Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб ходимларни солиқлар бўйича пенядан қутқариш мумкин?
2020 йил учун жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашнинг энг сўнгги муддати – 15 октябрь . Бироқ баъзи фуқаролар турли сабабларга биноан ушбу тўлов муддатини ўтказиб юборишган. Кечиктирилган ҳар бир кун учун солиқ органи СКнинг 110-моддасига мувофиқ пеня ҳисоблайди. Ходимга Янги йилни солиқлар бўйича қарзларсиз кутиб олишига ёрдам бериш учун buxgalter.uz йўриқномасига риоя қилинг:
1) My.soliq.uz да солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг;
2) “Ходимларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғи учун тўловни амалга ошириш” тугмасига босинг;
3) “Фильтр” функцияси ёрдамида солиқлар бўйича қарзи мавжуд ходимларни аниқланг. Ҳар бир қарздорнинг фамилияси қаршисида ахборот тақдим этилади: СТИРи, объектнинг коди ва манзили, қарз суммаси, жорий йил учун ҳисоблаш, тўланиши лозим бўлган жами сумма, шунингдек иккита тугма “Ариза” ва “Тўлаш”;
4) ушбу ходимларга иш ҳақи ҳисобидан солиқлар бўйича қарзларни тўлаш тарзида ташкилотнинг ёрдамини кўрсатинг;
5) агар ходим рози бўлса, унинг фамилияси қаршисидаги тегишли тугмани босган ҳолда тайёр аризани чоп этинг;
6) ходим аризани имзолагандан кейин, “Тўлаш” тугмасига босинг. Тўлов ташкилот ҳисобварағидан автоматик тарзда амалга оширилади;
7) мазкур ходимнинг иш ҳақи ҳисоб-китобида тегишли суммани ушлаб қолиш зарур.
Бунда бухгалтер шуни унутмаслиги муҳимки, ҳамма ходимлар ҳам солиқ қарзи билан муаммони ҳал қилишда ёрдамга рози бўлишмайди. Ва бу уларнинг ҳуқуқидир. Акс ҳолда миннатдорлик сўзлари ўрнига тушунмовчилик ва дилхиралик келиб чиқади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА