ЭҲФ кейинги ойнинг 10-санасигача расмийлаштирилгани учун жарима солишса, нима қилиш керак

preview

«Биз қурилиш компаниясимиз, кўп қаватли турар жой биноларини қурамиз. Августда солиқ органлари бизда сайёр текширув – инвентаризация ўтказишди. Текширув далолатномасида ҳисобот даврида кўчмас мулкни сотиш бўйича 70 та нотариал битим амалга оширилгани аниқланган. Лекин бу битимлар бўйича ЭҲФ битим улар тузилган куни расмийлаштирилмаган. Бу тўғри, лекин бу барча битимлар бўйича ЭҲФ 2024 йил 10 сентябргача расмийлаштирилган. Солиқ маъмурчилиги ва роуминг-оператор буни техник жиҳатдан бажариш имконини беради.

Бу ҳолда текширувчилар СКнинг 223-моддаси бўйича жарима ёзиши тўғрими? Улар бу ҳуқуқбузарликни товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадлар суммасини ҳисоб регистрларида акс эттирмаслик ва битимлар суммасини электрон тизимга ўз вақтида киритмаслик, айланма амалга оширилган санада ЭҲФ тақдим этмаслик деб таъкидламоқдалар.

Пул кўринишида жарима компаниянинг молиявий ҳолати учун жуда катта ва оғир бўлиб чиқяпти».

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлади:

 

– Солиқчиларнинг қурилиш компаниясига инвентаризация билан чиққани мени бироз ажаблантиряпти. Лекин, умуман олганда, бу уларнинг ҳуқуқи. Шунчаки улар бундай текширув тури билан савдо ташкилотларига чиқиб, товарларни қайта санаши кўпроқ учрашини биламиз.

Уларнинг хулосалари билан баҳслашиш мумкин деб ҳисоблайман. Юқори солиқ органларига шикоят қилишни бошланг. Агар масала кўриб чиқилиши натижасидан қониқмасангиз, судга мурожаат қилиш мумкин.

Текширувчилар хулосаларига шикоят қилишда қуйидаги фактларга эътибор қаратишни тавсия этаман.

Расмий ёндашадиган бўлсак, Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ва уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ЭҲФ товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада ёзилиши керак, улар ҳақ. Лекин савол туғилади – унда нима учун ЭҲФ тизими бундай ҳисобварақ-фактураларни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача тақдим этиш имконини беради? У бундай қилиш имконини беришини ҳамма билади ва бундан етарлича фаол фойдаланади. Кам одам ЭҲФни кунма-кун тақдим этишга улгуради.

Бу вазиятда СКнинг 223-моддаси бўйича жарима ёзишга асос йўқ. Солиқ кодексининг бу моддасида ЭҲФ тақдим этиш саналари бўйича таърифлар йўқ.

Солиқ кодексининг бу моддасида товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадлар суммасини ҳисоб регистрларида акс эттирмаслик каби ҳуқуқбузарлик кўрсатилган. Лекин СКнинг 273-моддасига кўра, ҚҚС бўйича солиқ даври календарь ойи ҳисобланади. Ҳар бир ҳисобот ойи якуни бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасида солиқ тўловчи айланмалар, имтиёзлар ва ҳисобга олишларни кўрсатадиган, ўз кўрсаткичларини шакллантирадиган ҳисоботларни тузади ва солиқни тўлайди.

Шундай қилиб, 2024 йил августдаги барча битимлар (шу жумладан, нотариал битимлар тузилган ва ЭҲФ айланма амалга оширилган санада эмас, лекин у амалга оширилган сана кўрсатилган ҳолда тақдим этилган 70 та битим) бўйича солиқ тўловчи солиқни тўғри ҳисоблаб чиққан ва 2024 йил август учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тўғри тузган. Бу солиқнинг барча элементлари (айланмалар, солиқ солинадиган база, ставка, ҚҚСни ҳисобга олиш) солиқ ҳисоботида тўғри акс эттирилганини, солиқ солинадиган база яширилмаганини англатади. Ва солиқ солинадиган базани яшириш учун жавобгарликни белгиловчи СКнинг 223-моддаси бу ҳолда қўлланилмайди.

Бундан ташқари, Солиқ кодекси ЭҲФни товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадлар суммаларини ҳисобга олиш регистри сифатида белгиламайди.

Таъкидлайманки, ЭҲФ тўғрисидаги низомнинг 68-бандига кўра, Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўладилар. Лекин на Солиқ кодексида, на 14.08.2020 йилдаги ВМҚ-489-сонли қарорда ЭҲФни айланма амалга оширилган санада эмас, лекин у амалга оширилган сана кўрсатилган ҳолда, ЭҲФни юбориш электрон дастурига кейинроқ киритиб тақдим этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Бундан ташқари, яна бир бор эътиборни қаратаман, тизим айланма амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 10-санасигача ЭҲФ юбориш имконини беради.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text203752_ehf_keyingi_oyning_10-sanasigacha_rasmiylashtirilgani_uchun_jarima_solishsa_nima_qilish_kerak