Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 24 "Боғлиқ томонлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 13-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

13-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 24 "БОҒЛИҚ ТОМОНЛАР ТЎҒРИСИДАГИ

МАЪЛУМОТЛАРНИ ЁРИТИБ БЕРИШ"



Мақсад


1. Мазкур стандартнинг мақсади боғлиқ томонларнинг ҳамда ушбу томонлар билан амалга оширилган операциялар ва бундай операциялар бўйича қолдиқлар, шунингдек шартномавий мажбуриятларнинг мавжудлиги ташкилот молиявий ҳолатига ва фойда ёки зарарига таъсир этиши мумкинлигига эътибор қаратиш учун зарур маълумотларни ушбу ташкилот молиявий ҳисоботида ёритиб берилишини таъминлашдан иборат.



Қўллаш доираси


2. Мазкур стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланади:

(a) боғлиқ томонлар билан муносабатлар ва операцияларни аниқлаш;

(б) ташкилот ва у билан боғлиқ томонлар ўртасидаги операциялар бўйича мавжуд бўлган қолдиқларни, шу жумладан шартномавий мажбуриятларни аниқлаш;

(в) (а) ва (б) кичик бандларда талаб этилган маълумотларни ёритиб берилиши зарур бўлган ҳолатларни аниқлаш; ва

(г) юқоридаги моддалар тўғрисида ёритиб бериладиган маълумотларни белгилаш.


3. Мазкур стандарт боғлиқ томонларнинг муносабатлари, операциялар ва бундай операциялар бўйича қолдиқлар, шу жумладан шартномавий мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни бош ташкилотнинг ёки биргаликда назорат қиладиган ёки аҳамиятли таъсир кўрсатадиган инвесторларнинг 10-cон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"га ёки 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот"га мувофиқ тақдим қилинадиган консолидациялашган ва алоҳида молиявий ҳисоботида ёритиб берилишини талаб этади. Мазкур стандарт, шунингдек, индивидуал молиявий ҳисоботга нисбатан ҳам қўлланади.


4. Боғлиқ томонлар билан операциялар ва гуруҳдаги бошқа ташкилотлар билан бундай операциялар бўйича қолдиқлар ташкилотнинг молиявий ҳисоботида ёритиб берилиши лозим. Гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботини тайёрлашда гуруҳ ичидаги боғлиқ томонлар билан операциялар ва бундай операциялар бўйича қолдиқлар чиқариб ташланади, бундан инвестиция ташкилоти ва унинг фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳоланадиган шўъба ташкилоти ўртасидаги операциялар ва қолдиқлар мустасно.



Боғлиқ томонлар тўғрисидаги маълумотларни

ёритиб беришнинг мақсади


5. Боғлиқ томонлар билан муносабатлар тижорат ёки бизнесда одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, ташкилотлар ўз фаолиятининг бир қисмини кўпинча шўъба ташкилотлари, қўшма корхоналар ва таъсир остидаги ташкилотлар орқали амалга оширади. Бундай ҳолатларда, ташкилот инвестиция объекти устидан назорат, биргаликдаги назорат ёки аҳамиятли таъсир мавжудлиги орқали унинг молиявий ва операцион сиёсатига таъсир кўрсата олади.


6. Боғлиқ томонлар билан муносабат ташкилотнинг молиявий ҳолатига ва фойда ёки зарарига таъсир кўрсатиши мумкин. Боғлиқ томонлар боғлиқ бўлмаган томонлар кириша олмайдиган операцияларни амалга ошириши мумкин. Масалан, товарларини бош ташкилотга уларнинг таннархида сотадиган ташкилот, бошқа харидорга товарларни бундай шартларда сотмаслиги мумкин. Шунингдек, боғлиқ томонлар ўртасидаги операциялар боғлиқ бўлмаган томонлар ўртасида айни суммаларда амалга оширилмаслиги мумкин.


7. Боғлиқ томонлар билан муносабат ташкилотнинг молиявий ҳолатига ва фойда ёки зарарига боғлиқ томонлар билан операциялар содир бўлмаганда ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай муносабат мавжуд бўлишининг ўзи ташкилотнинг бошқа томонлар билан амалга оширадиган операцияларига таъсир кўрсатиши учун етарли бўлиши мумкин. Масалан, бош ташкилот бир шўъба ташкилотининг савдо шериги билан бир хил фаолият юритадиган бошқа шўъба ташкилотни харид қилганда, бундай шўъба ташкилот ўзининг савдо шериги билан муносабатларни тугатиши мумкин. Муқобил тарзда, бир томон бошқа томоннинг аҳамиятли таъсири туфайли айрим фаолиятдан чекиниши мумкин, масалан шўъба ташкилоти тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширмаслик бўйича бош ташкилотдан кўрсатма олиши мумкин.


8. Шу сабаблар туфайли, ташкилотнинг боғлиқ томонлар билан операциялари, бундай операциялар бўйича қолдиқлари, шу жумладан шартномавий мажбуриятлари ва муносабатлари тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар томонидан унинг фаолиятини баҳоланишига, шу жумладан ташкилот учрайдиган рисклар ва имкониятларни баҳоланишига таъсир кўрсатиши мумкин.



Таърифлар


9. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Боғлиқ томон - молиявий ҳисобот тайёрлайдиган ташкилот (мазкур стандартда "ҳисобот берувчи ташкилот" назарда тутилади) билан боғлиқ бўлган жисмоний шахс ёки ташкилотдир.

(a) Жисмоний шахс ёки ушбу жисмоний шахснинг яқин оила аъзоси қуйидаги шартларда ҳисобот берувчи ташкилотга боғлиқ томон ҳисобланади:

(i) ҳисобот берувчи ташкилот устидан назоратга ёки биргаликдаги назоратга эга бўлса;

(ii) ҳисобот берувчи ташкилот устидан аҳамиятли таъсирга эга бўлса; ёки

(iii) ҳисобот берувчи ташкилот ёки унинг бош ташкилотидаги муҳим бошқарув ходимлари таркибига кирса.

(б) Ташкилот ҳисобот берувчи ташкилотга қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, боғлиқ томон ҳисобланади:

(i) Ушбу ташкилот ва ҳисобот берувчи ташкилот айни бир гуруҳнинг аъзолари бўлса (бу ҳар бир бош ташкилот, шўъба ташкилоти ва айни бош ташкилот назоратидаги бошқа шўъба ташкилот боғлиқ эканлигини англатади).

(ii) Бир ташкилот бошқа ташкилотнинг таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси бўлса (ёки бундай бошқа ташкилот аъзо сифатидан кирган гуруҳ аъзосининг таъсир остидаги ташкилоти ёки қўшма корхонаси бўлса).

(iii) Иккала ташкилот ҳам айни бир учинчи томонга тегишли қўшма корхоналар бўлса.

(iv) Бир ташкилот учинчи томонга тегишли қўшма корхона бўлса ва бошқа ташкилот ушбу учинчи томоннинг таъсир остидаги ташкилоти бўлса.

(v) Ташкилот ҳисобот берувчи ташкилотнинг ёки ушбу ҳисобот берувчи ташкилот билан боғлиқ бўлган бошқа ташкилотнинг ходимлари даромадлари бўйича меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастури бўлса. Агар ҳисобот берувчи ташкилотнинг ўзи шундай дастур эгаси бўлса, бундай дастурни молиялаштирувчи иш берувчилар ҳам ҳисобот берувчи ташкилотга боғлиқ томон ҳисобланади.

(vi) Ташкилот (а) кичик бандда кўрсатилган жисмоний шахс томонидан назорат қилинса ёки биргаликда назорат қилинса.

(vii) (a)(i) кичик бандда келтирилган жисмоний шахс ташкилот устидан аҳамиятли таъсирга эга бўлса ёки ташкилотнинг (ёки ташкилот бош ташкилотининг) муҳим бошқарув ходимлари таркибига кирса.

(viii) Ташкилот ёки у аъзо бўлган гуруҳнинг бирор аъзоси ҳисобот берувчи ташкилотга ёки ҳисобот берувчи ташкилотнинг бош ташкилотига муҳим бошқарув ходими хизматини кўрсатса.

Боғлиқ томон билан операция - бу тўлов олиниши ёки олинмаслигидан қатъий назар, ҳисобот берувчи ташкилот ва у билан боғлиқ томон ўртасида ресурсларнинг, хизматларнинг ёки мажбуриятларнинг ўтказилишидир.

Жисмоний шахснинг яқин оила аъзолари - ташкилот билан операцияларни амалга оширадиган жисмоний шахснинг таъсири остида бўлиши ёки таъсирланиши кутилиши мумкин бўлган ушбу жисмоний шахснинг оила аъзоларидан иборат ва улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ушбу жисмоний шахснинг болалари ва турмуш ўртоғи ёки оилавий шериги;

(б) ушбу жисмоний шахс турмуш ўртоғининг ёки оилавий шеригининг болалари; ва

(в) ушбу жисмоний шахснинг ёки ушбу жисмоний шахс турмуш ўртоғининг ёки оилавий шеригининг қарамоғида бўлган жисмоний шахслар.

Компенсация - ходимларнинг (19-сон БҲХС "Ходимларнинг даромадлари" да таърифланган) барча даромадларини, шу жумладан 2-сон МҲХС "Акцияга асосланган тўлов" қўлланадиган ходимларнинг даромадларини ўз ичига олади. Ходимларнинг даромадлари ташкилот томонидан, ёки унинг номидан, унга кўрсатилган хизматлар эвазига тўланган, тўланадиган ёки таъминланадиган товоннинг барча шаклларидир. Улар шунингдек ташкилотнинг бош ташкилоти номидан ташкилот учун тўланган товонни ҳам ўз ичига олади. Компенсация қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари, масалан иш ҳақлари, маошлари, ижтимоий ҳимоя бадаллари, тўланадиган йиллик таътиллар, тўланадиган меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, фойдада қатнашиш ва мукофотлар (ҳисобот давридан кейин ўн икки ой давомида тўланадиган бўлса) ва жорий пайтдаги ходимларнинг номонетар даромадлари (масалан тиббий хизмат, уй ёки автомобиль ҳамда бепул ёки имтиёзли нархларда товарлар ёки хизматлар билан таъминлаш);

(б) меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар, масалан пенсиялар, бошқа нафақалар, меҳнат фаолиятидан кейинги ҳаёт суғуртаси ва меҳнат фаолиятидан кейинги тиббий хизмат;

(в) ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари, шу жумладан кўп йил ишлаганлик учун ёки ижодий таътил, юбилейга бериладиган мукофотлар ёки бошқа узоқ муддатли хизмат ҳақлари, узоқ вақт меҳнатга лаёқатсизлик учун тўловлар ва, агар ҳисобот давридан кейин ўн икки ой давомида тўлиқ тўланмайдиган бўлса, фойдада қатнашиш, мукофотлар ва кечиктирилган компенсация;

(г) ишдан бўшатиш нафақалари; ва

(д) акцияга асосланган тўлов.

Муҳим бошқарув ходимлари - ташкилотнинг фаолиятини бевосита ёки билвосита режалаштириш, йўналтириш ва назорат қилиш учун ваколатга ва жавобгарликка эга бўлган жисмоний шахслар, шу жумладан ушбу ташкилотнинг (ижрочи ёки бошқа) ҳар қандай директори.

Давлат - давлат, давлат идоралари ва шунга ўхшаш ташкилотлар, шу жумладан маҳаллий, миллий ёки халқаро ташкилотларни англатади.

Давлат билан боғлиқ бўлган ташкилот - давлатнинг назорати, биргаликдаги назорати ёки аҳамиятли таъсири остида бўлган ташкилот.

"Назорат" ва "инвестиция ташкилоти", "биргаликдаги назорат" ва "аҳамиятли таъсир" атамалари 10-сон МҲХС, 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар" ва 28-сон БҲХС "Таъсир остидаги ташкилотларга ва қўшма корхоналарга инвестициялар"да таърифланган ва мазкур стандартда ўша МҲХСларда белгиланган маъноларида ишлатилади.


10. Боғлиқ томон билан муносабат бўлиши мумкин бўлган ҳар бир муносабатни таҳлил қилганда, эътиборни бундай муносабатнинг нафақат юридик шаклига, балки моҳиятига қаратилади.


11. Мазкур стандарт доирасида, қуйидагилар боғлиқ томонлар бўлиб ҳисобланмайди:

(a) иккита ташкилот, улар фақатгина умумий директор ёки умумий муҳим бошқарув ходимига эгалиги ёки бир ташкилотнинг муҳим бошқарув ходими бошқа ташкилот устидан аҳамиятли таъсирга эга бўлиши туфайли.

(б) қўшма корхонанинг икки иштирокчиси, улар фақатгина қўшма корхона устидан биргаликдаги назоратни амалга ошириши туфайли.

(i) молиялаштиришни таъминлайдиган томонлар,

(ii) касаба уюшмалари,

(iii) коммунал хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар, ва

(iv) ҳисобот берувчи ташкилот устидан назоратга, биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга бўлмаган давлат идоралари ва муассасалари,

(в) улар фақатгина ташкилот билан одатдаги операцияларга эга бўлиши туфайли (улар ташкилотнинг ҳаракатлари эркинлигига таъсир кўрсата олиши ёки ташкилотнинг қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши мумкин бўлсада).

(г) ташкилот фақатгина юзага келадиган иқтисодий қарамлик туфайли, аҳамиятли ҳажмдаги операцияларни амалга оширадиган харидор, етказиб берувчи, франчайзер, дистрибьютор ёки умумий агент.


12. Боғлиқ томоннинг таърифида, таъсир остидаги ташкилот тушунчаси бундай ташкилотнинг шўъба ташкилотини ва қўшма корхона тушунчаси қўшма корхонанинг шўъба ташкилотини ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун, масалан, таъсир остидаги ташкилотнинг шўъба ташкилоти ва ушбу таъсир остидаги ташкилот устидан аҳамиятли таъсирга эга бўлган инвестор бир-бирига боғлиқ томонлар ҳисобланади.



Маълумотларни ёритиб бериш


Барча ташкилотлар


13. Бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар, улар ўртасида операциялар амалга оширилган ёки йўқлигидан қатъий назар, ёритиб берилиши лозим. Ташкилот ўзининг бош ташкилоти номини ва агар ушбу бош ташкилотдан фарқ қилса, якуний назорат қилувчи томоннинг номини ёритиб бериши лозим. Агар оммавий фойдаланиш учун консолидациялашган молиявий ҳисоботни ташкилотнинг бош ташкилоти ҳам, якуний назорат қилувчи томон ҳам тайёрламаса, бундай ҳисоботни тайёрлайдиган кейинги юқори турувчи бош ташкилотнинг номи ҳам ёритиб берилиши лозим.


14. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар боғлиқ томонлар билан муносабатларнинг ташкилотга таъсирлари тўғрисида бирор фикрга келиши учун, назорат мавжуд бўлганда боғлиқ томонлар билан муносабатларни улар ўртасида операциялар амалга оширилганлиги ёки йўқлигидан қатъий назар, ёритиб бериш ўринли бўлади.


15. Бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилотлари ўртасидаги боғлиқ томонлар сифатидаги муносабатларни ёритиб бериш 27-сон БҲХС ва 12-сон МҲХС "Бошқа ташкилотлардаги улушларни ёритиб бериш"да ёритиб берилиши талаб этилган маълумотларга қўшимча ҳисобланади.


16. 13 бандда кейинги юқори турувчи бош ташкилот назарда тутилади. Бу гуруҳда оммавий фойдаланиш учун консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлайдиган бош ташкилотдан бевосита юқорироқ турган биринчи бош ташкилотдир.


17. Ташкилот умумий ҳолда ва қуйидаги ҳар бир тоифа бўйича муҳим бошқарув ходимларининг компенсацияси тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари;

(б) меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар;

(в) бошқа узоқ муддатли даромадлар;

(г) ишдан бўшатиш нафақалари; ва

(д) акцияга асосланган тўлов.


17A. Агар ташкилот бошқа ташкилотдан ("Бошқарув ташкилоти") муҳим бошқарув ходими хизматини олса, бошқарув ташкилоти томонидан бошқарув ташкилоти ходимлари ёки директорларига тўланган ёки тўланадиган компенсацияга нисбатан ташкилот 17 банддаги талабларни қўллаши талаб этилмайди.


18. Агар ташкилот молиявий ҳисобот қамраб оладиган даврларда боғлиқ томонлар билан операцияларни амалга оширган бўлса, у боғлиқ томонлар билан муносабатларнинг характерини ҳамда фойдаланувчилар ушбу муносабатларнинг молиявий ҳисоботга бўлган таъсирини тушуниши учун зарур бўлган операциялар ва улар бўйича қолдиқлар, шу жумладан шартномавий мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим. Маълумотларни ёритиб бериш бўйича ушбу талаблар 17 банддаги талабларга қўшимча ҳисобланади. Ёритиб бериладиган маълумотлар камида қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

(a) операцияларнинг суммаси;

(б) операциялар бўйича қолдиқларнинг, шу жумладан шартномавий мажбуриятларнинг суммаси ва:

(i) уларнинг муддатлари ва шартлари, шу жумладан уларнинг таъминланганлиги ва сўндиришда улар эвазига бериладиган товоннинг характери; ва

(ii) берилган ёки олинган ҳар қандай кафолатларнинг тафсилотлари;

(в) операциялар бўйича қолдиқларнинг суммасига тегишли шубҳали қарзлар бўйича баҳоланган мажбуриятлар; ва

(г) боғлиқ томонлардан олиниши лозим бўлган шубҳали ёки умидсиз қарзлар бўйича давр давомида тан олинган харажатлар.


18A. Алоҳида бошқарув ташкилоти томонидан таъминланадиган муҳим бошқарув ходимлар хизмати учун ташкилот томонидан амалга оширилган сарфлар суммаси ёритиб берилиши лозим.


19. 18 бандда ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар қуйидаги тоифаларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ёритиб берилиши лозим:

(a) бош ташкилот;

(б) ташкилот устидан биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга бўлган ташкилотлар;

(в) шўъба ташкилотлар;

(г) таъсир остидаги ташкилотлар;

(д) ташкилот иштирокчиси бўлган қўшма корхоналар;

(е) ташкилот ёки унинг бош ташкилотининг муҳим бошқарув ходимлари; ва

(ё) бошқа боғлиқ томонлар.


20. 19 бандда келтирилган турли тоифалардаги боғлиқ томонлардан олинадиган ёки уларга тўланадиган суммаларнинг таснифланиши молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ёки изоҳларда маълумотларни ёритиб бериш бўйича 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"даги талабларнинг бир қисмидир. Ушбу тоифалар боғлиқ томон билан операциялар бўйича қолдиқларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва ушбу операцияларга нисбатан қўллаш мақсадида кенгайтирилган.


21. Қуйидагилар боғлиқ томон билан амалга оширилган тақдирда ёритиб берилиши талаб этиладиган операцияларга мисол бўлади:

(a) товарларни сотиш ёки сотиб олиш (тайёр ёки тугалланмаган);

(б) мулк ва бошқа активларни сотиш ёки сотиб олиш;

(в) хизматлар кўрсатиш ёки олиш;

(г) ижара;

(д) тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиб берилиши;

(е) лицензия шартномалари бўйича ўтказиб бериш;

(ё) молиялаштириш келишувлари бўйича ўтказиб бериш (шу жумладан кредитлар ва пул маблағлари ёки натура шаклидаги хусусий капиталга қўйилмалар);

(ж) кафолат ёки таъминот берилиши;

(з) келгусида маълум ҳодиса рўй бериши ёки рўй бермаслигига боғлиқ равишда қандайдир хатти-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича шартномавий мажбуриятлар, шу жумладан ижро этиладиган шартномалар* (тан олинган ва тан олинмаган); ва

(и) ташкилот номидан ёки ташкилот томонидан ўша боғлиқ томон номидан мажбуриятларнинг сўндирилиши.


22. Бош ташкилотнинг ёки шўъба ташкилотнинг гуруҳ ичидаги ташкилотлар ўртасида рискларни тақсимлайдиган белгиланган тўловлар бўйича пенсия дастурида қатнашиши боғлиқ томонлар ўртасидаги операция ҳисобланади (19-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳрири)нинг 42 бандига қаранг).


23. Боғлиқ томонлар билан операциялар мустақил томонлар ўртасидаги операция шартларига эквивалент шартлар остида амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ушбу шартларни асослаш мумкин бўлганда ёритиб берилади.


24. Характери бўйича ўхшаш операциялар, агар боғлиқ томонлар билан операцияларнинг ташкилот молиявий ҳисоботига таъсирини тушуниш учун маълумотларни алоҳида ёритиб бериш зарур бўлмаса, умумлашган ҳолда ёритиб берилиши мумкин.



Давлат билан боғлиқ бўлган ташкилотлар


25. Ҳисобот берувчи ташкилот қуйидаги боғлиқ томонлар билан операциялар ва операциялар бўйича қолдиқларга, шу жумладан шартномавий мажбуриятларга тегишли маълумотларни ёритиб бериш бўйича 18 банддаги талаблардан озод этилади:

(a) ҳисобот берувчи ташкилот устидан назоратга ёки биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга бўлган давлат; ва

(б) ҳисобот берувчи ташкилот ҳамда бошқа ташкилот давлатнинг назорати, биргаликдаги назорати ёки аҳамиятли таъсири остида бўлгани сабабли, боғлиқ томон бўлиб ҳисобланадиган ушбу бошқа ташкилот.


26. Агар ҳисобот берувчи ташкилот 25 банддаги талаблардан озод қилишдан фойдаланса, ташкилот 25 бандда кўрсатилган операциялар ва операциялар бўйича тегишли қолдиқлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши лозим:

(a) давлатнинг номи ва унинг ҳисобот берувчи ташкилот билан муносабатларининг характери (яъни, назорат, биргаликдаги назорат ёки аҳамиятли таъсири);

(б) ташкилотнинг молиявий ҳисоботидан фойдаланувчилар боғлиқ томонлар билан операцияларни унинг молиявий ҳисоботига таъсирини тушуниши учун етарлича батафсил бўлган қуйидаги маълумотлар:

(i) ҳар бир алоҳида аҳамиятли бўлган операциянинг характери ва суммаси; ва

(ii) алоҳида эмас, балки умумлашган ҳолда аҳамиятли бўлган бошқа операциялар бўйича кўламининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари. Бундай операцияларнинг турлари 21 бандда санаб ўтилган турларни ўз ичига олади.


27. 26(б) банддаги талабларга мувофиқ ёритиб берилиши лозим бўлган тафсилотлар даражасини аниқлаш учун ташкилот мулоҳазалардан фойдаланганда, ҳисобот берувчи ташкилот боғлиқ томонлар билан муносабатларнинг яқинлигини ва операция аҳамиятлилигини аниқлаш учун қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли бошқа омилларни инобатга олиши лозим:

(a) кўлами бўйича аҳамиятлилиги;

(б) бозорга хос бўлмаган шартларда амалга оширилгани;

(в) бизнесни сотиб олиш ва сотиш каби одатдаги кундалик бизнес операциялардан ташқаридалиги;

(г) тартибга солувчи ёки назорат қилувчи идоралар учун ёритиб берилиши;

(д) юқори раҳбариятга маълум қилингани;

(е) акциядорлар томонидан маъқулланиши лозимлиги.



Кучга кириш санаси ва ўтиш қоидалари


28. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2011 йил 1 январдан бошланадиган ёки ундан кейинги даврлар учун қўлланиши лозим. Мазкур стандартни тўлиқ ёки давлат билан боғлиқ бўлган ташкилотлар бўйича белгиланган 25 - 27 бандлардаги қисман истисно ҳолатларини олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот мазкур стандартни 2011 йил 1 январдан олдинги давр учун тўлиқ ёки қисман қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


28A. 2011 йилнинг май ойида эълон қилинган 10-сон МҲХС, 11-сон "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар" ва 12-сон МҲХСга асосан 3, 9, 11(б), 15, 19(б) ва (д) ва 25 бандлар ўзгартирилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС ва 12-сон МҲХСлар билан биргаликда қўллаши лозим.


28Б. 2012 йил октябр ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСларга ўзгартиришлар) бўйича 4 ва 9 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 январ ёки ундан кейинги йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. "Инвестиция ташкилотлари"ни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у шу даврга нисбатан "Инвестиция ташкилотилари"га киритилган барча ўзгартиришларни ҳам қўллаши лозим.


28В. 2013 йил май ойида эълон қилинган "2010-2012 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 9 бандга ўзгартириш киритилган ва 17А ва 18А бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 июлдан бошланадиган ёки ундан кейинги йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.



24-сон БҲХС (2003 йил таҳрири)

ўз кучини йўқотиши


29. Мазкур стандарт 2003 йил таҳриридаги 24-сон БҲҲС "Боғлиқ томонлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш"ни ўрнини эгаллайди.



--------------------------------------------------

*) 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар"да ижро этиладиган шартномалар томонларнинг ҳеч бири шартномада белгиланган жавобгарликларини бажармаган ёки иккала томон ҳам ўз жавобгарликларини тенг тарзда қисман бажарган шартномалар сифатида таърифланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь