БҲМС бўйича хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот қандай тузилади

24.12.2024
author avatar

Олег ЦОЙ

«Норма» эксперти
Эътибор беринг
21-сон БҲМС ва Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низом 2025 йил 1 январдан кучга кириши сабабли тавсия ушбу санадан бошлаб амал қилади.

Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисоботда ташкилотнинг хусусий капитали ҳолати ва ҳаракати уни шакллантириш манбалари кесимида кўрсатилади.

Ҳисоботни тузишда 1-сон БҲМСнинг 8-бобига амал қилинг.

Ҳисобот шакли Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низомга 3-иловада келтирилган.

Бу – муҳим
Ҳисоботни минг сўмда тўлдиринг.

010-«Йил бошидаги қолдиқ» сатрида қуйидаги устунларда йил бошидаги ҳолатга кўра ахборотни кўрсатинг:

  • 3 «Устав капитали» – таъсис ҳужжатларида акс эттирилган устав капитали суммаси (8300-счётлар);
  • 4 «Қўшилган капитал» – қўшилган капитал суммаси (8400-счётлар);
  • 5 «Захира капитали» – захира капитали суммаси (8500-счётлар);
  • 6 «Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар)» – тақсимланмаган фойда ёки қопланмаган зарар суммаси (8700-счётлар);
  • 7 «Сотиб олинган хусусий акциялар» – кейинчалик қайта сотиш ёки бекор қилиш учун мўлжалланган сотиб олинган хусусий акциялар суммаси
    (8600-счётлар);          
  • 8 «Мақсадли тушумлар ва бошқалар» – мақсадли тадбирларни ўтказиш учун бюджетдан, махсус мақсадли фондлардан, бошқа юридик ва жисмоний шахслардан олинган грантлар, субсидиялар, аъзолик бадаллари ва бошқа тушумлар кўринишидаги бепул олинган активлар суммаси, шунингдек хусусий капитални шакллантиришнинг бошқа манбалари (8800-счётлар).

020-«Қимматли қоғозлар эмиссияси» сатрида қуйидаги устунларда қимматли қоғозларни чиқариш ва реализация қилиш бўйича маълумотларни кўрсатинг:

  • 3 – номинал қиймат (8310 ва 8320-счётлар);
  • 4 – эмиссиявий даромад (8410-счёт).

030-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш» сатрида 5-устунда асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш суммасини акс эттиринг (8510-счёт).

040-«Устав капиталини шакллантиришда валюта курсидаги фарқ» сатрида 4-устунда корхонанинг устав капиталини шакллантиришда юзага келадиган курсдаги фарқни кўрсатинг (8420-счёт).

050-«Захира капиталига ажратмалар» сатрида 5 ва 6-устунларда таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилган захира капиталига (фондига) ажратмалар суммасини кўрсатинг (8520-счёт).

060-«Жорий йилнинг тақсимланмаган фойдаси (зарари)» сатрида 6-устунда ҳисобот йили учун олинган соф фойда (зарар) суммасини акс эттиринг. Агар йил якунлари бўйича корхона зарар кўрган бўлса, уни «айирув» белгиси билан акс эттиринг.

070-«Текинга олинган мол-мулк» сатрида 5-устунда текинга олинган мол-мулк қийматини кўрсатинг (8530-счёт).

080-«Мақсадли олинган маблағлар» сатрида 8-устунда мақсадли фойдаланиш учун олинган грантлар, субсидиялар, аъзолик бадаллари ва бошқа тушумларни кўрсатинг (8800-счётлар).

090-«Ҳисобланган дивидендлар» сатрида 6-устунда ҳисобот йилида ҳам ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдасидан, ҳам ўтган йилларнинг жамғарилган фойдасидан ҳисобланган дивидендлар суммасини акс эттиринг (8700-счётлар дебети ва 6610-счёт кредити бўйича айланмалар). Дивидендларни ҳисоблаш тақсимланмаган фойдани камайтиргани учун дивидендлар суммасини «айирув» белгиси билан кўрсатинг.

100-«Хусусий капитални шакллантиришнинг бошқа манбалари» сатрида 3–8-устунларда олдинги сатрларда кўрсатилмаган суммаларни кўрсатинг (ш. ж. 8900-счётлар).

110-«Йил охиридаги қолдиқ» сатрида 3–8-устунларда ҳисобот йили охиридаги хусусий капитал сальдосини акс эттиринг.

Эътибор беринг
030, 040, 050 ва 100-сатрларда акс эттирилган хусусий капитал манбаларининг йил бошидаги суммага нисбатан камайишини «айирув» белгиси билан кўрсатинг.

120-«Хусусий капиталнинг кўпайиши (+) ёки камайиши (–)» сатрида 3–8-устунларда ҳисобот йили охиридаги йил бошидаги суммага нисбатан бундай кўпайиш (камайиш) суммасини кўрсатинг.

9-«Жами» устунида тегишли сатрлар бўйича якуний суммалар ҳисобланади.

Акциядорлик жамиятлари 9-устунда маълумот учун қуйидаги сатрлар бўйича маълумотларни тўлдирадилар:           

  • 130 – чиқарилган акциялар сони (дона);
  • 131 – ш. ж. чиқарилган имтиёзли акциялар сони;
  • 132 – ш. ж. чиқарилган оддий акциялар сони;
  • 140 – акцияларнинг номинал қиймати;
  • 150 – муомаладаги акциялар сони (дона);
  • 151 – ш. ж. муомаладаги имтиёзли акциялар сони;
  • 152 – ш. ж. муомаладаги оддий акциялар сони.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг