Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Курсдаги фарқлар экспорт қилишдан олинган фойдага қандай таъсир қилади
“Компания Ўзбекистон ҳудудида доимий муассасаси мавжуд бўлмаган чет давлатнинг юридик шахслари ва жисмоний шахсларига ТИА хизматлари кўрсатади. 2023 йилда компания хизматлар экспортидан олинадиган фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллади ва харажатларни тўғридан-тўғри тақсимлаш усулини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этди.
Фойда солиғи ҳисоб-китобига асосан экспорт бўйича даромадлар 70 фоизни (ТИА хизматлари) ва курсдаги ижобий фарқ – 30 фоизни ташкил этди. Курсдаги фарқлар молиявий фаолиятдан олинган даромад ёки харажат ҳисобланишини инобатга олган ҳолда, компания харажатларни тўғридан-тўғри усул бўйича тақсимлади. Компания курсдаги салбий фарқдан ташқари барча харажатларни экспорт бўйича харажатларга, курсдаги салбий фарқни эса – қолган қисмига олиб борди. Шу билан курсдаги фарқнинг экспорт бўйича фойдага таъсири истисно қилинган .
Экспортдан олинган фойдани аниқлашда курсдаги фарқларни тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули бўйича қандай тўғри ҳисобга олиш керак?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:
– Фойда солиғи тўловчилар фойдани ва зарарни ҳисобга олишнинг умумий тартибидан фарқ қиладиган тартиби назарда тутилган операциялар бўйича даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритади .
Товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдага 0 фоиз ставка бўйича солиқ солиниши боис , корхона унда бошқа ставкалар бўйича солиқ солинадиган бошқа фаолият турлари мавжуд бўлган тақдирда даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши керак.
Ноль даражали ставка қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
- фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширувчи норезидентларга кўрсатиладиган хизматлар ;
- товарларни (хизматларни) чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушмаган тақдирда .
Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби Солиқ кодексининг 80-моддасида белгиланган, унга асосан тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули даромадлар ва харажатлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилишини назарда тутади.
Бунда фаолиятнинг фақат битта турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар ва харажатлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади. Яъни реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг ушбу турлари бўйича, ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда.
Агар сиз фақат битта фаолият турини – хизматлар экспортини амалга оширсангиз, экспортни амалга оширишдан ҳам курсдаги фарқ юзага келади. Сизнинг вазиятингизда корхонанинг барча фойдаси экспортдан олинган фойда ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида экспорт операцияларига нисбатан белгиланган барча талаблар бажарилган тақдирда 0 фоиз ставка бўйича солиқ солинади.
Фойда суммасини Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-илованинг 036-сатрида акс эттиринг.