Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Е-aktiv билан ишлашга тайёргарлик: 2021 йил якунига қадар учта муҳим вазифа
Бухгалтерлар фақат 2022 йил 1 январдан бошлаб Е-aktiv портали билан тўлақонли ишлашлари мумкин (ва шарт). Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ҳозирданоқ бунга тайёрланиш зарур деб ҳисоблайди.
- “Жуда кўп вақт ва ресурслар сарфини талаб қиладиган тайёргарликнинг биринчи босқичида биз умуман Е-aktiv да ишлашнинг техник жиҳатларига чуқур киришишимиз шарт эмас.
Демак, 2021 йил ноябрь–декабрь ойлари учун вазифалар қуйидагилардан иборат:
1. Кадрлар бўйича бир қарорга келинг
Е-aktiv билан ишлаш кўп вақт талаб қилади. Айниқса бу ТМҚнинг катта захираси ва ҳаракатига эга йирик ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш корхоналари учун сезиларли бўлади.
Е-aktiv да ҳисоб бухгалтерлик дастурининг ўрнини эгалламайди, балки уни тўлдиради. ДСҚ янги сервисни барча бухгалтерлик дастурлари билан интеграция қилишга ваъда берди, бироқ бу вақт билан боғлиқ масала. Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари интеграция қилиниши учун улар Е-aktiv қандай ишлашини аниқ тушунишлари керак, у эса ҳозирча ишлаб чиқиш босқичида. Бунинг устига назорат учун интеграция қилиш қандай инсоний омиллар талаб қилишини тушуниш лозим.
Шу боис биринчи навбатда Е-aktiv билан ким шуғулланишини аниқлаштириб олиш керак. Албатта, ҳеч бўлмаганда ходимлар ўртасида вазифаларни қайта тақсимлаш ва балки яна бир нафарини ёллашга тўғри келади.
2. Е-aktiv га киритиш учун маълумотларни тайёрланг
Е-aktiv га юкланадиган барча маълумотлар тўпламини иккита асосий тоифага бўлиш мумкин:
- 2022 йил 1 январь ҳолатига асосий воситалар ва қолдиқлар бўйича маълумотлар;
- ҳисобварақ-фактуралар ва БЮД бўйича жорий тушумлар.
ТМЗнинг биринчи тоифаси билан ишлаш энг мураккаб ҳисобланади.
Декабрь - ТМЗларни инвентаризациядан ўтказишнинг айни пайти. Агар олдинги йилларда кимдир инвентаризацияни “юзаки” ўтказган бўлса, ҳозир буни 19-сон БҲМС талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш лозим.
Ушбу тартиб-таомилнинг муҳимлигини, АВ ва ТМЗ ҳисобида тартиб ўрнатишнинг муҳимлигини раҳбарият эътиборига етказинг. Барча номувофиқликлар Е-aktiv билан ишлашда намоён бўлиши мумкин, бу эса катта кўнгилсизликларга олиб келади. Янги йилга келиб корхонада ТМЗ ҳисоби рисоладагидек бўлиши керак.
3. МХИКни танланг
E-aktiv ҳар бир товар учун МХИК мажбурий кўрсатилишини назарда тутади. Бу сиз инвентаризацияни ўтказганингиздан сўнг, корхона тасарруфидаги нималар 17 белгили МХИК жорий этилгунга қадар харид қилинганлигини аниқлаш зарурлигини билдиради. Ушбу товарларнинг барчаси учун tasnif.soliq.uz сайти ёрдамида МХИКни танлаш зарур. Зарурат бўлганда сизга мавжуд бўлмаган МХИКни киритишлари учун техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилинг”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади