Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Миллий бренд эгаларини ва нуфузли халқаро брендлар ҳамкорларини Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.11.2024 й. 748-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 8 ноябрдаги

748-сон қарорига

ИЛОВА



Миллий бренд эгаларини ва нуфузли халқаро

брендлар ҳамкорларини Савдога кўмаклашиш

жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-

қувватлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом миллий бренд эгаларини ҳамда нуфузли халқаро брендлар ҳамкорларини Савдога кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бренд ҳамкорлари - махсус электрон платформада нуфузли халқаро брендлар рўйхатига киритилган бренд эгалари билан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида тўғридан-тўғри шартнома тузган юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга тадбиркорлик субъектлари;


махсус электрон платформа - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг (кейинги ўринларда - Палата) бренд ҳамкорлари ва миллий бренд эгаларининг рўйхати шакллантириладиган ҳамда эълон қилиб бориладиган махсус электрон ахборот тизими;


миллий бренд эгалари - махсус электрон платформада миллий бренд эгалари рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори билан тасдиқланган Миллий брендлар рўйхатига киритиладиган саноат йўналишлари бўйича юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга ҳамда товар белгиси белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари;


мувофиқлаштирувчи органлар - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори билан тасдиқланган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш юзасидан дастур ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ташкилотлар - Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;


нуфузли халқаро брендлар - махсус электрон платформада эълон қилинган халқаро брендлар;


ташаббускор - бренд ҳамкорлари ва миллий бренд эгаларининг рўйхатига киритилган тадбиркорлик субъекти;


хорижий мутахассислар рўйхати - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 августдаги ПҚ-286-сон қарори билан тасдиқланган Саноат йўналишлари бўйича жалб қилинадиган хорижий мутахассисларнинг рўйхати.


3. Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш (кейинги ўринларда - молиявий ёрдам) чоралари амалга оширилади:

а) бренд ҳамкорлари учун:

халқаро стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш харажатларини қоплаш;

хорижий мутахассислар рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни нуфузли халқаро брендлар эгалари ҳисобланган корхоналарда, шу жумладан, уларнинг ишлаб чиқариш майдонларида малакасини ошириш харажатларини қоплаш;

нуфузли халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарганда грантлар ажратиш;

б) миллий бренд эгаларига қуйидаги харажатларнинг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш:

стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш;

хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш;

халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш;

хорижий давлатлардаги "Made in Uzbekistan" шоурумларида маҳсулотларини жойлаштириш;

хорижий савдо уйларини ташкил қилишда биноларни ижарага олиш;

халқаро кўргазмаларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш, жойни ижарага олиш, кўргазма стендларини ташкил этиш;

маҳсулотлар рекламасини Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш;

ишлаб чиқариш бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича (CRM, ERP, CERM) ахборот тизимларини жорий қилиш;

хорижий мутахассислар рўйхатига мувофиқ камида бир йилга жалб қилинган малакали хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш;

в) мувофиқлаштирувчи органлар томонидан тармоқ уюшмалари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган дастур асосида хорижий мутахассислар рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш (кейинги ўринларда - саноат соҳалари учун талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишида).



2-БОБ. МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА

ТАЛАБ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


4. Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам олиш бўйича ташаббускорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


5. Молиявий ёрдам олиш учун ташаббускор "Савдони ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамиятига (кейинги ўринларда - Компания) мурожаат қилади.


6. Жамғармадан молиявий ёрдам олиш учун ташаббускор томонидан қуйидаги ҳужжатлар Компаниянинг электрон платформаси орқали тақдим этилади:

а) бренд ҳамкорлари учун:

халқаро стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш харажатларини қоплаш йўналишларида стандарт (сертификат) жорий қилиш (олиш) режалаштирилган маҳсулот, жой, объект (ер) майдони ҳажми, ишловчилар сони, ишлаб чиқариш қувватлари тўғрисида маълумот, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномасининг нусхаси);

хорижий мутахассислар рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни нуфузли халқаро брендлар эгалари ҳисобланган корхоналарда, шу жумладан, уларнинг ишлаб чиқариш майдонларида малакасини ошириш харажатларини қоплаш йўналишида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномасининг нусхаси);

нуфузли халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилганда - грантлар ажратиш йўналишида нуфузли хорижий бренд остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (хорижий бренд эгалари ҳисобланган корхоналар билан тузилган шартнома ҳамда маҳсулотлар сотилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар - олди-сотди шартномаси, ҳисоб-фактура ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномасининг нусхаси);

б) миллий бренд эгалари учун харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб беришда:

стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш йўналишида стандарт (сертификат) жорий қилиш (олиш) режалаштирилган маҳсулот, жой, объект (ер) майдони ҳажми, ишловчилар сони, ишлаб чиқариш қувватлари тўғрисида маълумот, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси);

хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси), миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотнома;

халқаро кўргазмаларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш, жойни ижарага олиш ва кўргазма стендларини ташкил этиш йўналишларида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси), ўтказилган кўргазма стенди бўйича фотосурат ва видеолавҳалар;

ишлаб чиқариш бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича (CRM, ERP, CERM) ахборот тизимларини жорий қилиш йўналишида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси), ахборот тизимини ишга туширганлиги хақида маълумот;

халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш, хорижий давлатлардаги "Made in Uzbekistan" шоурумларида маҳсулотларини жойлаштириш, хорижий савдо уйларини ташкил қилишда биноларни ижарага олиш, маҳсулотлар рекламасини Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш йўналишларида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси) ва фотосуратлар;

хорижий мутахассислар рўйхатига мувофиқ камида бир йилга жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш йўналишида харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар (шартнома, далолатнома ва хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхаси);


7. Ташаббускорлардан ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


8. Аризада ташаббускор электрон манзилининг кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида электрон платформа орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.


9. Саноат соҳалари учун талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўналиши бўйича амалга ошириладиган харажатларни молиялаштириш учун мувофиқлаштирувчи органлар томонидан тармоқ уюшмалари билан биргаликда ишлаб чиқилган дастур ҳамда дастурга кирган корхоналарнинг маҳаллий мутахассислари рўйхати (мутахассислик йўналиши, лавозими, паспорт маълумотларини кўрсатган ҳолда) ва уларнинг корхона мутахассислари эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (буйруқ ёки меҳнат шартномаси) Компанияга тақдим этилади.



3-БОБ. ТАШАББУСКОР АРИЗАСИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


10. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Компания томонидан ариза қабул қилинган кундан бошлаб етти иш куни давомида кўриб чиқилади.

Бунда тақдим этилган ҳужжатлар уларда кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги, молиявий ёрдам кўрсатиш йўналишлари, шартлари ва мақсадларига ҳамда молиявий ёрдамни ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган миқдорларга мувофиқлиги нуқтаи назардан кўриб чиқади.


11. Компания томонидан ташаббускорларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун ариза топширилган санада барқарорлик рейтингида "ААА", "АА", "А", "ВВВ", "ВВ", "В" рейтинга эга бўлган корхона бўлиши (рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сон Фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно) лозим.


12. Молиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарор Компания томонидан қабул қилинади.

Компания бир иш куни мобайнида электрон платформа орқали қабул қилинган қарор тўғрисида экспорт қилувчи ташкилотларга хабарнома юборади.


13. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, молиявий ёрдам бериш тўғрисидаги ижобий қарор қабул қилинган аризалар бўйича Компания томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.


14. Молиявий ёрдам ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида молиявий ёрдам маблағлари ташаббускорнинг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.


15. Аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг Компанияга келиб тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.


16. Қуйидагилар молиявий ёрдам ажратишни рад этиш учун асос бўлади:

ташаббускор томонидан мазкур Низомга мувофиқ белгиланган ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

ташаббускор томонидан сўралаётган молиявий ёрдамнинг мазкур Низомда белгиланган тартиб ва талабларга номувофиқлиги;

тақдим этилган ҳужжатларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги.

Ушбу бандда кўрсатилганидан бошқа сабабларга кўра молиявий ёрдам кўрсатишни рад этилишига йўл қўйилмайди.


17. Тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташаббускорларга юкланади.


18. Ушбу Низомнинг 3-банди "в" кичик бандида белгиланган йўналишда молиявий ёрдам ажратиш мувофиқлаштирувчи органларнинг буюртмаларига мувофиқ тармоқ уюшмалари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган дастурлар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ ЙЎНАЛИШЛАРИ

ВА ПРЕДМЕТИ


19. Молиявий ёрдам қуйидаги йўналишлар билан боғлиқ харажатларни тўлаб бериш учун кўрсатилади:

а) бренд ҳамкорлари учун:

халқаро стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш харажатларини қоплаш йўналишларида стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик сертификатларини олиш, маҳсулот намуналарини хориждаги ва (ёки) Ўзбекистон Республикасидаги лабораторияларда текшириш, синовдан ўтказиш, хулосалар олиш, хориждаги лабораторияларга маҳсулот намуналарини етказиб бериш, сақлаш ва (ёки) йўқ қилиш;

хорижий мутахассислар рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни нуфузли халқаро брендлар эгалари ҳисобланган корхоналарда, шу жумладан, уларнинг ишлаб чиқариш майдонларида малакасини ошириш харажатларини қоплаш йўналишида ўқув тренингларида қатнашиш тўлови, транспорт харажати - эконом класс учун, меҳмонхона харажати - стандарт номер учун;

нуфузли халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилганда - грантлар ажратиш йўналишида нуфузли хорижий брендлар остида маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;

б) миллий бренд эгалари учун қуйидаги харажатларнинг 50 фоизигача қисмини қоплаб беришда:

стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш йўналишида стандартларни жорий қилиш, мувофиқлик сертификатларини олиш, маҳсулот намуналарини хориждаги ва (ёки) Ўзбекистон Республикасидаги лабораторияларда текшириш, синовдан ўтказиш, хулосалар олиш, хориждаги лабораторияларга маҳсулот намуналарини етказиб бериш, сақлаш ва (ёки) йўқ қилиш;

хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш йўналишида рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар, рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлган маҳсулотлар ва брендлар (товар белгилари) ҳужжатлари ва намуналарини тегишли хорижий ваколатли органларга етказиб бериш;

халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш йўналишида маҳсулот ва хизматларни халқаро электрон савдо майдончаларига, шу жумладан, уларда рўйхатдан ўтиш ва аъзо бўлиш орқали жойлаштириш;

хорижий давлатлардаги "Made in Uzbekistan" шоурумида маҳсулотларини жойлаштириш йўналишида маҳсулотлар намуналари ва бошқа кўргазма экспонатларини хорижий давлатдаги шоурумларга етказиб бериш ва Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келиш;

хорижий савдо уйларини ташкил қилиш учун биноларни ижарага олиш йўналишида офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш;

халқаро кўргазмаларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш, жойни ижарага олиш ва кўргазма стендларини ташкил этиш йўналишларида рўйхатга олиш йиғимлари, кўргазма майдонларини (шу жумладан, стендларни жойлаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда) ҳамда кўргазма стенди ва жиҳозларини ижарага олиш, стендларни ишлаб чиқариш, монтаж ва демонтаж қилиш;

маҳсулотлар рекламасини Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш йўналишида рақамли рекламани тайёрлаш ҳамда Интернет жаҳон тармоғи хорижий ахборот ресурсларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар, мобиль иловалар, мессенжерлар, онлайн ўйинларда жойлаштириш, шунингдек, чет эл газеталари, бизнес журналлар ва каталогларида нашр қилиш;

ишлаб чиқариш бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича (CRM, ERP, CERM) ахборот тизимларини жорий қилиш йўналишида автоматлаштирилган тизимни (электрон дастур) сотиб олиш (жорий қилиш);

хорижий мутахассислар рўйхатига мувофиқ камида бир йилга жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш йўналишида меҳнатга ҳақ тўлаш;

в) саноат соҳалари учун талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўқув тренинглари ва малака ошириш курслари ташкил этиш (жалб қилинадиган малакали хорижий мутахассисларнинг хизмат ҳақи, транспорт харажати - эконом класс учун, меҳмонхона харажати - стандарт номер учун) тўловлари.



5-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ МИҚДОРИ

ВА ШАРТЛАРИ


20. Компания томонидан бериладиган молиявий ёрдам ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган йўналишларга мувофиқ қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

а) бренд ҳамкорлари учун:

халқаро стандартларни жорий қилиш, экологик ва мувофиқлик бўйича сертификатлаш харажатларини қоплаш йўналишларида бир календарь йилида 5 та халқаро сертификат учун харажатларнинг 100 фоизи, бироқ 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускорлар томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

хорижий мутахассислар рўйхатида кўрсатилган саноат йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни нуфузли халқаро брендлар эгалари ҳисобланган корхоналарда, шу жумладан, уларнинг ишлаб чиқариш майдонларида малакасини ошириш харажатларини қоплаш йўналишида бир календарь йилида бир маротаба мутахассисларни малакасини ошириш учун ташабусскорларнинг ихтиёрига кўра бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли вакиллари билан тўғридан-тўғри шартнома тузилганда харажатларнинг 100 фоизи миқдорда, ташаббускорлар томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

нуфузли халқаро брендлар остида камида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилганда - грантлар ажратиш йўналишида нуфузли халқаро брендлар остида маҳсулот ишлаб чиқариш бошланган вақтдан келгуси 12 ой ичида камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида маҳсулот ишлаб чиқариб, реализация қилинганда бир маротаба 500 миллион сўм миқдорда грант ажратилади;

б) миллий бренд эгалари учун қуйидаги харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб беришда:

стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини жорий этиш харажатларини қоплаш йўналишида, бир календарь йилида кўпи билан 3 та халқаро сертификат учун, бунда битта халқаро сертификатни олиш учун - 50 фоиз, бироқ 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускорлар томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотлар ва брендларни (товар белгиларини) рўйхатдан ўтказиш харажатларини қоплаш йўналишида - 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор учун бир календарь йилида 5 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

халқаро савдо майдончаларига (маркетплейсларга) чиқиш харажатларини қоплаш йўналишида 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор ташкилот учун бир календарь йилида 5 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

хорижий давлатлардаги "Made in Uzbekistan" шоурумида маҳсулотларини жойлаштириш харажатларини қоплаш йўналишида 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор учун бир календарь йилида 5 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

хорижий савдо уйларини ташкил қилишда биноларни ижарага олиш харажатларини қоплаш йўналишида 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор учун бир ойда 2 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

халқаро кўргазмаларда қатнашишда рўйхатдан ўтиш, жойни ижарага олиш, кўргазма стендларини ташкил этиш йўналишида ташаббускор алоҳида ўзи ижарага олган майдонда қатнашган ҳолатларда бир календарь йилида 3 та халқаро кўргазма учун 50 фоиз миқдорда, бироқ битта ташаббускор учун битта кўргазма бўйича 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

маҳсулотлар рекламасини Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш харажатларини қоплаш йўналишида 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор учун бир календарь йилида 5 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускорлар томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

ишлаб чиқариш бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича (CRM, ERP, CERM) ахборот тизимларини жорий қилиш харажатларини қоплаш йўналишида 50 фоиз, бироқ бир ташаббускор ташкилот учун бир календарь йилида 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, ташаббускор томонидан амалга оширилган ҳақиқий харажатлар қоплаб берилади;

хорижий мутахассислар рўйхатига мувофиқ камида бир йилга жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш йўналишида бир календарь йилида битта хорижий мутахассис иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ бир ойда битта мутахассис учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваридан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади;

в) саноат соҳалари учун талаб юқори бўлган маҳаллий мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишида 100 фоиз миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича молиялаштирилади.

Бунда хорижий валютадаги харажатлар бўйича кўрсатиладиган молиявий ёрдам миқдори ташаббускорлар томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларнинг хизматидан фойдаланган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада ҳисобланиб тўлаб берилади.



6-БОБ. МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ БЎЙИЧА ТЎЛОВНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


21. Компания томонидан бериладиган молиявий ёрдамлар Жамғармада мавжуд маблағлар доирасида амалга оширилади.


22. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида харажатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ молиялаштирилади.


23. Хориждаги шартномалар бўйича харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларини самарали бошқариш тўғрисида" 2020 йил 23 майдаги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Ушбу Низом қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


25. Жамғарманинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик Компанияга юкланади.

         

         




Низомга

ИЛОВА



Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан

молиявий ёрдам олиш бўйича ташаббускорларнинг

мурожаатларини кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

         

      

Босқичлар

   


        

Масъул ижрочилар

         


    

Тадбирлар

      


    

Бажариш муддатлари

      









1-босқич


Ташаббускор


    

Тегишли ҳужжатларни тайёрлайди ва электрон шаклда тақдим этади.

        


Ихтиёрига кўра












2-босқич


"Савдони ривожлантириш

компанияси" АЖ


Аризани кўриб чиқиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


  

Ариза қабул қилинган

кундан бошлаб 7 иш

куни мобайнида

       












3-босқич


"Савдони ривожлантириш

компанияси" АЖ


Ташаббускорга қабул қилинган қарор тўғрисида билдиришнома юборади.


    

Қарор қабул қилинган

кундан бошлаб 1 иш

куни мобайнида

       












4-босқич


"Савдони ривожлантириш

компанияси" АЖ


Ташаббускорнинг аризасида кўрсатилган банк ҳисобварағига тегишли маблағларни ўтказиб беради.


        

Қарор қабул қилинган

кундан бошлаб 5 иш

куни мобайнида

         







          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 12 ноябрь