Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Хорижий вакилларнинг яшаш харажатлари қандай таснифланади
Корхона чет эл компанияси - таъсисчи вакилларининг яшаш вақтига турар жойни ижарага олади. Мазкур ҳолда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:
– Ҳамкорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга келган бошқа ташкилотлар вакилларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар вакиллик харажатларига киритилади.
Солиқ кодекси ушбу тушунчани белгиламайди. Бироқ Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом қуйидагиларга қилинган чиқимларни вакиллик харажатларига киритади :
- вакилларнинг расмий қабули;
- уларнинг транспорт таъминоти;
- музокаралар вақтида буфет хизматларини кўрсатиш;
- ташкилот штатида бўлмаган таржимон хизматига ҳақ тўлаш.
Кўрганимиздек, яшаш харажатлари вакиллик харажатларига киритилмаган. Улар жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари деб эътироф этилади ва қабул қилувчи корхонада (солиқ агенти) ЖШДС солинади .
Агар яшаш бўйича хизматларга ҚҚС солинса, хорижий вакилларнинг моддий наф тарзидаги даромадини яшаш қийматидан келиб чиқиб, ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда аниқланг .
Жисмоний шахсларга уларнинг шахсий манфаатларини кўзлаб корхонанинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган яшаш бўйича хизматлар кўрсатиш - бу ҚҚС ҳисоблаб чиқариш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланма, агар хизматлар қийматидан ҚҚС суммаси ҳисобга олинган бўлса .
Корхонанинг жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланмайди .