Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хизматлар импортида фойда солиғи бўйича «ноль» кўрсаткичли ҳисобот топшириш зарурми
«Чет эл компанияси Ўзбекистонда ўз бўлимига эга. Унда резидентлик сертификати мавжуд. Агар импорт хизматлари доимий асосда кўрсатилмаса, хизматлар импортида фойда солиғи бўйича «ноль» кўрсаткичли ҳисобот топшириш зарурми? Масалан: 2021 йил январь ва мартда хизматлар кўрсатилган, жорий йилнинг кейинги даврларида эса - кўрсатилмаган».
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– «Чет эл компанияси қандай ҳуқуқий мақомга эгалигидан келиб чиқиб, унинг бўлимини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш шартлари фарқланиши мумкин:
1) у давлат рўйхатдан ўтказилиши мумкин;
2) уни доимий муассаса (ДМ) сифатида солиқ ҳисобига қўйишлари мумкин;
3) ниҳоят, бу хўжалик ва тижорат фаолиятини амалга оширмасдан очиладиган ваколатхона бўлиши мумкин.
Ушбу ҳолларнинг ҳар бирида резидентлик сертификати иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномадан фойдаланиш учун ҳеч қандай афзаллик бермайди.
Биринчи ҳолда - давлат рўйхатидан ўтказишда компания Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсига, яъни резидентга айланади .
Иккинчи ҳолда - ДМ айнан солиқлар тўланиши учун очилади.
Учинчи ҳолда ваколатхона тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас , бинобарин, фойда солиғи тўламайди.
Солиқ ҳисоботини тақдим этишга келсак, Норезидентларнинг даромадидан солиқ агенти томонидан тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоби (шакл коди - 10307_4) йил бошидан ўсиб борувчи якун билан норезидент хизматлари кўрсатилган ва тегишинча, даромад тўланган ойлар учун тўлдирилади . Яъни - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай.
Ҳисоб-китобга иловада қуйидагиларни кўрсатинг:
- даромад тури - импорт хизмати тури;
- даромад олувчи (норезидент) - номи;
- даромад олувчи рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида маълумотлар;
- контракт (инвойс) тўғрисида маълумотлар;
- даромад суммаси;
- НҲҲга мувофиқ солиқ имтиёзлари;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ солиқ солишдан озод қилиш ёки солиқ ставкасини пасайтириш.
Ушбу маълумотларни кўрсатганингиздан сўнг, тизим автоматик тарзда норезидент даромадларидан солиқ суммасини ҳисоблаб чиқаради (Ҳисоб-китобнинг 5-устуни).
Шу тариқа, сиз Ҳисоб-китобни норезидент томонидан 2021 йил январь учун ва март учун хизматлар кўрсатишдан олинган даромадларини кўрсатган ҳолда ўсиб борувчи якун принципига риоя қилиб тўлдирасиз. Февраль учун Ҳисоб-китобни тақдим этиш шарт эмас.
Қайд этиш жоизки, мазкур Ҳисоб-китоб Ўзбекистонда доимий муассаса сифатида ҳисобда турмайдиган чет эл компаниясига даромад тўлайдиган солиқ агенти томонидан тақдим этилади.
Норезидент ДМ сифатида солиқ ҳисобига қўйилгандан кейин тегишли солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни мустақил равишда тақдим этади».
Сизга қуйидаги тавсиялар фойдали бўлиши мумкин: