Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 33 "Бир акцияга тўғри келадиган фойда" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 19-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

19-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 33 "БИР АКЦИЯГА ТЎҒРИ

КЕЛАДИГАН ФОЙДА"



Мақсад


1. Мазкур cтандартнинг мақсади бир ҳисобот даврида турли ташкилотлар ўртасида ҳамда бир ташкилотнинг турли ҳисобот даврларидаги фаолият натижаларини ўзаро қиёсланишини осонлаштириш учун бир акцияга тўғри келадиган фойдани аниқлаш ва тақдим этиш тамойилларини белгилашдан иборат. "Фойда"ни аниқлашда фойдаланилиши мумкин бўлган ҳисоб сиёсатидаги фарқли жиҳатлар сабабли, бир акцияга тўғри келадиган фойда тўғрисидаги маълумотлар муайян чекловларга эга бўлишига қарамасдан, изчил тарзда аниқланадиган махраж молиявий ҳисобот сифатини яхшилайди. Мазкур стандартда асосий эътибор бир акцияга тўғри келадиган фойдани ҳисоблашдаги махражга қаратилган.



Қўллаш доираси


2. Мазкур стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланиши лозим:

(a) қуйидаги ташкилотнинг алоҳида ёки индивидуал молиявий ҳисоботига:

(i) оддий акциялари ёки потенциал оддий акциялари очиқ бозорда (ички ёки ташқи фонд биржалари ёки биржадан ташқари бозорларда, шу жумладан, маҳаллий ёки минтақавий бозорларда) савдо қилинадиган; ёки

(ii) очиқ бозорда оддий акцияларни чиқариш мақсадида ўзининг молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссияга ёки бошқа назорат органига тақдим этган ёки тақдим этиш жараёнида бўлган; ва

(б) қуйидаги бош ташкилотга эга гуруҳнинг консолидациялашган молиявий ҳисоботига:

(i) оддий акциялари ёки потенциал оддий акциялари очиқ бозорда (ички ёки ташқи фонд биржалари ёки биржадан ташқари бозорларда, шу жумладан, маҳаллий ёки минтақавий бозорларда) савдо қилинадиган; ёки

(ii) очиқ бозорда оддий акцияларни чиқариш мақсадида ўзининг молиявий ҳисоботини қимматли қоғозлар бўйича комиссияга ёки бошқа назорат органига тақдим этган ёки тақдим этиш жараёнида бўлган.


3. Бир акцияга тўғри келадиган фойда тўғрисидаги маълумотни ёритиб берадиган ташкилот бир акцияга тўғри келадиган фойдани мазкур стандартга мувофиқ ҳисоблаши ва ёритиб бериши лозим.


4. Ташкилот мос равишда 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот" ва 27-сон БҲХС "Алоҳида молиявий ҳисобот"га мувофиқ тайёрланган ҳам консолидациялашган молиявий ҳисоботни ҳам алоҳида молиявий ҳисоботни тақдим этса, мазкур стандарт томонидан ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар фақат консолидациялашган ҳисобот маълумотлари асосида тақдим этилиши лозим. Бир акцияга тўғри келадиган фойдани ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботи асосида ёритиб беришни танлаган ташкилот бир акцияга тўғри келадиган фойда тўғрисидаги бундай маълумотни фақат умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этиши лозим. Ташкилот бир акцияга тўғри келадиган фойда тўғрисидаги бундай маълумотни консолидациялашган молиявий ҳисоботда тақдим этмаслиги лозим.


4A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" (2011 йил таҳрири)нинг 10А-бандида белгиланганидек, фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, у бир акцияга тўғри келадиган фойдани фақат ушбу алоҳида ҳисоботда тақдим этади.



Таърифлар


5. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:


Қарши суюлтириш - белгиланган шартлар бажарилиши натижасида конвертацияланадиган инструментлар конвертацияланганини, опционлар ёки варрантлар бажарилгани ёки оддий акциялар чиқарилгани тўғрисидаги фараз натижасида бир акцияга тўғри келадиган фойдада кўпайишни ёки бир акцияга тўғри келадиган зарарда камайишни англатади.


Акцияларни шартли чиқариш шартномаси - белгиланган шартлар бажарилишига боғлиқ бўлган акцияларни чиқариш битимидир.


Шартли чиқариладиган оддий акциялар - акцияларни шартли чиқариш шартномасида белгиланган шартлар бажарилиши билан кам миқдордаги пул маблағи ёки бепул ёхуд бошқа товон эвазига чиқариладиган оддий акциялардир.


Суюлтириш - белгиланган шартлар бажарилиши натижасида конвертацияланадиган инструментлар конвертацияланганини, опционлар ёки варрантлар бажарилгани ёки оддий акциялар чиқарилгани тўғрисидаги фараз натижасида бир акцияга тўғри келадиган фойдада камайишни ёки бир акцияга тўғри келадиган зарарда кўпайишни англатади.


Опционлар, варрантлар ва уларнинг эквивалентлари - ўз эгасига оддий акцияларни харид қилиш ҳуқуқини берадиган молиявий инструментлардир.


Оддий акция - бошқа барча турдаги улушли инструментларга нисбатан паст мақомга эга бўлган улушли инструментдир.


Потенциал оддий акция - ўз эгасига оддий акцияларга эгалик ҳуқуқини бериши мумкин бўлган молиявий инструмент ёки бошқа шартномадир.


Оддий акцияларга "пут" опциони - эгасига оддий акцияларни белгиланган муддат давомида муайян нархда сотиш ҳуқуқини берадиган шартномадир.


6. Оддий акциялар давр фойдаси тақсимланишида фақат имтиёзли акциялар каби акцияларнинг бошқа турлари қатнашгандан сўнг қатнашади. Ташкилот оддий акцияларнинг бир нечта синфига эга бўлиши мумкин. Бир хил синфдаги оддий акциялар эгалари дивидендлар олиш бўйича бир хил ҳуқуққа эга бўлади.


7. Потенциал оддий акцияларга қуйидагилар мисол бўлади:

(a) оддий акцияларга конвертацияланадиган молиявий мажбуриятлар ёки улушли инструментлар, жумладан, имтиёзли акциялар;

(б) опционлар ва варрантлар;

(в) бизнес ёки бошқа активларни харид қилиш каби шартномавий келишувлар натижасида юзага келадиган шартларнинг бажарилиши асосида чиқарилиши мумкин бўлган акциялар.


8. Бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш"да таърифланган атамалар мазкур стандартда 32-сон БҲХСнинг 11 бандида белгиланган маънолари бўйича фойдаланилади. 32-сон БҲХСда молиявий инструмент, молиявий актив, молиявий мажбурият ва улушли инструмент таърифлари ҳамда ушбу таърифларни қўллаш бўйича кўрсатма берилган. 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"да ҳаққоний қиймат таърифи берилган ҳамда ушбу таърифни қўллаш учун талаблар белгиланган.



Баҳолаш


Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткич


9. Ташкилот бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар бўйича ва, агар тақдим этилса, ушбу акция эгаларига тегишли давом этаётган фаолиятдан фойда ёки зарар бўйича бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблаши лозим.


10. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткич бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар (сурат)ни давр мобайнида муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори (махраж)га нисбати орқали ҳисобланиши лозим.


11. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткич тўғрисидаги маълумотнинг мақсади ҳисобот даври мобайнида бош ташкилотнинг ҳар бир оддий акциясига тўғри келадиган ташкилотнинг фаолияти натижаси улуши бўйича кўрсаткични таъминлашдан иборат.



Фойда


12. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблаш учун қуйидагилар бўйича бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли суммалар:

(a) бош ташкилотга тегишли давом этаётган фаолиятдан фойда ёки зарар; ва

(б) бош ташкилотга тегишли фойда ёки зарар

имтиёзли акциялар бўйича дивидендларнинг солиқ солишдан кейинги суммаларига, имтиёзли акциялар ҳисоб - китобида юзага келадиган фарқларга ва хусусий капитал сифатида таснифланган имтиёзли акцияларнинг бошқа шу каби таъсирларига асосан тузатилган (а) ва (б) даги суммалардир.


13. Солиқ харажатлари ва мажбуриятлар сифатида таснифланган имтиёзли акциялар бўйича дивидендларни ўз ичига олган ҳолда, тегишли даврда тан олинган бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли даромад ва харажатнинг барча моддалари бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли давр учун фойда ва зарарни аниқлашда эътиборга олинади (1-сон БҲХСга қаранг).


14. Фойда ёки зарардан чегириладиган имтиёзли акциялар бўйича дивидендларнинг солиқ солишдан кейинги суммаси қуйидагилардан иборат:

(a) давр учун эълон қилинган кумулятив бўлмаган имтиёзли акциялар бўйича ҳар қандай дивидендларнинг солиқ солишдан кейинги суммаси; ва

(б) дивидендлар эълон қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъий назар, давр учун талаб этилган кумулятив имтиёзли акциялар бўйича дивидендларнинг солиқ солишдан кейинги суммаси. Давр учун имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар суммаси кумулятив имтиёзли акциялар бўйича ўтган даврлар учун жорий ҳисобот даврида тўланган ёки эълон қилинган дивидендлар суммасини ўз ичига олмайди.


15. Ташкилот имтиёзли акцияларни дисконт билан сотганлиги эвазига паст қийматли дастлабки дивидендни ёки инвесторлар имтиёзли акцияларни премиум билан харид қилганлиги эвазига кейинги даврларда бозор даражасига нисбатан юқори қийматли дивидендни таъминлайдиган имтиёзли акциялар баъзида дивиденд нормаси ўсиб борадиган имтиёзли акциялар деб юритилади. Дивиденд нормаси ўсиб борадиган имтиёзли акциялар бўйича ҳар қандай дастлабки чиқарилган дисконт ёки мукофот суммасининг амортизацияси эффектив фоиз ставкаси усули орқали тақсимланмаган фойдада акс эттирилади ва бир акцияга тўғри келадиган фойдани ҳисоблаш мақсадида имтиёзли акциялар бўйича дивиденд сифатида ҳисобга олинади.


16. Ташкилот имтиёзли акцияларни акция эгаларидан тендер таклифи асосида қайта харид қилиши мумкин. Имтиёзли акция эгаларига тўланган товон ҳаққоний қийматининг имтиёзли акцияларнинг баланс қийматидан ошган қисми имтиёзли акциялар эгаларига даромад ҳисобланади ва ташкилотнинг тақсимланмаган фойдасида акс эттирилади. Ушбу сумма бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарни ҳисоблашда чегирилади.


17. Конвертацияланадиган имтиёзли акцияларнинг муддатидан олдин конвертация қилиш ташкилот томонидан дастлабки конвертация шартларига ижобий ўзгаришлар киритиш ёки қўшимча товон тўлаш орқали рағбатлантирилиши мумкин. Оддий акциялар ёки бошқа тўланган товон ҳаққоний қийматининг дастлабки конвертация шартларида чиқариладиган оддий акцияларнинг ҳаққоний қийматидан ошган қисми имтиёзли акциялар эгалари учун даромад ҳисобланади ва бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарни ҳисоблашда чегирилади.


18. Имтиёзли акциялар баланс қийматининг улар учун тўланган товон ҳаққоний қийматидан ошган қисми бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарни ҳисоблашда қўшилади.



Акциялар


19. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблаш мақсадида, оддий акцияларнинг сони давр мобайнида муомалада бўлган оддий акцияларнинг ўртача тортилган сони бўлиши лозим.


20. Давр мобайнида муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдоридан фойдаланиш ҳар қандай пайтда муомалада бўлган акцияларнинг миқдори кўпроқ ёки камроқ бўлиши натижасида давр мобайнида акциядорлар капитали суммасининг тебраниши мумкинлигини акс эттиради. Давр мобайнида муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори - давр мобайнида қайта харид қилинган ёки чиқарилган оддий акцияларнинг вақт омили бўйича тортилган коэффициентга кўпайтирилган миқдорига тузатилган давр бошида муомаладаги оддий акцияларнинг миқдори ҳисобланади. Вақт омили бўйича тортилган коэффициент акцияларнинг муомалада бўлган кунлар сонининг ҳисобот давридаги жами кунлар сонидаги улушидир; кўп ҳолатларда ушбу ўртача тортилган қийматнинг асосланган тарзда яхлитланган миқдоридан фойдаланиш мумкин.


21. Акциялар одатда уларнинг қиймати учун товон олинадиган дебиторлик қарзига айланган санадан (яъни, одатда, уларнинг чиқарилган санасидан) бошлаб акцияларнинг ўртача тортилган миқдорини ҳисоблашда инобатга олинади, масалан:

(a) пул маблағи эвазига чиқарилган оддий акциялар пул маблағи олинадиган дебиторлик қарзига айланганда ҳисобга олинади;

(б) оддий ёки имтиёзли акциялар бўйича ихтиёрий равишда қайта инвестиция қилинадиган дивидендлар ҳисобига чиқарилган оддий акциялар дивидендлар қайта инвестиция қилинганда ҳисобга олинади;

(в) қарз инструментининг оддий акцияга конвертация қилиниши натижасида чиқариладиган оддий акциялар фоиз ҳисобланиши тўхтатилган санадан бошлаб ҳисобга олинади;

(г) бошқа молиявий инструментлар бўйича фоиз ёки асосий қисм ўрнига чиқарилган оддий акциялар фоиз ҳисобланиши тўхтатилган санадан бошлаб ҳисобга олинади;

(д) ташкилот мажбуриятининг сўндирилиши эвазига чиқарилган оддий акциялар сўндириш санасидан бошлаб ҳисобга олинади;

(е) пул маблағидан фарқли бошқа активни харид қилиш учун товон сифатида чиқарилган оддий акциялар харид қилинган актив тан олинган санадан бошлаб ҳисобга олинади; ва

(ё) ташкилотга кўрсатилган хизматлар эвазига чиқарилган оддий акциялар хизматлар кўрсатилиши билан ҳисобга олинади.

Оддий акцияларни ҳисобга олиш пайти уларнинг чиқарилишига боғлиқ шартлар ва муддатлар орқали аниқланади. Асосий эътибор акция чиқарилиши билан боғлиқ ҳар қандай шартноманинг моҳиятига қаратилади.


22. Бизнес бирлашувида ўтказиладиган товоннинг бир қисми сифатида чиқарилган оддий акциялар бизнесни харид қилиш санасидан бошлаб акцияларнинг ўртача тортилган миқдорида ҳисобга олинади. Чунки харид қилувчи ўзининг умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботида харид қилинган ташкилотнинг фойда ва зарарларини ушбу санадан бошлаб ҳисобга олади.


23. Мажбурий тарзда конвертацияланадиган инструментнинг конвертация қилинишидан кейин чиқариладиган оддий акциялар шартнома тузилган санадан бошлаб бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичини ҳисоблашда инобатга олинади.


24. Шартли чиқариладиган акциялар фақат барча зарурий шартлар қаноатлантирилган (яъни ҳодисалар содир бўлган) санадан бошлаб муомалада деб ҳисобга олинади ва бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичини ҳисоблашда инобатга олинади. Фақатгина маълум вақт ўтгандан сўнг чиқарилиши мумкин бўлган акциялар шартли чиқариладиган акциялар ҳисобланмайди, чунки бунда вақтнинг ўтиши муқаррар. Шартли қайтариладиган (яъни қайтариб олинадиган) муомаладаги оддий акциялар, улар ортиқ қайтариб олинадиган деб ҳисобланмайдиган санагача муомаладаги акциялар сифатида ҳисобга олинмайди ва бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичини ҳисоблашда инобатга олинмайди.


25. [Чиқариб ташланган]


26. Давр мобайнида ва тақдим этилган барча даврлардаги муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори, потенциал оддий акцияларни конвертация қилишдан ташқари, ресурслардаги тегишли ўзгаришсиз муомаладаги оддий акциялар миқдорини ўзгартирган ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда тузатилган бўлиши лозим.


27. Оддий акциялар чиқарилиши ёки муомаладаги оддий акциялар миқдори камайтирилиши ресурслардаги тегишли ўзгаришсиз амалга оширилиши мумкин. Масалан:

(a) капиталлаштириш ёки бонусли акцияларни чиқариш (баъзида акция дивиденди деб юритилади);

(б) бошқа ҳар қандай чиқаришдаги бонус элементи, масалан, амалдаги акциядорлар учун қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилишидаги бонус элементи;

(в) акцияни майдалаш; ва

(г) акцияларни йириклаштириш (акцияларнинг консолидацияланиши).


28. Капиталлаштиришда ёки бонусли акцияларни чиқаришда ёки акция майдаланишида, оддий акциялар мавжуд акциядорларга қўшимча товонсиз чиқарилади. Шу сабабли, муомаладаги оддий акцияларнинг миқдори ресурслар ошмаган ҳолда кўпаяди. Ҳодисадан олдин муомалада бўлган оддий акцияларнинг миқдорига худди ҳодиса тақдим этилган энг олдинги даврнинг бошида содир бўлгандек, муомалада бўлган оддий акцияларнинг миқдоридаги пропорционал ўзгаришни ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритилади. Масалан, биттага иккита бонусли акцияларни чиқаришда, чиқаришдан олдин муомалада бўлган оддий акцияларнинг миқдори оддий акцияларнинг жами янги миқдорини аниқлаш учун учга кўпайтирилади ёки қўшимча оддий акцияларнинг миқдорини аниқлаш учун иккига кўпайтирилади.


29. Оддий акцияларнинг консолидацияланиши, умуман олганда, ресурслардаги тегишли камайишсиз муомалада бўлган оддий акцияларнинг миқдорини камайтиради. Лекин, умумий натижа акцияни унинг ҳаққоний қийматида қайта харид қилиш бўлса, муомаладаги оддий акциялар миқдоридаги камайиш ресурслардаги тегишли камайишнинг натижаси ҳисобланади. Махсус дивиденд тўлаш билан боғланган акция консолидацияланиши бунга мисол бўлади. Бундай боғланган операция юз берган давр мобайнида муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдорига махсус дивиденд тан олинган санадан бошлаб оддий акциялар миқдоридаги камайишни ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритилади.



Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткич


30. Ташкилот бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар бўйича ва, агар тақдим этилса, ушбу акция эгаларига тегишли давом этаётган фаолиятдан олинган фойда ёки зарар бўйича бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаши лозим.


31. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш мақсадида, ташкилот бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарни ҳамда муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдорини барча суюлтирувчи потенциал оддий акциялар таъсирига нисбатан тузатиши лозим.


32. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткичнинг мақсади бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичининг мақсадига мос ҳолда, давр мобайнида муомалада бўлган барча суюлтирувчи потенциал оддий акциялар таъсирини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир оддий акциянинг ташкилот фаолияти натижасидаги улуши бўйича кўрсаткични таъминлашдан иборат. Натижада:

(a) бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли бўлган фойда ёки зарар суюлтирувчи потенциал оддий акциялар бўйича ҳисобот даврида тан олинган дивидендларнинг ва фоизларнинг солиқ солишдан кейинги суммасига оширилади ҳамда суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг конвертацияси натижасида юзага келиши мумкин бўлган даромад ва харажатдаги ҳар қандай ўзгаришлар бўйича тузатиш киритилади; ва

(б) муомаладаги оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори барча суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг конвертациясини ҳисобга олган ҳолда муомалага чиқарилиши мумкин бўлган қўшимча оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдорига кўпайтирилади.



Фойда


33. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун ташкилот 12-бандда ҳисоблангани каби бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарни қуйидагиларнинг солиқ солишдан кейинги таъсирига нисбатан тузатиш киритиши лозим:

(a) 12-бандга мувофиқ ҳисобланганидек, бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли бўлган фойда ёки зарарни ҳисоблашда суюлтирувчи потенциал оддий акцияларга тегишли ҳар қандай чегирилган дивидендлар ва бошқа моддалар;

(б) суюлтирувчи потенциал оддий акцияларга доир ҳисобот даврида тан олинган ҳар қандай фоизлар; ва

(в) суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг конвертациясидан юзага келадиган даромад ва харажатдаги ҳар қандай бошқа ўзгаришлар.


34 Потенциал оддий акциялар оддий акцияларга конвертация қилингандан сўнг, 33(а) - (в) бандларда белгиланган моддалар бошқа юзага келмайди. Бунинг ўрнига, янги оддий акциялар бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарарида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу сабабли, 12-бандга мувофиқ ҳисобланган бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар 33(а) - (в) бандларда белгиланган моддаларга ва ҳар қандай тегишли солиқларга нисбатан тузатиш киритилади. Потенциал оддий акциялар билан боғлиқ харажатлар эса эффектив фоиз ставкаси усулига мувофиқ ҳисобга олинган операция бўйича сарфларни ва дисконтларни қамраб олади (9-сон МҲХСга қаранг).


35. Потенциал оддий акцияларнинг конвертацияси даромадлар ёки харажатлардаги тегишли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Масалан, потенциал оддий акцияларга тегишли фоизли харажатларнинг камайиши ва оқибатда фойдадаги кўпайиш ёки зарардаги камайиш ҳодимлар мажбурий иштирок этадиган фойдани бўлишиш дастурига тегишли харажатларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар даромад ёки харажатлардаги бундай тегишли ўзгаришларга нисбатан тузатиш киритилади.



Акциялар


36. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун оддий акцияларнинг миқдори 19 ва 26 бандларга мувофиқ ҳисобланган оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори ва барча суюлтирувчи потенциал оддий акцияларни оддий акцияларга конвертация қилинишида чиқарилиши мумкин бўлган оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори йиғиндиси бўлиши лозим. Суюлтирувчи потенциал оддий акцияларни давр бошида ёки, агар кейинчалик содир бўлган бўлса, потенциал оддий акциялар чиқарилган санада оддий акцияларга конвертация қилинган деб ҳисобланиши лозим.


37. Суюлтирувчи потенциал оддий акциялар тақдим этиладиган ҳар бир давр учун мустақил тарзда аниқланади. Йил бошидан жорий санагача киритилган суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг миқдори ҳар бир оралиқ даврда инобатга олинган суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдорига тенг бўлмайди.


38. Потенциал оддий акциялар бўйича улар муомалада бўлган давр учун тортилган миқдори аниқланади. Бекор қилинган ёки маълум бир даврда юридик кучга эга бўлмаган потенциал оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда фақат улар муомалада бўлган даврнинг улушида ҳисобга олинади. Давр мобайнида оддий акцияларга конвертация қилинадиган потенциал оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда давр бошидан конвертация санасигача бўлган даврда инобатга олинади; конвертация санасидан бошлаб, ҳосил бўлган оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойданинг ҳам базавий ҳам суюлтирилган кўрсаткичини ҳисоблашда инобатга олинади.


39. Суюлтирувчи потенциал оддий акцияларнинг конвертацияси натижасида чиқарилиши мумкин бўлган оддий акциялар миқдори потенциал оддий акцияларнинг шартларига асосан аниқланади. Конвертациянинг бир нечта базислари мавжуд бўлса, ҳисоблашда потенциал оддий акцияларнинг эгалари нуқтаи назаридан қараганда энг афзал конвертация ставкаси ёки фойдаланиш нархига асосланади.


40. Шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилот бош ташкилот ёки инвестиция объекти бўйича биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга инвесторлар бўлмаган бошқа томонларга шўъба ташкилотнинг, қўшма корхонанинг ёки таъсир остидаги ташкилотнинг оддий акцияларини ёки конвертацияланадиган акцияларини ёҳуд бош ташкилотнинг ёки инвестиция объекти бўйича биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга инвесторларнинг(ҳисобот берувчи) оддий акцияларини чиқариши мумкин. Агар ушбу шўъба ташкилотнинг, қўшма корхонанинг ёки таъсир остидаги ташкилотнинг потенциал оддий акциялари ҳисобот берувчи ташкилотнинг бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичсига нисбатан суюлтириш таъсирига эга бўлса, улар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади.



Суюлтирувчи потенциал оддий акциялар


41. Потенциал оддий акциялар фақат ва фақат уларнинг оддий акцияларга конвертацияси давом этаётган фаолиятдан юзага келадиган бир акцияга тўғри келадиган фойдани камайтирса ёки бир акцияга тўғри келадиган зарарни кўпайтирса суюлтирувчи ҳисобланиши лозим.


42. Потенциал оддий акциялар суюлтирувчи ёки қарши суюлтирувчи эканлигини аниқлашда, ташкилот бош ташкилотга тегишли давом этаётган фаолият натижасидаги фойда ёки зарардан назорат кўрсаткичи сифатида фойдаланади. Бош ташкилотга тегишли давом этаётган фаолият натижасидаги фойда ёки зарарга 12-бандга мувофиқ тузатиш киритилади ва тугатилган фаолиятга тегишли моддалар чиқариб ташланади.


43. Потенциал оддий акцияларнинг оддий акцияларга конвертацияси давом этаётган фаолиятдан бир акцияга тўғри келадиган фойдани кўпайтирса ёки бир акцияга тўғри келадиган зарарни камайтирса, улар қарши суюлтирувчи ҳисобланади. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш бир акцияга тўғри келадиган фойдага нисбатан қарши суюлтирувчи таъсирга эга бўлиши мумкин бўлган потенциал оддий акцияларнинг конвертациясини, фойдаланилишини ёки бошқа чиқарилишини назарда тутмайди.


44. Потенциал оддий акциялар суюлтирувчи ёки қарши суюлтирувчи эканлигини аниқлашда, потенциал оддий акцияларнинг ҳар бир чиқарилиши ёки сериялари жамланган ҳолда эмас, балки алоҳида кўриб чиқилади. Кўриб чиқилаётган потенциал оддий акциялар кетма - кетлиги уларнинг суюлтирувчи бўлиши ёки бўлмаслигига таъсир кўрсатади. Шунинг учун, бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичнинг суюлтирилишини максималлаштириш учун потенциал оддий акцияларнинг ҳар бир чиқарилиши ёки сериялари энг кўп суюлтирувчидан энг кам суюлтирувчигача бўлган кетма - кетликда кўриб чиқилади, яъни "бир қўшимча акцияга тўғри келадиган фойда"нинг энг кам мқдорига эга суюлтирувчи потенциал оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда бир қўшимча акцияга тўғри келадиган фойданинг юқорироқ миқдорига эга суюлтирувчи потенциал оддий акциялардан олдин инобатга олинади. Опционлар ва варрантлар, умуман олганда, биринчи навбатда инобатга олинади, чунки улар ҳисоблаш формуласидаги суратга таъсир кўрсатмайди.



Опционлар, варрантлар ва уларнинг эквивалентлари


45. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун ташкилот ўзининг суюлтирувчи опционлари ва варрантларининг фойдаланилишини ҳисобга олиши лозим. Ушбу инструментлардан олиниши кутилаётган пул маблағлари тушиши оддий акцияларни давр мобайнида оддий акцияларнинг ўртача бозор нархида чиқарилишидан олинган деб ҳисобланиши лозим. Чиқарилган оддий акциялар миқдори билан давр мобайнида оддий акцияларнинг ўртача бозор нархида чиқарилиши мумкин бўлган оддий акциялар миқдори ўртасидаги фарқ оддий акцияларнинг бепул чиқарилиши сифатида ҳисобга олиниши лозим.


46. Опционлар ва варрантлар давр мобайнида оддий акцияларнинг ўртача бозор нархидан паст нархда оддий акцияларнинг чиқарилишига олиб келса, улар суюлтирувчи ҳисобланади. Суюлтириш суммаси давр мобайнида оддий акцияларнинг ўртача бозор нархидан акцияни чиқариш нархи чегирилганига тенг бўлади. Шунинг учун, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда потенциал оддий акциялар қуйидагиларнинг иккаласини ҳам қамраб олади деб инобатга олинади:

(a) ҳисобот даври мобайнида оддий акцияларнинг маълум миқдорини уларнинг ўртача бозор нархида чиқариш бўйича шартнома. Бундай оддий акциялар ҳаққоний нархланган ва суюлтирувчи ҳам, қарши суюлтирувчи ҳам эмас деб фараз қилинади. Улар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинмайди.

(б) товон тўланмайдиган, қолган оддий акцияларни чиқариш бўйича шартнома. Бундай оддий акциялар пул маблағлари тушишини ҳосил қилмайди ва муомаладаги оддий акцияларга тегишли фойда ёки зарарга нисбатан таъсирга эга эмас. Шунинг учун, бундай акциялар суюлтирувчи бўлиб, улар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда муомаладаги оддий акциялар миқдорига қўшилади.


47. Опционлар ва варрантлар суюлтирувчи таъсирга фаақат давр мобайнидаги оддий акцияларнинг ўртача бозор нархи опцион ва варрантларнинг (яъни улар "пулда" бўлса) фойдаланиш нархидан ошганда, эга бўлади. Олдин тақдим этилган бир акцияга тўғри келадиган фойдага оддий акциялар нархларидаги ўзгаришларни акс эттириш учун ретроспектив тарзда тузатиш киритилмайди.


47A. 2-сон МҲХС "Акцияларга асосланган тўлов" қўлланадиган акция опционлари ва акцияга асосланган тўлов бўйича бошқа келишувлар учун, 46 бандда қайд қилинган акцияни чиқариш нархи ва 47 бандда қайд қилинган фойдаланиш нархи акция опциони ёки акцияга асосланган тўлов бўйича бошқа келишув асосида келгусида ташкилотга етказиб бериладиган ҳар қандай товарлар ёки хизматларнинг (2-сон МҲХСга мувофиқ баҳоланган) ҳаққоний қийматини ўз ичига олиши лозим.


48. Қатъий белгиланган ёки аниқланадиган шартларга эга ходимларнинг акция опционлари ҳамда ҳуқуқий кучга кирмаган оддий акциялар, ҳатто уларнинг ҳуқуқий кучга кириши шартли бўлиши мумкин бўлса ҳам, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда опционлар сифатида ҳисобга олинади. Улар тақдим этиш санасидан бошлаб муомалада деб ҳисобланади. Фаолият натижасига асосланган ходимларнинг акция опционлари шартли равишда чиқариладиган акциялар сифатида ҳисобга олинади, чунки уларнинг чиқарилиши вақт ўтишига қўшимча тарзда белгиланган шартларнинг бажарилишига боғлиқ бўлади.



Конвертацияланадиган инструментлар


49. Конвертацияланадиган инструментларнинг суюлтирувчи таъсири 33 ва 36 бандларга мувофиқ бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткичда акс эттирилиши лозим.


50. Конвертацияланадиган имтиёзли акциялар бўйича жорий ҳисобот даврида эълон қилинган ёки жамланган дивиденд суммасининг конвертация қилиш орқали олиниши мумкин бўлган ҳар бир оддий акцияга тўғри келадиган миқдори бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичдан ошса, конвертацияланадиган имтиёзли акциялар қарши суюлтирувчи ҳисобланади. Шунингдек, конвертацияланадиган қарз конвертация орқали олиниши мумкин бўлган ҳар бир оддий акцияга тўғри келадиган фоиз миқдори (солиқлар ва бошқа даромад ёки харажатдаги ўзгаришлардан ҳоли) бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичдан ошса, конвертацияланадиган қарз қарши суюлтирувчи ҳисобланади.


51. Конвертацияланадиган имтиёзли акцияларнинг сўндирилиши ёки мажбурий конвертацияси олдин муомалада бўлган конвертацияланадиган имтиёзли акцияларнинг фақат муайян қисмига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолатларда, 17-бандда қайд қилинган ҳар қандай ортиқча товон қолган муомаладаги имтиёзли акциялар суюлтирувчи эканлигини аниқлаш мақсадида сўндирилган ёки конвертацияланган акцияларга тегишли бўлади. Сўндирилган ёки конвертацияланган акциялар сўндирилмаган ёки конвертацияланмаган акциялардан алоҳида ҳисобга олинади.



Шартли чиқариладиган акциялар


52. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблашдаги каби, агар белгиланган шартлар қаноатлантирилса (масалан, белгиланган ҳодисалар содир бўлганда), шартли чиқариладиган оддий акциялар муомалада деб ҳисобланади ва бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади. Шартли чиқариладиган акциялар давр бошидан (ёки агар кечроқ бўлса, акцияларни шартли чиқариш шартномаси санасидан бошлаб) ҳисобга олинади. Агар шартлар қаноатлантирилмаса, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинган шартли чиқариладиган акциялар миқдори ҳисобот даврининг охири шартларни амал қилиш даврининг охирига тўғри келганда чиқарилиши мумкин бўлган акциялар миқдорига асосланади. Агар шартлар амал қилиш муддати тугаганда шартлар қаноатлантирилмаса, қайта ҳисоблашга рухсат этилмайди.


53. Агар шартли чиқариладиган акция чиқарилишининг шарти давр учун фойданинг белгиланган суммаси кўрсаткичига эришиш ёки уни сақлаб туриш бўлса ва агар ҳисобот даври охирида ушбу кўрсаткичга эришилса, лекин ҳисобот даври якунлангандан сўнг уни қўшимча давр учун сақлаб турилиши шарт бўлганда, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда унинг таъсири суюлтирувчи бўлиши шарти билан қўшимча оддий акциялар муомалада деб ҳисобга олинади. Бундай ҳолатда, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш, агар ҳисобот даври охиридаги фойда суммаси шартларнинг амал қилиш даври охиридаги фойда суммасига тенг бўлса, чиқарилиши мумкин бўлган оддий акциялар миқдорига асосланади. Келгуси даврда фойда ўзгариши мумкинлиги сабабли, бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблашда шартли чиқариладиган акциялар шартларнинг амал қилиш даври якунланмагунча инобатга олинмайди, чунки зарурий шартларнинг барчаси ҳам қаноатлантирилмаган.


54. Шартли чиқариладиган оддий акциялар миқдори оддий акцияларнинг келгуси бозор нархига боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар таъсир суюлтирувчи бўлса, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш, ҳисобот даври охиридаги бозор нархи шартларнинг амал қилиш даври охиридаги бозор нархига тенг бўлганда чиқарилиши мумкин бўлган оддий акциялар миқдорига асосланади. Агар акцияни чиқариш шарти ҳисобот давридан ташқари давр учун бозор нархларининг ўртачасига асосланган бўлса, у ҳолда ўтган давр учун ўртача нархдан фойдаланилади. Келгуси даврда бозор нархи ўзгариши мумкинлиги сабабли, бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблашда шартли чиқариладиган акциялар шартларнинг амал қилиш даври якунланмагунча инобатга олинмайди, чунки зарурий шартларнинг барчаси ҳам қаноатлантирилмаган.


55. Шартли чиқариладиган оддий акциялар миқдори келгусидаги фойда суммасига ҳамда оддий акцияларнинг келгусидаги нархларига боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашга киритилган оддий акциялар миқдорини ҳисоблашда ҳар иккала шарт (яъни, маълум санагача фойда суммаси ҳамда ҳисобот даври охиридаги жорий бозор нархи) инобатга олинади. Агар иккала шарт ҳам қаноатлантирилмаса, шартли чиқариладиган оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинмайди.


56. Бошқа ҳолатларда, шартли чиқариладиган оддий акциялар миқдори фойда суммаси ёки бозор нархидан бошқа шартларга (масалан, маълум миқдордаги чакана савдо дўконларининг очилиши) боғлиқ бўлади. Бундай ҳолатларда, шартнинг ҳозирги мақоми шартларнинг амал қилиш даврининг охирига қадар ўзгармасдан қолади деб фараз қилиниб, шартли чиқариладиган оддий акциялар ҳисобот даври охиридаги мақомга мувофиқ бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади.


57. Шартли чиқариладиган потенциал оддий акциялар (шартли чиқариладиган конвертацияланадиган инструментлар каби акцияларни шартли чиқариш шартномаси орқали қамраб олинадиганлардан ташқари) бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда қуйидагича инобатга олинади:

(a) ташкилот 52 - 56 бандлардаги шартли оддий акция шартларига мувофиқ потенциал оддий акцияларни уларни чиқариш учун белгиланган шартлар асосида чиқарилади деб ҳисоблаш мумкинлигини аниқлайди; ва

(б) агар ушбу потенциал оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткичда акс эттирилиши лозим бўлса, ташкилот, ўринлилигига қараб, 45 - 48 бандлардаги опционлар ва варрантлар бўйича шартларга, 49 - 51 бандлардаги конвертацияланадиган инструментлар бўйича шартларга, 58 - 61 бандлардаги оддий акциялар ёки пул маблағида ҳисоб - китоб қилиниши мумкин бўлган шартномалар бўйича шартларга ёки бошқа ўринли шартларга риоя қилган ҳолда, уларнинг бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашга таъсирини аниқлайди.

Лекин, шартли чиқариладиган бўлмаган шунга ўхшаш муомаладаги потенциал оддий акциялар бўйича фойдаланмагунига ёки конвертация қилинмагунига қадар, бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун фойдаланиш ёки конвертацияланиш бўйича фараз қилинмайди.



Оддий акцияларда ёки пул маблағида

ҳисоб - китоб қилинадиган шартномалар


58. Ташкилот ўзининг танловига кўра оддий акцияларда ёки пул маблағида ҳисоб - китоб қилиниши мумкин бўлган шартнома тузганда, ташкилот шартнома оддий акцияларда ҳисоб - китоб қилинади деб ҳисоблаши лозим ва натижада потенциал оддий акциялар уларнинг таъсири суюлтирувчи бўлиши шарти билан бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олиниши лозим.


59. Бундай шартнома ҳисобга олиш мақсадларида актив ёки мажбурият сифатида тақдим этилса ёки у хусусий капитал компонентига ва мажбурият компонентига эга бўлса, ташкилот формуладаги суратни, агар шартнома бутунлай улушли инструмент сифатида таснифланганда давр мобайнида юзага келиши мумкин бўлган фойда ёки зарардаги ўзгаришларга нисбатан тузатилиши лозим. Бундай тузатиш 33-бандда талаб қилинган тузатишларга ўхшашдир.


60. Опционларга эгалик қилувчи шахснинг танловига кўра оддий акцияларда ёки пул маблағида ҳисоб - китоб қилиниши мумкин бўлган шартномалар учун, пул маблағида ёки оддий акцияларда ҳисоб - китоб қилишда кўпроқ суюлтирувчи хусусиятига эга бўлгани бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда фойдаланилиши лозим.


61. Оддий акцияларда ёки пул маблағида ҳисоб - китоб қилиниши мумкин бўлган шартномага сўндириш пайтида ташкилотга асосий қарз суммасини пул маблағида ёки ўзининг оддий акциялари билан ҳисоб - китоб қилиш учун чекланмаган ҳуқуқ берадиган қарз инструментини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бошқа мисол сифатида ўз эгасига оддий акцияларда ёки пул маблағида ҳисоб - китоб қилиш имконини берадиган чиқарилган "пут" опционини келтириш мумкин.



Харид қилинган опционлар


62. Харид қилинган "пут" опционлари ва харид қилинган "колл" опционлари (яъни, ташкилот эгалигидаги ўзининг оддий акциялари бўйича опционлар) каби шартномалар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинмайди, чунки уларнинг киритилиши қарши суюлтирувчи таъсирга олиб келиши мумкин. "Пут" опциони фақатгина фойдаланиш нархи бозор нархидан юқори бўлганда фойдаланилади ва "колл" опциони фақатгина фойдаланиш нархи бозор нархидан паст бўлганда фойдаланилади.



Чиқарилган "пут" опционлар


63. Чиқарилган "пут" опционлар ва форвард харид қилиш шартномалари каби ташкилотдан ўз акцияларини қайта харид қилишни талаб этадиган шартномалар, уларнинг таъсири суюлтирувчи бўлиши шарти билан бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда акс эттирилади. Агар ушбу шартномалар маълум давр мобайнида "пулда" бўлса (яъни, ушбу даврда фойдаланиш ёки ҳисоб - китоб қилиш нархи ўртача бозор нархидан юқори бўлса), бир акцияга тўғри келадиган фойдага потенциал суюлтирувчи таъсир қуйидагича ҳисобланиши лозим:

(a) давр бошида шартномани қаноатлантирадиган пул маблағлари тушишига эга бўлиш учун етарли миқдорда оддий акциялар (давр мобайнидаги ўртача бозор нархида) чиқарилади деб ҳисобланиши лозим;

(б) акцияларни чиқариш бўйича пул маблағлари тушиши шартномани қаноатлантиришда (яъни, оддий акцияларни қайта харид қилишда) фойдаланилади деб ҳисобланиши лозим; ва

(в) қўшимча оддий акциялар (чиқарилган деб ҳисобланган оддий акциялар миқдори билан шартномани қаноатлантиришдан олинган оддий акциялар миқдори ўртасидаги фарқ) бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олиниши лозим.



Ретроспектив тузатишлар


64. Агар муомаладаги оддий ёки потенциал оддий акцияларнинг миқдори капиталлаштириш, бонусли акцияларни чиқариш ёки акцияни майдалаш натижасида кўпайса ёки акцияларни йириклаштириш натижасида камайса, тақдим этилган барча даврлар учун бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларнинг ҳисобланиши ретроспектив тарзда тузатилиши лозим. Агар ушбу ўзгаришлар ҳисобот давридан кейин, лекин молиявий ҳисобот эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин содир бўлса, ушбу давр ва ундан олдинги ҳар қандай даврларнинг молиявий ҳисоботи учун бир акцияга тўғри келадиган ҳисоблашлар акцияларнинг янги миқдорига асосланиши лозим. Бир акцияга тўғри келадиган ҳисоблашлар акциялар миқдоридаги бундай ўзгаришларни ўзида акс эттириши тўғрисидаги факт ёритиб берилиши лозим. Шу билан бирга, тақдим этилган барча даврлардаги бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичлари ретроспектив тарзда ҳисобга олинган ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар натижасида юзага келадиган хатолар ва тузатишлар таъсирига нисбатан тузатилиши лозим.


65. Ташкилот олдин тақдим этилган ҳар қандай даврдаги бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични бир акцияга тўғри келадиган фойдани ҳисоблашда фойдаланилган фаразлардаги ўзгаришларга нисбатан ёки потенциал оддий акцияларнинг оддий акцияларга конвертациясига нисбатан қайта ҳисобламайди.


66. Ташкилот умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботида маълум даврда фойдани тақсимлашда турли ҳуқуққа эга бўлган оддий акцияларнинг ҳар бир синфи бўйича ушбу даврдаги бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли давом этаётган фаолиятдан фойда ёки зарар бўйича ҳамда бош ташкилотнинг оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарар бўйича бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни акс эттириши лозим. Ташкилот тақдим этилган барча даврлар учун бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни тенг аҳамиятли тарзда тақдим этиши лозим.


67. Бир акцияга тўғри келадиган фойда умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилган ҳар бир даврда тақдим этилади. Агар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткич камида бир давр учун тақдим этилган бўлса, у бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичга тенг бўлса ҳам, тақдим этилган барча даврлар учун тақдим этилиши лозим. Агар бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичлар тенг бўлса, иккаласи ҳам умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда уларни бир қаторда акс эттириш орқали тақдим этилиши мумкин.


67A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳрири)нинг 10А-бандида тавсифлангани каби фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, 66 ва 67 бандларда талаб этилганидек, у бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни ушбу алоҳида ҳисоботда тақдим этади.


68. Тугатилган фаолиятни тақдим этадиган ташкилот умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда ёки изоҳларда тугатилган фаолият бўйича бир акцияга тўғри келадиган суммаларнинг базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларини ёритиб бериши лозим.


68A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳрири)нинг 10А-бандида тавсифлангани каби фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, 68-бандда талаб этилганидек, у тугатилган фаолият бўйича бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни ушбу алоҳида ҳисоботда ёки изоҳларда тақдим этади.


69. Суммалар манфий бўлса ҳам (яъни, бир акцияга тўғри келадиган зарар), ташкилот бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни тақдим этиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


70. Ташкилот қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:

(a) бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни ҳисоблашда суратлар сифатида фойдаланилган суммалар ва ушбу суммаларнинг маълум даврдаги бош ташкилотга тегишли фойда ёки зарарга нисбатан солиштирмаси. Солиштирма бир акцияга тўғри келадиган фойдага таъсир кўрсатадиган инструментларнинг ҳар бир синфининг алоҳида таъсирини қамраб олиши лозим.

(б) бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичларни ҳисоблашда махраж сифатида фойдаланилган оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдори ва ушбу махражларнинг бир бирига нисбатан солиштирмаси. Солиштирма бир акцияга тўғри келадиган фойдага таъсир кўрсатадиган инструментларнинг ҳар бир синфининг алоҳида таъсирини қамраб олиши лозим.

(в) келгусида бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични суюлтириши мумкин бўлган, лекин тақдим этилган давр(лар) учун қарши суюлтирувчи бўлганлиги сабабли бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинмаган инструментлар (жумладан, шартли чиқариладиган акциялар).

(г) 64-бандга мувофиқ ҳисобга олинганлардан ташқари, ҳисобот даври охиридан олдин содир бўлганида ҳисобот даври охирида муомалада бўлган оддий акциялар ёки потенциал оддий акциялар миқдорини аҳамиятли даражада ўзгартирган бўлиши мумкин бўлган ҳисобот давридан кейин содир бўлган оддий акция бўйича операциялар ёки потенциал оддий акция бўйича операцияларнинг тавсифи.


71. 70(г) банддаги операцияларга мисоллар қуйидагиларни ўз ичига олади:

(a) пул маблағи эвазига акциялар чиқариш;

(б) акцияларни чиқаришдан пул маблағлари тушиши ҳисобот даври охирида муомалада бўлган қарзни ёки имтиёзли акцияларни тўлашда фойдаланиладиган акциялар чиқариш;

(в) муомаладаги оддий акцияларнинг қайта сотиб олиниши;

(г) ҳисобот даври охирида муомалада бўлган потенциал оддий акцияларнинг оддий акцияларга конвертацияси ёки фойдаланилиши;

(д) опционлар, варрантлар ёки конвертацияланадиган инструментларнинг чиқарилиши; ва

(е) шартли чиқариладиган акцияларнинг чиқарилишига олиб келадиган ҳолатларга эришиш.

Бир акцияга тўғри келадиган фойда суммалари ҳисобот давридан кейин содир бўладиган операциялар бўйича тузатилмайди, чунки бундай операциялар давр учун фойда ёки зарарни олишда фойдаланиладиган капитал миқдорига таъсир кўрсатмайди.


72. Потенциал оддий акцияларни юзага келтирадиган молиявий инструментлар ва бошқа шартномалар бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашга таъсир кўрсатадиган шартларни қамраб олиши мумкин. Ушбу шартлар ҳар қандай потенциал оддий акциялар суюлтирувчи бўлишини ва, агар шундай бўлса, муомаладаги акцияларнинг ўртача тортилган миқдорига таъсирини ва оддий акция эгаларига тегишли фойда ёки зарардаги ҳар қандай кейинги тузатишларни аниқлаши мумкин. Агар бошқа ҳолларда талаб этилмаса, бундай молиявий инструментлар ва бошқа шартномаларнинг шартлари ёритиб берилиши маъқулланади (7-сон МҲХС "Молиявий инструментлар: маълумотларни ёритиб бериш"га қаранг).


73. Агар бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичга қўшимча тарзда, ташкилот мазкур стандартда талаб этилганидан бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг тақдим этилган компонентидан фойдаланиб бир акцияга тўғри келадиган суммаларни ёритиб берса, бундай суммалар мазкур стандартга мувофиқ аниқланадиган оддий акцияларнинг ўртача тортилган миқдоридан фойдаланган ҳолда ҳисобланиши лозим. Бундай компонентга тегишли бир акцияга тўғри келадиган суммалар - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичлар тенг аҳамиятли тарзда ёритиб берилиши ва изоҳларда тақдим этилиши лозим. Ташкилот сурат(лар)ни аниқлаш бўйича асосни, шунингдек, бир акцияга тўғри келадиган суммалар солиқ солишдан олдинги ёки солиқ солишдан кейингилигини кўрсатиши лозим. Агар умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг алоҳида моддасида тақдим этилмайдиган компонентидан фойдаланилган бўлса, ушбу кўрсаткич билан умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилган модда ўртасидаги солиштирма тақдим этилиши лозим.


73A. 73 банд бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткичга қўшимча тарзда, мазкур стандартда талаб этилганидан бошқа фойда ёки зарарнинг тақдим этилган моддасидан фойдаланган ҳолда бир акцияга тўғри келадиган суммаларни ёритиб берадиган ташкилотга нисбатан ҳам қўлланади.



Кучга кириш санаси


74. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 2005 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар ташкилот мазкур стандартни 2005 йил 1 январдан олдин бошланадиган давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


74A. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳрири) бўйича МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу билан бирга, унга асосан , 67А, 68А ва 73А бандлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


74Б. 2011 йил майда эълон қилинган 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар"бўйича 4, 40 ва А11 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 10-сон МҲХС ва 11-сон МҲХСлар билан биргаликда қўллаши лозим.


74В. 2013 йил май ойида эълон қилинган 13-сон МҲХС бўйича 8, 47А ва А2 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


74Г. 2011 йилнинг июн ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар) га асосан , 67А, 68А ва 73А бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил июнда ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


74Д. 2014 йил июл ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар" бўйича 34 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.



Бошқа ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши


75. Мазкур стандарт 33-сон БҲХС "Бир акцияга тўғри келадиган фойда" (1997 йил таҳрири) нинг ўрнини эгаллайди.


76. Мазкур стандарт 24-сон ШДҚ "Бир акцияга тўғри келадиган фойда - молиявий инструментлар ва акциялар билан ҳисоб - китоб қилинадиган бошқа шартномалар"нинг ўрнини эгаллайди.

           

          




А ИЛОВА



ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМА


Мазкур илова стандартнинг ажралмас қисмидир.



Бош ташкилотга тегишли фойда ёки зарар


A1. Консолидациялашган молиявий ҳисоботга асосланган ҳолда бир акцияга тўғри келадиган фойдани ҳисоблаш мақсадида, бош ташкилотга тегишли фойда ёки зарар ташкилотнинг назорат кучига эга бўлмаган улушга нисбатан тузатишдан кейинги консолидациялашган фойда ёки зарарини англатади.



Қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилиши


A2. Потенциал оддий акцияларларнинг фойдаланилиши ёки уларнинг конвертация қилиниши пайтидаги оддий акцияларнинг чиқарилиши одатда бонус элементининг пайдо бўлишига олиб келмайди. Чунки потенциал оддий акциялар одатда ҳаққоний қийматда чиқарилиб, ташкилотнинг мавжуд ресурсларида мутаносиб ўзгаришларга сабаб бўлади. Лекин, қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилишида, фойдаланиш нархи кўп ҳолларда акцияларнинг ҳаққоний қийматидан пастроқ бўлади. Шу сабабли, 27(б) бандда қайд қилинганидек, бундай қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилиши бонус элементини ўз ичига олади. Агар қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилиши барча мавжуд акциядорларга таклиф этилган бўлса, қўшимча акцияларни имтиёзли чиқарилишидан олдинги барча даврлар учун бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда фойдаланиладиган оддий акциялар миқдори - акцияларни чиқаришдан олдин муомалада бўлган оддий акциялар миқдорининг қуйидаги кўрсаткичга кўпайтирилгани бўлади:

       


Ҳуқуқлардан фойдаланишдан бевосита олдинги

бир акциянинг ҳаққоний қиймати

              



Ҳуқуқлар реализация қилингунча бир акцияга тўғри

келадиган назарий ҳаққоний қиймат


          

Ҳуқуқлар реализация қилингунча бир акцияга тўғри келадиган назарий ҳаққоний қиймати ҳуқуқлардан фойдаланишдан бевосита олдинги акцияларнинг йиғилган ҳаққоний қийматини ҳуқуқлардан фойдаланишдан пул маблағлари тушишига қўшиш ва ҳуқуқлардан фойдаланишдан сўнг муомалада бўладиган акциялар миқдорига бўлиш орқали ҳисобланади. Ҳуқуқлар улардан фойдаланиш санасидан олдин очиқ бозорда акциялардан алоҳида савдо қилинадиган бўлса, ҳаққоний қиймат акциялар ҳуқуқлари билан бирга савдо қилинадиган охирги сананинг ёпилишидаги нарх бўйича ҳисобланади.



Назорат кўрсаткичи


A3. 42 ва 43-бандларда изоҳланган назорат кўрсаткичи тушунчасини қўллашни кўрсатиш учун, фараз қилайлик, ташкилот бош ташкилотга тегишли давом этаётган фаолиятдан 4,800 п.б.га* тенг фойдага, бош ташкилотга тегишли тугатилган фаолиятдан 7,200 п.б.га тенг зарарга, бош ташкилотига тегишли 2,400 п.б.га тенг зарарга ҳамда муомаладаги 2,000 дона оддий акциялар ва 400 дона потенциал оддий акцияларга эга. Ташкилотнинг бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткичи давом этаётган фаолият бўйича 2.40 п.б.га, тугатилган фаолият бўйича 3.60 п.б.га ва зарар бўйича 1.20 п.б.га тенг бўлади. 400 дона потенциал оддий акциялар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади, чунки давом этаётган фаолият бўйича ҳосил бўладиган 2.00 п.б.га тенг бир акцияга тўғри келадиган фойда суюлтирувчи ҳисобланади, бунда 400 дона потенциал оддий акциялар фойда ёки зарарга нисбатан таъсирга эга эмас деб фараз қилинади. Бош ташкилотга тегишли давом этаётган фаолиятдан фойда назорат кўрсаткичи бўлганлиги туфайли, ташкилот ушбу 400 дона потенциал оддий акцияларни бир акцияга тўғри келадиган фойданинг бошқа суммаларини ҳисоблашда ҳам инобатга олади, бунда ҳосил бўладиган бир акцияга тўғри келадиган фойда суммалари уларни солиштириш мумкин бўлган бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткич суммасига нисбатан қарши суюлтирувчи таъсирга эга, яъни бир акцияга тўғри келадиган зарар кам бўлганда ҳам [давом эттирилмайдиган фаолиятдан зарар бўйича бир акцияга (3.00 п.б) ва зарар бўйича бир акцияга (1.00 п.б) тўғри келади].



Оддий акцияларнинг ўртача бозор нархи


A4. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш мақсадида, чиқарилиши назарда тутилган оддий акцияларнинг ўртача бозор нархи давр мобайнидаги оддий акцияларнинг ўртача бозор нархи асосида ҳисобланади. Назарий жиҳатдан, ташкилотнинг оддий акциялари бўйича ҳар бир бозор операцияси ўртача бозор нархини аниқлашда фойдаланилиши мумкин. Лекин, амалий жиҳатдан, одатда ҳафталик ёки ойлик нархларнинг оддий ўртачаси одатда етарли бўлади.


A5. Умуман олганда, ўртача бозор нархини аниқлашда бозорнинг ёпилиш нархлари етарли бўлади. Лекин, нархларнинг тебраниши кенг бўлганида, энг юқори ва энг паст нархларнинг ўртачаси одатда муносиброқ нархни ҳосил қилади. Ўртача бозор нархини ҳисоблашда фойдаланилган усул, агар шартлар ўзгарганлиги сабабли муносиб бўлмай қолмаса, изчил равишда фойдаланилади. Масалан, нисбий барқарор нархларнинг бир неча йиллари учун ўртача бозор нархини ҳисоблашда бозорнинг ёпилиш нархларидан фойдаланадиган ташкилот, агар нархлар кенг тебранишни бошлаганда ва бозорнинг ёпилиш нархлари бундан буён муносиб ўртача нархни ҳосил қилмаса, энг юқори ва энг паст нархларнинг ўртачасидан фойдаланиши мумкин.



Опционлар, варрантлар ва уларнинг эквивалентлари


A6. Ҳам конвертацияланадиган инструментнинг ҳам конвертация натижасида олинадиган оддий акцияларнинг ўртача нархлари опционлар ва варрантларнинг фойдаланиш нархидан юқори бўлса, конвертацияланадиган инструментларни харид қилиш бўйича опционлар ва варрантлар конвертацияланадиган инструментларни харид қилиш учун фойдаланилади деб ҳисобланади. Лекин, шунга ўхшаш муомаладаги конвертацияланадиган инструментларнинг, агар мавжуд бўлса, конвертация қилиниши ҳам фараз қилинмаса, фойдаланилиши фараз қилинмайди.


A7. Опционлар ва варрантлар ташкилотнинг (ёки унинг бош ташкилоти ёки шўъба ташкилотнинг) қарз ёки бошқа инструментлари орқали опционлар ва варрантлар фойдаланиш нархининг тўловини тўлиқ ёки қисман тўлашга рухсат бериши ёки талаб этиши мумкин. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда, ушбу опционлар ёки варрантлар, агар (а) даврдаги тегишли оддий акцияларнинг ўртача бозор нархи фойдаланиш нархидан ошса ёки (б) тўлов сифатидаги инструментнинг сотиш нархи опцион ёки варрант келишуви остида таклиф этиладиган нархдан паст бўлса ва ҳосил бўладиган дисконт бажарилиш остида қабул қилинадиган оддий акцияларнинг бозор нархидан паст бўлган самарали фойдаланиш нархини белгилаганда, суюлтирувчи таъсирга эга. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда, ушбу опционлар ёки варрантлар фойдаланилади деб ҳисобланади ва қарз ва бошқа инструментларнинг тўлов сифатида таклиф этилади деб ҳисобланади. Агар опцион ёки варрант эгасига пул маблағидаги тўлов афзалроқ бўлса ва шартнома пул маблағидаги тўловга рухсат берса, пул маблағидаги тўлов ҳисобланади. Таклиф этилади деб ҳисобланган ҳар қандай қарз бўйича фоиз суммаси (солиқдан ҳоли) формуладаги суратга тузатиш сифатида қайта қўшилади.


A8. Шунга ўхшаш ёндашув ўхшаш шартларга эга имтиёзли акцияларга ёки инвесторга қулайроқ конвертация ставкалари учун пул маблағи тўлашга рухсат берадиган конвертация опционларига эга бошқа инструментларга ҳам қўлланади.


A9. Маълум опционлар ёки варрантларнинг таянч шартлари ушбу инструментлардан фойдаланишдан олинган пул маблағлари тушишини ташкилотнинг (ёки унинг бош ташкилоти ёки шўъба ташкилотнинг) қарз ёки бошқа инструментларини сўндиришга йўналтирилишини талаб этиши мумкин. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда, ушбу опционлар ёки варрантлар фойдаланилади ва пул маблағлари тушиши оддий акцияларни харид қилишдан кўра қарзни унинг ўртача бозор нархида харид қилишга йўналтирилади деб ҳисобланади. Лекин, ҳисобланган фойдаланишдан олинган пул маблағлари тушишининг ҳисобланган қарзни харид қилиш қийматидан ортиқ қисми (яъни оддий акцияларни қайта харид қилишга йўналтирилиши ҳисобланган) бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади. Харид қилиниши фараз қилинган ҳар қандай қарз бўйича фоиз суммаси (солиқдан ҳоли) формуладаги суратга тузатиш сифатида қайта қўшилади.



Чиқарилган "пут" опционлар


A10. 63-банднинг қўлланишини кўрсатиш учун, фараз қилайлик, ташкилот унинг оддий акциялари бўйича фойдаланиш нархи 35 п.б. бўлган 120 дона чиқарилган "пут" опционларга эга. Давр учун унинг оддий акцияларининг ўртача бозор нархи 28 п.б.га тенг. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда, ташкилот ўзининг 4,200 п.б.га тенг пут опциони бўйича мажбуриятини қаноатлантириш учун давр бошида ҳар бири 28 п.б.га тенг 150 дона акция чиқарган деб ҳисоблайди. Чиқарилган 150 дона оддий акциялар билан "пут" опционини қаноатлантиришдан олинган 120 дона оддий акциялар ўртасидаги фарқ (30 дона қўшимча оддий акциялар) бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда махражга қўшилади.



Шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир

остидаги ташкилотларнинг инструментлари


A11. Шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг оддий акцияларига ёки бош ташкилот ёки инвестиция объекти устидан биргаликдаги назоратга ёки аҳамиятли таъсирга эга инвесторларнинг (ҳисобот берувчи ташкилот) оддий акцияларига конвертацияланадиган шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг потенциал оддий акциялари бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда қуйидагича ҳисобга олинади:

(a) ўз эгаларига шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг оддий акцияларини олишга имкон берадиган шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилот томонидан чиқарилган инструментлар шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотга тегишли бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда инобатга олинади. Ушбу бир акцияга тўғри келадиган фойда кейинчалик ҳисобот берувчи ташкилотнинг шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг инструментларидаги улушига асосланган ҳолда, ҳисобот берувчи ташкилотнинг бир акцияга тўғри келадиган фойда ҳисоб - китобида инобатга олинади.

(б) ҳисобот берувчи ташкилотнинг оддий акцияларига конвертацияланадиган шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг инструментлари бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш мақсадида ҳисобот берувчи ташкилотнинг потенциал оддий акциялари қаторида ҳисобга олинади. Шунингдек, шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилот томонидан ҳисобот берувчи ташкилотнинг оддий акцияларини сотиб олиш учун чиқарилган опционлар ёки варрантлар консолидациялашган бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда ҳисобот берувчи ташкилотнинг потенциал оддий акциялари қаторида ҳисобга олинади.


A12. Шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг оддий акцияларига конвертацияланадиган ҳисобот берувчи ташкилот томонидан чиқарилган инструментларнинг бир акцияга тўғри келадиган фойдага таъсирини аниқлаш мақсадида, инструментлар конвертацияланади деб ҳисобланади ва формулада сурат (бош ташкилотнинг оддий акциялари эгаларига тегишли фойда ёки зарар) 33-бандга мувофиқ зарур бўлган тузатиш киритилади. Ушбу тузатишларга қўшимча тарзда, сурат ҳисобот берувчи ташкилот томонидан шўъба ташкилот, қўшма корхона ёки таъсир остидаги ташкилотнинг ҳисобланган конвертация натижасида муомалада бўлган оддий акцияларига тегишли фойда ёки зарардаги (масалан, дивиденд кўринишидаги даромад ёки улуш бўйича ҳисобга олиш усули бўйича олинадиган даромад) ҳар қандай ўзгаришга нисбатан тузатилади. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда махражга таъсирланмайди, чунки ҳисобот берувчи ташкилотнинг муомаладаги оддий акциялари миқдори ҳисобланган конвертация натижасида ўзгармайди.



Фойда тақсимланишида иштирок

этиш ҳуқуқига эга улушли инструментлар

ва икки синфли оддий акциялар


A13. Баъзи ташкилотларнинг хусусий капитали қуйидагиларни қамраб олади:

(a) баъзида иштирок этишнинг юқори лимитига (масалан, бир акцияга тўғри келадиган белгиланган қийматгача, аммо ундан юқори бўлмаган) эга олдиндан белгиланган формула (масалан, бирга иккитадан) асосида оддий акциялар қаторида дивидендлар тақсимланишида иштирок этадиган инструментлар.

(б) имтиёзли ёки юқорироқ ҳуқуқларга эга бўлмаган, оддий акцияларнинг бошқа синфининг дивиденд ставкасидан фарқ қиладиган дивиденд ставкасига эга оддий акциялар синфи.


A14. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш мақсадида, А13 бандда тавсифланган оддий акцияларга конвертацияланадиган инструментлар бўйича, агар уларнинг таъсири суюлтирувчи бўлса, конвертация қилинади деб ҳисобланади. Оддий акциялар синфига конвертацияланмайдиган инструментлар бўйича, давр учун фойда ёки зарар акцияларнинг турли синфлари ва дивиденд ҳуқуқларига ёки тақсимланмаган фойдада иштирок этиш бўйича бошқа ҳуқуқларга мувофиқ фойда тақсимланишида иштирок этиш ҳуқуқига эга улушли инструментларга тақсимланади. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун:

(a) бош ташкилотнинг оддий акцияси эгаларига тегишли фойда ёки зарар акцияларнинг ҳар бир синфи учун жорий даврда эълон қилинган дивидендлар суммасига ҳамда даврда тўланиши шарт бўлган дивидендларнинг (масалан, тўланмаган кумулятив дивидендлар) шартномавий суммасига (ёки фойдада иштирок этиш ҳуқуқига эга облигациялар бўйича фоиз суммасига) тузатилади (фойда камаяди ва зарар кўпаяди).

(б) фойда ёки зарарнинг қолган қисми оддий акцияларга ва фойда тақсимланишида иштирок этиш ҳуқуқига эга улушли инструментларга ҳар бир инструментга фойдада тўғри келадиган улуши даражасида даврнинг барча фойда ёки зарари тақсимлангандек тарзда тақсимланади. Улушли инструментнинг ҳар бир синфига тақсимланган жами фойда ёки зарар дивидендлар тўланишига тақсимланган суммани ҳамда иштирок этиш бўйича тақсимланган суммани бир бирига қўшиш орқали аниқланади.

(в) улушли инструментнинг ҳар бир синфига тақсимланган фойда ёки зарарнинг жами суммаси инструмент учун бир акцияга тўғри келадиган фойдани аниқлашда фойда тақсимланган муомаладаги инструментлар миқдорига бўлинади.

Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблаш учун, чиқарилиши назарда тутилган барча потенциал оддий акциялар муомаладаги оддий акцияларга киритилади.



Қисман тўланган акциялар


A15. Оддий акциялар чиқарилган, лекин тўлиқ тўланмаган бўлса, улар бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий кўрсаткични ҳисоблашда давр мобайнида тўлиқ тўланган оддий акцияларга нисбатан уларнинг дивиденд тақсимланишида иштирок этиш ҳуқуқи даражасига боғлиқ ҳолда, оддий акциянинг қисми сифатида инобатга олинади.


A16. Қисман тўланган акциялар давр мобайнидаги дивиденд тақсимланишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган даражада, улар бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткични ҳисоблашда варрантлар ёки опционлар эквиваленти сифатида инобатга олинади. Тўланмаган қолдиқ оддий акцияларни сотиб олишга йўналтириладиган пул маблағлари тушишини акс эттиради деб ҳисобланади. Бир акцияга тўғри келадиган фойда - суюлтирилган кўрсаткичга киритилган акциялар миқдори обуна бўлинган акциялар миқдори билан сотиб олиниши фараз қилинган акцияларнинг миқдори ўртасидаги фарққа тенг бўлади.

      

       

------------------------------------------------------

*) Мазкур кўрсатмада монетар суммалар "пул бирлиги (п.б.)"да ифодаланган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь