ТХИК кодлари бухгалтерга (бошқа мутахассисларга ҳам) кўмак бўлиши учун нималар қилиш керак

preview

Кўпинча тадбиркорлар ТХИК (товарлар ва хизматлар идентификация коди), ЭҲФ, онлайн-НКМ ҳамда солиқ ва божхона маъмуриятчилигидаги бошқа янгиликлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги ҳақида гапиришади. Улар бухгалтерлар ҳамда ушбу технологиялар ёрдамида тўпланадиган маълумотлар базасидаги таҳлилдан фойдаланувчи бошқа кўпгина мутахассисларнинг ишини енгиллаштирувчи восита бўлиши мумкин. Buxgalter.uz бу фикрларга тўлиқ қўшилади.  


Пойтахтдаги тадбиркор, меҳмонхона директори Мурат Ш. buxgalter.uz илтимосига биноан ўз фаолияти мисолида ТХИК кодлари тизимлари, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн-НКМ кабилар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимларини ва меҳмонхона бухгалтерларининг ишини осонлаштириши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек унинг ҳисоблашича, турли соҳаларда бозорларни талабгир товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа мақсадли вазифаларни ҳал этиш учун ушбу тизимлардан фойдаланиш мумкин. Бўшайдиган моддий ва меҳнат ресурсларини бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш мумкин: 

–  2020 йил 6 октябрдаги 602-сон ВМҚга мувофиқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан меҳмонхона хизматларини кўрсатишга субсидиялар оламиз. Бизнесимиз пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятда давлат томонидан шундай йўл билан қўллаб-қувватланади. Шу билан бирга айрим механизмларни такомиллаштириш бўйича таклифларимиз ҳам бор. 

Масалан, субсидия олиш учун аризага ҳисобварақ-фактуралар ҳамда мижозлар томонидан жойлаштириш хизматларига ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади. Бизнинг ҳолатимизда бу – юзлаб, минглаб ҳужжатлардир... Бу мижозлар билан ҳисоб-китоблар расмийлаштириладиган ҳужжатларда биз жойлаштириш хизматлари учун тўлов қисмини аниқ-тиниқ ажратиб кўрсатишимиз керак. Ҳисоблаб ўтказиш орқали тўлов тўланган бўлса, буни ҳисобварақ-фактураларда, нақд пул тўлаш ёки пластик карталар бўйича тўланганда – онлайн-НКМ чекларида амалга ошириш лозим.

Субсидия олиш учун ариза беришда биз бир ой давомида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар ва берилган чеклар орасидан айнан жойлаштириш хизматлари кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилганларини ажратиб олишимиз керак. Яъни – меҳмонхона хизматлари кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ресторанимиз, гўзаллик салонимиз, саунамиз ва бошқа бўлинмаларимиз томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича маълумотлардан алоҳида саралаб олишимиз лозим.

Сўнгра аризага ушбу ҳужжатларнинг электрон нусхаларини илова қилишимизга тўғри келади.

Бухгалтер учун бу – бир ўзи уддалаши мушкул бўлган катта ҳажмдаги қўшимча иш, бундай ҳолатларда мен қўшимча ходимларни унга ёрдамга юбораман.

Биз ариза берганимиздан кейин Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг масъул ходими маълумотларимизни «Е-mexmon» дастури маълумотлари билан солиштириб, ҳар бир ҳужжатни синчковлик билан текшириб чиқади. Биз каби бундай ариза билан мурожаат қилувчилар сони кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу қўмита учун катта ҳажмдаги қўшимча иш ҳисобланади.

Бир томондан, ҳаммаси – тўғри, бошқа томондан эса – ахборот технологиялари асри ҳисобланган 21-асрда яшаётганимизга қарамай, бу ишларнинг барчасини қўлда амалга оширишга тўғри келади. Техник воситалар орқали бу ишларни бажаришга бир неча дақиқа кетади холос!

Фикримча, бугунги кунда ТХИК, ЭҲФ ва онлайн-НКМни ўрнатиб, бу жараённи осонгина автоматлаштириш мумкин:


1. ТХИКнинг кодлар тизими

Бугунги кунда меҳмонхона хизматларини кўрсатишда Таснифлагичда 70706 кодини (бошқа касбга оид хизматлар бўйича) танлашимизга тўғри келяпти. Бизга шуниси кўпроқ мос келади.

Биз меҳмонхона хизматлари учун махсус алоҳида код жорий этишни таклиф қиламиз, ушбу хизматлар жойлаштириш хизматлари деб ҳам аталади. Шу боис ЭҲФ тизими коди, келгусида онлайн-НКМ ҳар бир тадбиркорлик субъекти кесимида меҳмонхона хизматлари бўйича маълумотларни тезкор саралаб олишда ёрдам беради.


2. ЭҲФ

Меҳмонхона хизматлари учун ТХИК коди бўйича ҳисобварақ-фактураларни автоматик саралаш имконини яратиш мақсадида ЭҲФ операторлари сайтлари функционалини қўшимча ишлаб чиқиш зарур.

Электрон ҳисобварақ-фактуралар операторлари тизимлари функционали бугунги кунда ҳам бошқа мезонлар бўйича таҳлил қилиш имконини бермоқда. Масалан, – СТИР, сана ва бошқалар бўйича. Бизларга ТХИК коди бўйича таҳлил зарур.


3. Онлайн-НКМ

Солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларида ва бевосита онлайн-НКМда сотувлар бўйича таҳлилни олиш имконини берувчи функционал мавжуд. Фақат ТХИК ёки хизматлар (товарлар) номи бўйича таҳлилни олиш имконини яратувчи функционални киритиш лозим. Буни ТХИК коди бўйича амалга оширган мақбулроқ бўлади, у маълумотни аниқ даражада қайта ишлашга қодир.


4. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети

Тадбиркорларга ЭҲФ ва онлайн-НКМ маълумотлари бўйича таҳлилий маълумотномаларни автоматик тарзда шакллантириш ва қоғозга чиқариш имконини берувчи функционал назарда тутилиши лозим. Маълумотномадаги маълумотларнинг QR-коди бўлиши ёки берилган маълумотларни ахборот тизимлари орқали текшириш ва тасдиқлаш имкониятини яратувчи бошқа механизмлар жорий этилиши лозим.

Натижада тадбиркорда ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида юзлаб ва минглаб ҳисобварақ-фактураларни ҳамда онлайн-НКМ чекларига ишлов бериш заруратига ҳожат қолмайди. Тадбиркорга иккита маълумотномани: биринчиси – ҳисобварақ-фактуралар бўйича, иккинчиси эса – онлайн-НКМ бўйича маълумотномани қоғозга чиқариб олишининг ўзи етарли бўлади. Ёки умуман олганда – битта умумлаштирилгани чиқарилади. Туризм давлат қўмитаси маълумотларнинг ишончлилигини QR-коди ёрдамида текшириб кўриши мумкин. Тасаввур қилинг, қанча ресурс тежаб қолинади! Булар инобатга олинишига ишонаман.


Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

ЭҲА ЭҲА ЭҲА /uz/publish/doc/text167022_thik_kodlari_buhgalterga_boshqa_mutahassislarga_ham_kumak_bulishi_uchun_nimalar_qilish_kerak