Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкалари йил якунига қадар қўлланилмайди
2020 йил якунига қадар фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган солиқ ставкалари қўлланилмайди. Buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ кўрсатилган объектларга солиқ солиш тўғрисида батафсил гапириб берди:
- Эслатиб ўтамиз, қуйидагиларга нисбатан солиқ тўловчиларга оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:
- бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан – мол-мулк солиғи бўйича ;
- бундай объектлар банд қилган ер участкаларига нисбатан – ер солиғи бўйича .
Бунда солиқ имтиёзлари ушбу объектларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Оширилган ставкаларни қўллаш тартиби 13.08.2019 йилдаги 666-сон ВМҚ билан ўрнатилган.
ПФ-5978-сон Фармонга мувофиқ корхона ўз фаолиятини пандемияга қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли тўхтатишга мажбур бўлган ҳолларда, қуйидагилар 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар тўхтатилган:
- фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга (шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга) нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш;
- ушбу солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш.
Солиқ органлари мазкур нормани мустақил равишда қўллайдилар . Солиқлар ҳисобланишининг тўғрилигини солиқ тўловчининг шахсий карточкасида текширишингиз мумкин.