Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг ўз маблағлари миқдори ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.12.2025 й. 3729-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 14.11.2025 й. 20-сон буйруғига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2025 йил 18 декабрда 3729-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2025 йил 14 ноябрдаги

20-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг

ўз маблағлари миқдори ва инвестиция активларининг

ўртача йиллик қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг (инвестиция активларини ишончли бошқаришни амалга оширувчи тижорат банклари бундан мустасно) ўз маблағлари миқдори ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ишончли бошқарувчининг ишончли бошқарувида бўлган инвестиция активлари (бундан буён матнда инвестиция активлари деб юритилади) - қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ инвестиция активлари деб эътироф этиладиган бошқа мол-мулк;


инвестиция активларини ишончли бошқарувчи (бундан буён матнда ишончли бошқарувчи деб юритилади) - инвестиция активларини ишончли бошқаришни амалга оширувчи юридик шахс;


ишончли бошқарувнинг таъсисчиси - ишончли бошқариш шартномасига биноан инвестиция активларини маълум муддатга бошқариш учун топширадиган ишончли бошқариш шартномасининг тарафи;


наф олувчи - ишончли бошқарувнинг таъсисчиси ёки ишончли бошқарув шартномасида белгиланган ишончли бошқарувчининг ўз зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс;


қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.


2. Ишончли бошқарувчи ўзи бошқарадиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз маблағларига (устав капиталига қўйилган номоддий активларни чегириб ташлаган ҳолда) эга бўлиши керак.


3. Ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати тўғрисидаги ҳисобот Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларига (рўйхат рақами 2383, 2012 йил 31 июль) мувофиқ қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига тақдим этилади.

Ишончли бошқарувчиларнинг ўз маблағлари миқдори мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабга мувофиқлиги ҳар чоракда улар томонидан тақдим этиладиган ўз маблағлари ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати тўғрисидаги ҳисоботга асосан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан назорат қилинади.


4. Ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари миқдори инвестиция активларини бошқариш жараёнида молиявий барқарорликни таъминлаш, ишончли бошқарувчининг ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш имкониятини баҳолаш ҳамда ишончли бошқарувнинг таъсисчиси ёки наф олувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида аниқланади.


5. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини аниқлаш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

ишончли бошқарувчи ўз маблағлари миқдорининг мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабга мувофиқлигини аниқлаш;

ишончли бошқарувчининг фаолияти натижаларини баҳолаш;

амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган бошқа мақсадларда.


6. Мазкур Низом мақсадлари учун ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари миқдори қуйидагилар асосида белгиланади:

устав капитали (акциядорлардан (иштирокчилар) олинган ва (ёки) сотиб олинган ўзининг акциялари (улушлари, ҳиссалари) бундан мустасно);

қўшилган капитал;

захира капитал;

тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар);

мақсадли тушумлар;

келгуси харажатлар ва тўловлар захиралари.


7. Ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари миқдори ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати Ўзбекистон Республикаси пул бирлиги - сўмда ифодаланади.


8. Агар ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари миқдори мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабга мувофиқ бўлмаса, ишончли бошқарувчи уни бир ойдан кечиктирмай ушбу талабга мувофиқлаштириши керак.



2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ АКТИВЛАРИНИНГ ЎРТАЧА ЙИЛЛИК

ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ ВА ҚАЙТА БАҲОЛАШ


9. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ҳар чоракда ҳисобот чораги тугаганидан кейинги кундан кечиктирмай ишончли бошқарувчилар томонидан амалга оширилади.

Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш натижалари ишончли бошқарувчининг ўз маблағлари ва инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирилади.


10. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини қайта баҳолаш наф олувчининг талабига кўра ишончли бошқарув шартномасида белгиланган тартибда амалга оширилади.


11. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ва қайта баҳолаш натижалари ишончли бошқарувчи томонидан ишончли бошқарув шартномасида белгиланган муддатларда наф олувчининг эътиборига етказилади.


12. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ва қайта баҳолашда ҳисобга олинадиган инвестиция активларининг таркиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

хўжалик юритувчи субъектларнинг қимматли қоғозлари, шу жумладан улар томонидан ишончли бошқарув тўғрисида шартнома тузилган вақтда давлат мулки бўлган қимматли қоғозлар;

хўжалик юритувчи субъектларнинг уларни ишончли бошқариш тўғрисида шартнома тузилган вақтда давлат мулки бўлган улушлари (пайлари);

таъсисчи томонидан ишончли бошқарувчига бошқариш учун берилган қимматли қоғозларга инвестиция қилиш учун мўлжалланган пул маблағлари;

ишончли бошқарувчи томонидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариш натижасида олинган пул маблағлари ва қимматли қоғозлар.


13. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ва қайта баҳолаш натижалари ишончли бошқарувчининг бухгалтерия ҳисобида белгиланган тартибда қайд этилади. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ва қайта баҳолашда листингга киритилган, биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчиларининг савдо майдончаларида котировка қилинган эмитентларнинг қимматли қоғозлари, ҳисобот даврининг охирида ушбу қимматли қоғозлар бўйича мазкур ҳисобот даврида тузилган битимлар натижасида шаклланган ўртача нарх асосида амалга оширилади.

Агар ҳисобот даврида мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қимматли қоғозлар билан битимлар тузилмаган бўлса, аввалги ҳисобот давридаги қимматли қоғозларнинг ўртача нархи инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ёки қайта баҳолаш учун қўлланилади.


14. Биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчиларининг листингига киритилмаган, лекин иккиламчи биржа ва биржадан ташқари бозорда сотилган эмитентларнинг қимматли қоғозлари, агар улар ҳисобот даврида камида иккита юридик шахс томонидан сотилган ва битимлар ҳажми ушбу эмитент томонидан чиқарилган бир турдаги қимматли қоғозлар умумий миқдорининг камида 5 фоизини ташкил этган бўлса, мазкур ҳисобот даврида тузилган битимлар натижасида шаклланган қимматли қоғозларнинг ўртача нархи асосида инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ёки қайта баҳолаш амалга оширилади.

Агар ҳисобот даврида мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қимматли қоғозлар билан битимлар тузилмаган бўлса, аввалги ҳисобот давридаги қимматли қоғозларнинг ўртача нархи инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ва қайта баҳолаш учун қўлланилади.


15. Агар ҳисобот даврида мазкур Низомнинг 13 ва 14-бандларида кўрсатилган қимматли қоғозлар билан битимлар биржа ва биржадан ташқари савдо ташкилотчиларининг савдо майдончаларида тузилмаган бўлса, унда инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ёки қайта баҳолашда ушбу битимлар бўйича аввалги ҳисобот давридаги қимматли қоғозларнинг ўртача нархи қўлланилади.

Мазкур битимларнинг ўртача нархи ва ҳажми биржа ташкилотлари ва биржадан ташқари савдо ташкилотчилари томонидан белгиланади ва ишончли бошқарувчининг сўровига асосан икки иш кунида тақдим этилади.


16. Давлат қимматли қоғозлари ҳар бир чиқариш учун алоҳида баҳоланади, бунда ушбу давлат қимматли қоғозларини баҳолаш ва қайта баҳолашда инвестиция активларини охирги баҳолаш санасидан бошлаб иккиламчи савдоларда сотилган ўртача нарх ҳисобга олинади.

Агар инвестиция активларини баҳолаш ва қайта баҳолаш вақтигача давлат қимматли қоғозларининг маълум бир чиқарилиши бўйича иккиламчи савдолар ўтказилмаган бўлса, ушбу давлат қимматли қоғозлари уларнинг бирламчи жойлаштириш бўйича кимошди савдосида сотилган ўртача нарх асосида баҳоланади ёки қайта баҳоланади.


17. Муайян дилер орқали савдо қилиш белгиланган давлат қимматли қоғозларини баҳолаш ёки қайта баҳолаш дилер томонидан эълон қилинган охирги котировканинг қиймати бўйича амалга оширилади.

Агар инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ёки қайта баҳолаш кунида айни бир қимматли қоғознинг котировкаси икки ёки ундан ортиқ дилерлар томонидан эълон қилинган бўлса, бундай қимматли қоғознинг баҳолаш қиймати, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, дилерлар томонидан эълон қилинган барча котировкаларнинг ўртача нархи асосида аниқланади.

Агар купон бўйича тўланадиган даромад билан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг котировкалари жамғарилган даромад суммасини ўз ичига олмаса, у ҳолда инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш ёки қайта баҳолаш қимматли қоғозларни сотиб олишда тўланган жамғарилган даромад суммасини чегирган ҳолда амалга оширилади.


18. Давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли орган томонидан ишончли бошқарувчига берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг улушлари (пайлари) бўйича инвестиция активлари қийматини баҳолаш ва қайта баҳолаш қимматли қоғозларнинг номинал қиймати бўйича аниқланади.


19. Ушбу Низомнинг 11 - 18-бандларига мувофиқ инвестиция активларини баҳолаш ва қайта баҳолаш имкони бўлмаганда, инвестиция активларининг қиймати қимматли қоғозларнинг номинал қиймати бўйича ҳисобланади.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ АКТИВЛАРИНИНГ ЎРТАЧА

ЙИЛЛИК ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ


20. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати ҳар чоракда амалдаги ҳисобот чораги ва ундан олдинги уч ҳисобот чораги учун инвестиция активларининг қиймати асосида мазкур Низомда белгиланган тартибда аниқланади.


21. Инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини аниқлаш қуйидаги формула асосида амалга оширилади:

САўртача йиллик =

А-1 + А-2 + А-3 + А-4


4


Бунда:

САўртача йиллик - инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати;

А-1 - амалдаги ҳисобот чорагидаги инвестиция активларининг баҳоланган қиймати;

А-2 - ўтган ҳисобот чорагидаги инвестиция активларининг баҳоланган қиймати;

А-3 - ҳисобот чорагидан аввалги икки ҳисобот чорагидаги инвестиция активларининг баҳоланган қиймати;

А-4 - ҳисобот чорагидан аввалги уч ҳисобот чорагидаги инвестиция активларининг баҳоланган қиймати;

А-1, А-2, А-3, А-4 - ушбу Низомнинг 11 - 18-бандларида белгиланган тартибда ҳисобланади.

Ҳисобот даври учун маълумотлар бўлмаганда, инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини ҳисоблаш учун мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган формуланинг сурати ва махражи қийматлари тегишли чорак учун ҳисобга олинмайди, махраж қиймати эса маълумотлар мавжуд бўлмаган даврлар сонига камаяди.


22. Ишончли бошқарувчи томонидан бир нечта таъсисчисидан олинган инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳисобланган инвестиция активларининг қийматини жамлаш йўли билан аниқланади.


23. Ишончли бошқарувчи томонидан инвестиция фондларининг активларини бошқариш фаолияти инвестиция активларини ишончли бошқариш фаолияти билан бирга қўшиб олиб борилганда инвестиция активларининг ўртача йиллик қиймати ҳисобот чорагидаги инвестиция активларининг баҳоланган қиймати асосида ҳамда инвестиция фондларининг соф активлари қиймати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 22 декабрь