Ўзбeкистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.11.2024 й. 748-сон "Саноат соҳасида миллий бренд эгалари ҳамда нуфузли халқаро брендлар ҳамкорларини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
08.11.2024 й
N 748
САНОАТ СОҲАСИДА МИЛЛИЙ
БРЕНД ЭГАЛАРИ ҲАМДА НУФУЗЛИ
ХАЛҚАРО БРЕНДЛАР ҲАМКОРЛАРИНИ
САВДОГА КЎМАКЛАШИШ ЖАМҒАРМАСИ
МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН ҚЎЛЛАБ-
ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Саноат соҳасида нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Саноат соҳасида нуфузли халқаро брендлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг махсус электрон платформасида ҳар йили 1 апрелга қадар нуфузли халқаро ва миллий брендларнинг рўйхати шакллантирилиши ва эълон қилиб борилиши;
нуфузли халқаро брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари билан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга ҳамда миллий саноат брендлари рўйхатига киритилган бренд эгаларига Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилишининг белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Миллий бренд эгаларини ва нуфузли халқаро брендлар ҳамкорларини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи нуфузли халқаро брендлар ҳамкорлари ва миллий бренд эгаларининг рўйхатларини шакллантириш услубиятини тасдиқласин:
а) нуфузли халқаро брендлар рўйхатини шакллантиришда халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг сўнгги рейтингида биринчи 500 ўринни эгаллаган саноат йўналишидаги бренд эгаларини саралаб олиш;
б) миллий бренд эгалари рўйхатини шакллантиришда:
товар белгилари бўйича миллий консалтинг компаниялари тадқиқотлари натижаларини таҳлил қилиш;
товар белгилари оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши ҳолати ҳамда улар тўғрисида сўровлар сони бўйича мезонлар;
аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш мезонлари.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 12 ноябрь