Тўлов иловалари чекларини солиқ ҳисоботида бехато қайд этиш

preview

Кўпгина товарлар ва хизматларни сотувчилар мижозлардан тўловларни масофадан туриб қабул қилиш имконини берадиган тўлов ташкилотлари сервисларидан фойдаланадилар. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра жисмоний шахсларга реализация қилинган хизматлар ва товарлар учун бир томонлама ЭҲФ бекор қилингач юзага келган қийинчиликларни қандай бартараф этишлари мумкинлиги ҳақида гапириб берди:

 

– Тўлов иловаси назорат-касса техникаси функцияларини бажарса, сотувчи онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни қўллаши керак эмас. Бундай битимлар бўйича фискал маълумотлар ҳақидаги ахборот, онлайн-НКМни қўллаш ҳолатида бўлгани каби, ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларда автоматик равишда қайд этилади.

Бироқ, ушбу янгилик жорий этилганига 3 ойдан ошганига қарамай, бир томонлама ҳисобварақ-фактуралар бекор қилинганидан сўнг ушбу имкониятдан фойдаланаётган ташкилотлар тўлов иловалари орқали олинган суммаларни ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботларда тўғри акс эттириш билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келишда давом этмоқдалар. Бунда аванс тўловлари ва бўлиб-бўлиб тўланадиган тўлов амалга оширилганда имтиёзлар ва ҳисоблаш методини қўллаш ҳақида сўз бормоқда.

Харидорлар товарлар ва хизматлар ҳақини тўлов иловалари орқали тўлаганда тадбиркорлар реализациядан тушумларни ҳисоботларда акс эттиришни ўрганиб олдилар. Ҳаммаси тўғри чиқиши учун тўлов иловаси фискал чекда сотувчининг СТИР (ЖШШИР)ни кўрсатади.

943-сон ВМҚ ва у билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларнинг нормаларига асосланган ҳолда қолган муаммолар ҳам ечилиши керак:

  • Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон тўлов тизими ва (ёки) электрон тижорат платформалари (маркетплейс) орқали электрон фискал чек тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги низом.

Тўлов иловалари томонидан шакллантириладиган фискал чеклар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг чеклари каби тузилган. Фискал маълумотларга тўғри ишлов бериш учун ҳар бир реквизит муҳим.

Кўриб турганимиздек, норматив база – мавжуд, унинг бажарилишини таъминлаш қолди, холос. Бу эса тўлов тизими ва фискал маълумотлар операторининг, шунингдек реализация қилинаётган товарлар ва хизматлар ҳақидаги зарур ахборотни тўлов ташкилотига тақдим этиши керак бўлган сотувчиларнинг вазифаси.

Мижозга ҚҚС бўйича имтиёзни қўллашда ёрдам бераётиб, ўз тажрибамда бу реал ҳолат эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Тўлов ташкилотининг фискал чекларида МХИК тўғри акс эттирилишига эришгач, имтиёз автоматик равишда қўлланила бошлади.

 

Олдиндан тўлов ва бўлиб-бўлиб тўланадиган тўлов

Товарлар ва хизматлар ҳақини олдиндан тўлаш ва бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилишда тушумларни акс эттириш аввалгидек катта муаммолигича қолмоқда. 943-сон ВМҚга 1-илованинг 7-бандига мувофиқ, ушбу вазиятлар учун «аванс» ва «бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит)» кўрсатиладиган чеклар назарда тутилган. Бундай чеклар бўйича суммалар солиқ ҳисоботида қайд этилмайди, унда фақат «сотиш» тўлов турига эга чеклар акс эттирилади. Бироқ, буни лозим даражада йўлга қўйган тўлов ташкилотини ҳозирча кўрсата олмайман.

Натижада тадбиркорлар орасида маркетплейслардан фойдаланувчилар учун ҳисоблаш методи бекор қилиниб, касса методи жорий этилди деган фикр тарқалди. Бу ҳақиқатга зид!

Бунда СК 242-моддасига амал қилинади, билишимча, ҳеч ким унга ўзгартириш киритмоқчи эмас. Узоқ муддатли контрактларда солиқ базасини аниқлаш қоидаларини тартибга соладиган СК 303-м., СК 273-м., СК 469-м., СК 248-м. ва СК 463-м. нормалари ҳам амалда.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу СК нормаларига риоя этиш имконини берувчи технологияларни жорий этишда кўмак беради деб умид қиламан.

 

Чеклардаги хатоларни ким тузатади

Яна бир муҳим жиҳат – чеклардаги хатоларни тузатиш. Товарни воситачи реализация қилса, ушбу жараён жуда қийин кечади. Техник жиҳатдан фақат воситачи – онлайн-НКТ қурилмасига эга шахс чекка тузатиш киритиш имконига эга.

Фикримча, тизимни такомиллаштириш зарур. Комитент чекдаги хатони тузатиш имконига эга бўлиши керак. Бунда айнан воситачининг қурилмасида чек чиқарилгани боис, у киритган ўзгартиришларни текшириш ва маъқуллаш имконини берувчи тизимни жорий этиш мумкин. 

Комитент солиқ ҳисоботини аниқ тузиши учун чекка киритилган тузатишни кўриш имконига эга бўлиши керак. Воситачи учун бу иккинчи даражали иш ҳисобланади, сабаби онлайн-НКТ чекларида комитентнинг СТИРи тўғри кўрсатилган бўлса, улар унинг ҳисоботига таъсир кўрсатмайди.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text185312_tulov_ilovalari_cheklarini_soliq_hisobotida_behato_qayd_etish_uchun