳисоботда нетто асосда тақдим этилиши мумкин:

(а) сўндириш санаси қатъий белгиланган депозитларни қабул қилиш ва қайтариб тўлаш бўйича пул маблағлари келиб тушиши ва тўлови;

(б) бошқа молиявий институтларга депозитларни жойлаштириш ва бошқа молиявий институтлардан депозитларни қайтариб олиш; ва

(в) харидорларга тақдим этилган аванс пул маблағлари ва қарзлар ҳамда ушбу аванслар ва қарзларнинг қайтарилиши.



Чет эл валютасидаги пул оқимлари


25. Чет эл валютасидаги операциялардан келиб чиқадиган пул оқимлари ушбу пул оқими санасидаги функционал валюта ва чет эл валютаси ўртасидаги айирбошлаш курсини чет эл валютасидаги суммага кўпайтириш орқали ташкилотнинг функционал валютасида акс эттирилиши лозим.


26. Чет эл шўъба ташкилотининг пул оқимлари ушбу пул оқимлари санасидаги функционал валюта ва чет эл валютаси ўртасидаги айирбошлаш курси бўйича қайта ҳисобланиши лозим.


27. Чет эл валютасида акс эттирилган пул оқимлари 21-сон БҲХС "Валюта курсларидаги ўзгаришларнинг таъсирлари"га мувофиқ тақдим этилади. Бу ҳақиқатдаги курсга тахминан тенг бўлган айирбошлаш курсини қўллаш имконини беради. Масалан, чет эл валютасидаги операцияларни акс эттириш ёки чет эл шўъба ташкилотининг пул оқимларини бошқа валютага ўтказишда маълум давр учун ўртача тортилган айирбошлаш курси қўлланиши мумкин. Лекин, 21-сон БҲХС чет эл ташкилотининг пул оқимларини қайта ҳисоблашда ҳисобот даврининг охиридаги айирбошлаш курсини қўллашга рухсат бермайди.


28. Валюта курсларидаги ўзгаришлар натижасида ҳосил бўладиган реализация қилинмаган фойда ва зарарлар пул оқимлари ҳисобланмайди. Лекин, валюта курсларидаги ўзгаришларнинг чет эл валютасида бўлган ёки чет эл валютасида олиниши кутилаётган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларига таъсири давр бошига ҳамда давр охирига бўлган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини солиштириш мақсадида пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилади. Бу сумма операцион, инвестиция ва молиявий фаолият бўйича пул оқимларидан алоҳида тақдим этилади ва ушбу пул оқимларини давр охиридаги айирбошлаш курси бўйича ҳисоблаганда ҳосил бўладиган ҳар қандай фарқларни, агар мавжуд бўлса, ўз ичига олади.


29. [Чиқариб ташланган]


30. [Чиқариб ташланган]



Фоизлар ва дивидендлар


31. Фоизлар ва дивидендлар олинишидан ва тўланишидан келиб чиқадиган пул оқимларининг ҳар бири алоҳида ёритиб берилиши лозим. Уларнинг ҳар бири даврдан даврга изчил равишда операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятдан пул оқимлари сифатида таснифланиши лозим.


32. Давр давомида тўланган фоизларнинг умумий суммаси, у фойда ёки зарар таркибида харажат сифатида тан олиниши ёки 23-сон БҲХС "Қарзлар бўйича сарфлар"га мувофиқ капиталлаштирилишидан қатъи назар, пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда ёритиб берилиши лозим.


33. Молиявий институтлар учун тўланган фоиз ҳамда олинган фоизлар ва дивидендлар, одатда, операцион фаолиятдан пул оқимлари тарзида таснифланади. Лекин, бошқа ташкилотларга нисбатан бундай пул оқимларини таснифлашда ягона қараш мавжуд эмас. Тўланган фоизлар ҳамда олинган фоиз ва дивидендлар операцион фаолиятдан пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин, чунки улар фойда ёки зарарни шакллантиришда иштирок этади. Муқобил тарзда, тўланган фоизлар ҳамда олинган фоиз ва дивидендлар молиявий фаолиятдан пул оқимлари ва инвестиция фаолиятидан пул оқимлари тарзида таснифланиши мумкин, чунки улар ўзида молиявий ресурсларни жалб этиш бўйича сарфларни ёки инвестициялар бўйича даромадларни жамлайди.


34. Тўланган дивидендлар молиявий фаолиятдан пул оқимлари тарзида таснифланиши мумкин, чунки улар молиявий ресурсларни жалб этиш бўйича сарфлардир. Муқобил тарзда, фойдаланувчиларга ташкилотнинг операцион пул оқимларидан дивидендларни тўлай олиш имкониятини аниқлашда ёрдам бериш учун тўланган дивидендлар операцион фаолиятдан пул оқимларининг компоненти бўлиб таснифланиши мумкин.



Фойда солиқлари


35. Фойда солиқлари натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари алоҳида ёритиб берилиши ва улар молиявий ва инвестиция фаолиятига бевосита боғлиқ бўлмаса операцион фаолиятдан пул оқимлари тарзида таснифланиши лозим.


36. Фойда солиқлари пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда операцион, инвестиция ёки молиявий фаолият тарзида таснифланиши мумкин бўлган пул оқимларини келтириб чиқарувчи операциялар натижасида юзага келади. Солиқ харажатини инвестиция фаолияти ёки молиявий фаолият билан боғлиқлигини осонликча аниқлаш мумкин бўлсада, тегишли солиқ пул оқимларини аниқлаш кўпинча амалий имконсиз ҳамда уларга асос бўладиган операцияларнинг пул оқимлари бошқа даврда келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун, тўланган солиқлар одатда операцион фаолиятдан пул оқимлари тарзида таснифланади. Лекин солиқ пул оқимини инвестиция фаолияти ёки молиявий фаолият тарзида таснифланган пул оқимларини келтириб чиқарган алоҳида операция билан боғлашнинг амалий имкони мавжуд бўлса, солиқ пул оқими инвестиция фаолияти ёки молиявий фаолият тарзида таснифланади. Солиқ пул оқимлари бир нечта фаолият тури билан боғлиқ бўлганда, тўланган солиқларнинг умумий суммаси ёритиб берилади.



Шўъба ташкилотлар, таъсир

остидаги ташкилотлар ва қўшма

корхоналарга инвестициялар


37. Таъсир остидаги ташкилот, қўшма корхона ёки шўъба ташкилотга инвестицияларнинг ҳисоби улушли қатнашиш усулида ёки бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинганда, инвестор пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда фақат ўзи ва инвестиция объекти ўртасидаги пул оқимлари, масалан, дивидендлар ва аванслар тўғрисидаги маълумот билан чегараланади.


38. Таъсир остидаги ташкилотларга ёки қўшма корхоналарга инвестицияларни улушли қатнашиш усулида акс эттирадиган ташкилот пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботига ушбу таъсир остидаги ташкилотга ёки қўшма корхонага инвестициялар билан боғлиқ пул оқимларини ҳамда ўзи ва ушбу таъсир остидаги ташкилот ёки қўшма корхона ўртасидаги фойдани тақсимлаш ва бошқа тўловлар ёки келиб тушган суммаларни киритади.



Шўъба ташкилотлар ва бошқа бизнеслардаги

эгалик улушларининг ўзгариши


39. Шўъба ташкилотлар ёки бошқа бизнеслардаги назоратни олиш ёки йўқотиш натижасида келиб чиқадиган умумлашган пул оқимлари алоҳида тақдим этилиши ва инвестиция фаолияти тарзида таснифланиши лозим.


40. Ташкилот ҳисобот даври давомида шўъба ташкилотлари ёки бошқа бизнеслардаги назоратни олиш ҳамда йўқотиш бўйича қуйидагиларнинг ҳар бирини умумлашган суммада ёритиб бериши лозим:

(a) жами тўланган ёки олинган товон;

(б) ушбу товоннинг пул маблағлари ва пул эквивалентларидан ташкил топган қисми;

(в) назоратга олинган ёки йўқотилган шўъба ташкилотларидаги ёки бошқа бизнеслардаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалент суммаси; ва

(г) назоратга олинган ёки йўқотилган шўъба ташкилотларидаги ёки бошқа бизнеслардаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларидан ташқари активлари ҳамда мажбуриятларининг асосий тоифалари бўйича жамланган суммаси.


40A. 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот" да таърифланган инвестиция ташкилоти 40(в) ёки 40(г) бандларни фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаш талаб этиладиган шўъба ташкилоти инвестициялартига нисбатан қўлламаслиги лозим.


41 Шўъба ташкилотлари ёки бошқа бизнесларда назорат олиниши ёки йўқотилишининг пул оқимларига таъсирини ҳисоботнинг алоҳида моддаси тарзида тақдим этилиши ва харид қилинган ёки ҳисобдан чиқарилган актив ва мажбуриятларнинг суммаларини алоҳида ёритиб берилиши бу пул оқимларини операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган бошқа пул оқимларидан фарқлашга ёрдам беради. Назоратни йўқотишдан келиб чиқадиган пул оқимлари назоратни олишдан келиб чиқадиган пул оқимларидан чегирилмайди.


42. Шўъба ташкилотлари ёки бошқа бизнесларда назоратни олиш ёки йўқотишда товон тарзида олинган ёки тўланган пул маблағларининг жамланган суммаси пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда бундай операциялар, ҳодисалар ёки турли ҳолатлардаги ўзгаришлар доирасида харид қилинган ёки ҳисобдан чиқарилган пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларини чегирган ҳолда акс эттирилади.


42A. Агар шўъба ташкилоти 10-сон МҲХСда белгиланганидек, инвестиция ташкилотига тегишли бўлмаса ва фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланиши талаб этилмаса, назоратни йўқотишга олиб келмайдиган, шўъба ташкилотининг эгалик улушларидаги ўзгаришлардан келиб чиқадиган пул оқимлари молиявий фаолиятдан пул оқимлари тарзида таснифланиши лозим.


42Б. Агар шўъба ташкилоти инвестиция ташкилотига тегишли бўлмаса ва фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланиши талаб этилмаса (10-сон МҲХСга қаранг), шўъба ташкилотидаги эгалик улушларининг назоратни йўқотишга олиб келмайдиган ўзгариши, масалан, шўъба ташкилотнинг улушли инструментларини бош ташкилот томонидан кейинги сотиб олиниши ёки сотилиши ҳусусий капитал билан боғлиқ операциялар тарзида ҳисобга олиниши лозим. Шунга кўра, бундай операциялар натижасидаги пул оқимлари 17-бандда белгиланганидек, мулкдорлар билан бошқа операциялар каби таснифланади.



Пулсиз операциялар


43. Пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентларидан фойдаланишни талаб этмайдиган инвестиция ва молиявий операциялар пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботга киритилмайди. Бундай операциялар молиявий ҳисоботларнинг бошқа қисмида ушбу инвестиция ва молиявий фаолият тўғрисидаги барча ўринли маълумотни акс эттирадиган тарзда ёритиб берилиши лозим.


44. Аксарият инвестиция ва молиявий фаолиятлар ташкилотнинг капитали ва активлари структурасига таъсир қилишига қарамай, жорий пул оқимларига бевосита таъсир этмайди. Пулсиз операцияларни пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботга киритмаслик пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот мақсадларига мос келади, чунки бундай моддалар жорий даврдаги пул оқимлари билан боғлиқ эмас. Пулсиз операцияларга қуйидагилар мисол бўлади:

(а) тегишли мажбуриятларни олиш орқали ёки ижара асосида активларни харид қилиш;

(б) улушли инструментларни чиқариш орқали ташкилотни харид қилиш; ва

(в) қарз мажбуриятларининг хусусий капиталга конвертацияси.



Молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган

мажбуриятларнинг ўзгариши


44A. Ташкилот молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига пул оқимлари бўйича ўзгаришларни ва пулсиз ўзгаришларни ўз ичига оладиган, молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятлар ўзгаришини баҳолаш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши лозим.


44Б. 44А банддаги талаблар бажарилиши лозим бўлганда, ташкилот молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятлардаги қуйидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимларидаги ўзгаришлар;

(б) шўъба ташкилотлар ва бошқа бизнеслар бўйича назоратни олиш ёки йўқотишдан келиб чиқадиган ўзгаришлар;

(в) валюта курсидаги ўзгаришлар таъсири;

(г) ҳаққоний қийматдаги ўзгаришлар; ва

(д) бошқа ўзгаришлар.


44В. Молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятлар пул оқимлари ёки келгуси пул оқимлари пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботда молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимлари тарзида таснифланган ёки таснифланадиган мажбуриятлардир. Бундан ташқари, агар молиявий активлар (масалан, молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятларни хежлайдиган активлар) бўйича пул оқимлари ёки келгуси пул оқимлари молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимлари таркибига киритилган ёки киритиладиган бўлса, бундай молиявий активлардаги ўзгаришларга нисбатан 44А банднинг маълумотларни ёритиб бериш бўйича талаблари қўлланади.


44Г. 44А банднинг маълумотларни ёритиб бериш бўйича талабларини бажаришнинг бир йўли 44Б бандда кўрсатилган ўзгаришларни ўз ичига оладиган, молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган давр бошига ва охирига қолдиқлари ўртасидаги солиштирмани таъминлашдир. Ташкилот бундай солиштирмани ёритиб беришда молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига унга киритилган моддаларни молиявий ҳолат ва пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот билан боғлашлари учун етарли маълумот тақдим этиши лозим.



44Д. Агар ташкилот 44А бандда талаб этилган маълумотларни бошқа активлар ва мажбуриятлардаги ўзгаришлар билан биргаликда ёритиб беришни таъминласа, ташкилот молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган мажбуриятлардаги ўзгаришларни ушбу активлар ва мажбуриятлардаги ўзгаришлардан алоҳида ёритиб бериши лозим.



Пул маблағлари ва пул

эквивалентларининг компонентлари


45. Ташкилот пул ва пул эквивалентларининг компонентларини ёритиб бериши ва пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботдаги суммаларнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган эквивалент моддалари билан солиштирмасини тақдим этиши лозим.


46. Пул маблағларини бошқариш амалиёти ва банк механизмларининг дунё бўйлаб фарқ қилишини ҳисобга олган ҳолда ва 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га риоя қилиш мақсадида, ташкилот пул маблағлари ва унинг эквивалентлари таркибини белгилашда қабул қилинган сиёсатини ёритиб беради.


47. Пул маблағлари ва пул эквивалентларининг компонентларини аниқлаш сиёсатидаги ҳар қандай ўзгариш таъсири, масалан, аввал ташкилот инвестиция портфелининг бир қисми деб қаралган молиявий инструментларни таснифлашдаги ўзгаришлар, ҳисоботда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ тарзда тақдим этилади.



Бошқа ёритиб бериладиган маълумотлар


48. Ташкилот раҳбарият шарҳи билан биргаликда, ташкилотда мавжуд бўлган, аммо гуруҳ томонидан фойдаланиш имкони бўлмаган аҳамиятли миқдордаги пул маблағлари ва пул эквивалентлари суммасини ёритиб бериши лозим.


49. Баъзи ҳолатларда гуруҳ томонидан ташкилотда мавжуд пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари қолдиқларидан фойдаланишнинг имконияти бўлмайди. Мисол тариқасида бош ташкилот ёки бошқа шўъба ташкилоти томонидан умумий фойдаланиш имкониятини бермайдиган валюта назорати ёки бошқа қонуний чеклашлар ўрнатилган мамлакатда фаолият кўрсатувчи шўъба ташкилоти эгалигида бўлган пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентларини келтириш мумкин.


50. Ташкилотнинг молиявий ҳолати ва ликвидлигини тушуниш учун фойдаланувчиларга қўшимча маълумотлар берилиши ўринли бўлиши мумкин. Бу маълумотларни раҳбарият шарҳи билан биргаликда ёритиб беришга рағбат берилади ва ўз ичига қуйидагиларни олиши мумкин:

(a) фойдаланиш бўйича чекловлар кўрсатилган ҳолда, келгуси операцион фаолиятда ва капитал сарфлар амалга оширилиши бўйича шартномавий мажбуриятларни бажариш учун фойдаланиш мумкин бўлган қарз маблағларининг ишлатилмаган суммаси;

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) операцион имкониятларни сақлаб туриш учун зарур бўлган пул маблағларидан алоҳида, операцион имкониятларнинг ошишини кўрсатувчи пул оқимларининг жамланган суммаси; ва

(г) ҳар бир ҳисобот сегментининг операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятлари натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари суммаси (8-сон МҲХС "Операцион сегментлар" га қаранг).


51. Операцион имкониятларнинг ошишини кўрсатувчи пул оқимлари ва операцион имкониятларни сақлаб туриш учун зарур бўлган пул оқимларини алоҳида ёритиб бериш фойдаланувчиларга ташкилот операцион имкониятларини сақлаб туриш учун етарли ҳажмдаги маблағларни йўналтираётганлигини аниқлаш имконини беради. Ўзининг операцион имкониятларини сақлаб туриш учун етарли маблағлар йўналтирмаётган ташкилот жорий ликвидлигини сақлаб туриш ва мулкдорларига фойдани тақсимлаш мақсадида келгуси фойдалиликка путур етказаётган бўлиши мумкин.


52. Пул оқимларини сегментлар бўйича ёритиб бериш фойдаланувчилар учун бутун бизнесга ва унинг компонентларига тегишли бўлган пул оқимларининг ўзаро алоқасини ҳамда сегмент пул оқимларининг мавжудлиги ва ўзгарувчанлиги ҳақида янада яхшироқ тушунчага эга бўлиш имконини беради.



Кучга кириш санаси


53. Мазкур стандарт 1994 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларни қамраб оладиган молиявий ҳисобот учун амал қилади.


54. 27-сон БҲХС (2008 йилдаги ўзгаришлари билан биргаликда) бўйича 39 - 42 бандларга ўзгартиришлар ва қўшимча 42А ва 42Б бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 27-сон БҲХСни (2008 йилдаги ўзгаришлари билан биргаликда) олдинги давр учун қўлласа, ушбу ўзгартиришлар ҳам шу олдинги давр учун қўлланиши лозим. Ўзгартиришлар ретроспектив тарзда қўлланиши лозим.


55. 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 14 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни 2009 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у бу фактни ёритиб бериши ва 16-сон БҲХСнинг 68А бандини қўллаши лозим.


56. 2009 йил апрель ойида эълон қилинган ҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 16 бандга ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш ташкилот томонидан 2010 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агарда ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


57. 2011 йил май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХС "Қўшма фаолият" бўйича 37, 38 ва 42Б бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 50(б) банд чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХСлар билан биргаликда қўллаши лозим.


58. 2012 йил октябрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСларга ўзгартиришлар) бўйича 42А ва 42Б бандларга ўзгартиришлар киритилди ва қўшимча 40А банд киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. "Инвестиция ташкилотлари"ни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у шу даврга нисбатан "Инвестиция ташкилотилари"га киритилган барча ўзгартиришларни ҳам қўллаши лозим.


59. 2016 йил январь ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС "Ижара" бўйича 17 ва 44 бандларга ўзгартиришлар киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


60. 2016 йил январь ойида эълон қилинган "Маълумотларни ёритиб бериш ташаббуси" (7-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича қўшимча 44A - 44Д бандлар киритилди. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2017 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни биринчи марта қўллаганда, олдинги даврлар учун қиёсий маълумот тақдим этилиши талаб этилмайди.


61. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган]


---------------------------------------------------

*) БҲХСҚ томонидан 2007 йилда 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" қайта кўриб чиқилиши натижасида 2007 йил сентябрда 7-сон БҲХСнинг номи "Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот"дан "Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот"га ўзгартирилди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь