Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Жарима санкциялари кўринишидаги даромадларга ҳисобварақ-фактура тақдим этиладими
«Ташкилот Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорига кўра жарима санкциялари ва пеня кўринишида даромад олди. Фойда солиғи ҳисоб-китобида бухгалтер ушбу суммаларни кўрсатиб, уларга солиқ солди. Бироқ, бир томонлама ЭҲФ бекор қилингани боис бир томонлама тартибда ЭҲФ тақдим эта олмаймиз».
Вuxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚ юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармасининг умумбелгиланган солиқлар бўлими бошлиғи Хурсандбек БЕКМАТОВ жарима ва пеня суммаларини my.soliq.uz сайтида қандай акс эттириш лозимлиги юзасидан тушунтириш берди:
– Корхона электрон солиқ ҳисоботи тизимидаги Фойда солиғи ҳисоб-китоби шаклига ўзгартиришлар киритилгунга қадар жарима (пеня) кўринишидаги даромадга бир томонлама ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши зарур эмас.
Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач – 2022 йил 23 ноябрдан кучга кирадиган ўзгартиришлар киритилди .
Хусусан, ўзгартиришларда назарда тутилишича, солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида унга шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар кирадиган рўйхат бўйича бошқа даромадларга бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилади
Фойда солиғини тўловчилар Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-«Жами даромад» иловасининг 220–228-сатрларидан бирида олинган (олиниши лозим бўлган) жарима ва пеня кўринишидаги даромадларни кўрсатадилар (қўлда тўлдирилади).
Кўрсатилган сатрлар 2022 йил 23 ноябрдан бошлаб автоматик равишда тўлдирилса, бошқа даромадлар бўйича бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш керак бўлади.