Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ЖШДСни солиқ инспекциясига бормасдан қандай қайтариш мумкин
Солиқ қўмитаси қандай қилиб солиқ инспекциясига бормасдан, ОТМда, хусусий мактаблар ва болалар боғчаларида таълим олиш учун тўловдан ва ипотека кредитлари бўйича ЖШДСни масофадан туриб қайтариш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.
Эътиборингизга қадамма-қадам йўриқномани таклиф қиламиз.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини масофадан туриб қайтариш учун:
1. My3.soliq.uz сайтида жами йиллик даромад тўғрисида электрон декларацияни – йил якунлари бўйича ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топшириш лозим. 2023 йил учун даромадлар тўғрисида декларация 2024 йил 1 апрелга қадар топширилган бўлиши керак. Сизда 2023 йилда тўланган ЖШДСни қайтариш учун йил бошидан 4 ой муддат бор.
2. Декларацияни топширгандан сўнг my.soliq.uz сайти ёрдамида ортиқча тўланган солиқларни қайтариш учун аризани расмийлаштириш лозим.
Иккала босқичда “Yangi texnoloigiyalar” ИАМ томонидан имтиёз олувчининг номига берилган жисмоний шахснинг ЭРИси талаб қилинади.
Электрон йиллик декларацияни тўлдиришга киришишдан олдин:
- агар сизда мавжуд бўлмаса, ЭРИсини олинг ёки ўз ЭРИсининг амал қилишини текширинг;
- ҳар бир иш жойидан электрон шаклда даромадлар тўғрисида маълумотномалар олинг ёки маълумотномаларнинг қоғоз шаклини сканерлаб олинг;
- ОТМ, хусусий боғча билан шартномалар ёки ипотека тўғрисида шартноманинг, банк билан тузилган кредит шартномаси, тўлов ҳужжатлари нусхаларини сканерланг.
Пул ариза берувчининг картасига солиқни қайтариш учун ариза расмийлаштирилгандан сўнг 15 кун мобайнида ўтказиб берилади.
ЖШДСни қайтариш учун йиллик даромад тўғрисида электрон декларация қандай тўлдирилади
1. ЭРИси ёрдамида my3.soliq.uz сайтида шахсий кабинетга киринг.
2. “Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация” интерактив хизматини танланг.
3. Босқичма-босқич декларациянинг барча учта бўлимини тўлдиринг.
Биринчи бўлим – бу сизнинг шахсга доир маълумотларингиз.
Сизнинг шахсга доир маълумотларингиз бир нечта сатрлардан ташқари, автоматик тарзда тўлдирилади. Ушбу сатрларни ўзингиз тўлдирасиз:
- телефон рақами – сиз билан тезкор тарзда боғланиш мумкин бўлган телефон рақамини кўрсатинг;
- декларациянинг тури – чиқиб келадиган тавсиядан “жами йиллик даромад”ни танланг;
- ҳисобот тури – чиқиб келадиган тавсиядан “Ҳисобот”ни танланг;
- йил – ушбу устунда 2023 йилни танлаш имконияти 2024 йил 1 январдан кейин пайдо бўлади;
- давр – чиқиб келадиган тавсиядан “йиллик”ни танланг;
- хоҳишга кўра яшаш манзилини кўрсатишингиз мумкин. Бунинг учун сиз тегишли ойнада белги қўйишингиз лозим.
Барча устунларни тўлдиргандан кейин “Сақлаш”га босинг. Шундан сўнг тўлдириш учун электрон декларациянинг кейинги бўлими очилади.
Иккинчи бўлим асосий ва асосий бўлмаган иш жойлари бўйича олинган даромадлар тўғрисида ахборотга бағишланган.
Сиз иш жойларингиз, тўланган иш ҳақи суммаси ва улардан ушлаб қолинган ЖШДС кўрсатилган жадвални кўрасиз.
Сиз қуйидагиларни бажаришингиз керак бўлади:
- жадвалнинг иккинчи устунида мазкур сатрда кўрсатилган ташкилот асосий ёки асосий бўлмаган иш жойи ҳисобланишини кўрсатишингиз;
- жадвал остида жойлашган функционал ёрдамида тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари ҳақида ҳар бир иш жойидан олинган маълумотномаларни бириктиришингиз.
Сўнгра қуйидаги тугмаларга босинг: дастлаб “Сақлаш”, сўнгра “Кейинги”. Шундан кейин декларациянинг учинчи бўлимига ўтасиз.
Учинчи бўлим – даромадлар тўғрисида батафсил ахборот.
Солиқ тўловчи фақат ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиш – ОТМда, хусусий мактаблар ва болалар боғчаларида таълим олиш учун тўлов суммаларидан ва ипотека кредитлари бўйича солиқни қайтариш учун декларация топширадиган вазиятни кўриб чиқамиз (декларация СКнинг 393-моддасида назарда тутилган барча ҳоллар учун мўлжалланган, бунинг учун турли шакллар назарда тутилган).
“Декларация шакли” устунида чиқиб келадиган тавсиядан “солиқ имтиёзлари”ни танлайсиз. Шакл очилади.
Дастлаб қуйидаги сатрларни тўлдиринг:
- имтиёз тури – чиқиб келадиган тавсиядан “Солиқ солинмайдиган даромадлар”ни танлайсиз;
- имтиёз тоифаси – чиқиб келадиган тавсиядан имтиёзни танланг. Бизнинг вазиятимизда имтиёзларнинг учта тоифасидан биттасини танлаш лозим:
– “16.1 солиқ тўловчининг солиқ солиниши лозим бўлган, Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов учун йўналтириладиган иш ҳақи суммаси ва бошқа даромадлари. Кўрсатилган имтиёз солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан ҳам қўлланилади”;
– “16.2 солиқ тўловчининг солиқ солиниши лозим бўлган, фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар учун йўналтириладиган иш ҳақи суммаси ва бошқа даромадлари”;
– “16.4 олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваригача бўлган миқдорда қоплашга, башарти уй-жой фондининг кўчмас мулк объектларини сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилган бўлса.
Сўнгра қўшимча майдонлар юкланади. Декларацияни кейинчалик тўлдиришни 16.1 имтиёзи мисолида, эри хотининг таълим олиши учун тўловни амалга оширган вазиятда кўриб чиқамиз. Бу ҳолда қуйидаги сатрларни тўлдиришга тўғри келади:
- талабанинг ЖШШИРи. ЖШШИР кўрсатилганидан кейин талаба ҳақидаги барча қолган маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълумотлар базасидан юкланади;
- имтиёз олувчининг ЖШШИРи – бизнинг ҳолатда бу хотинининг таълим олиши учун тўловни амалга оширган эрининг ЖШШИРи;
- таълим муассасасининг СТИРи. СТИР кўрсатилганидан сўнг “Ўқув юрти номи” сатри автоматик тарзда шаклланади;
- битимнинг рақами – талаба у бўйича таълим олаётган ОТМ билан тузилган шартнома рақами;
- битимнинг санаси – талаба у бўйича таълим олаётган ОТМ билан тузилган шартнома санаси;
- йўналтирилган умумий сумма – шартнома ва квитанцияларга асосан ўтган йилда таълим олиш учун йўналтирилган сумма;
Шундан сўнг сиз контракт, кредит шартномаси (агар тўлов учун кредит олган бўлсангиз), ОТМга тўловни тасдиқловчи тўлов ҳужжатларининг нусхаларини бириктиришингиз лозим.
“Декларацияни сақлаш”га босинг.
Солиқ органларининг тизими барча ҳисоб-китобларни амалга оширади ва уларни очилган саҳифада жадвал шаклида тақдим этади. Шундан кейин “Юбориш”га босинг.
Энди декларация топширилган ҳисобланади ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариш тўғрисида ариза беришга ўтиш мумкин.
ЖШДСни қайтариш учун электрон ариза қандай берилади
Қуйидаги усуллардан бири орқали электрон шаклга ўтиш мумкин:
- my3.soliq.uz сайти орқали: шахсий кабинетга киринг, “Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация” хизматини танланг, “Жисмоний шахсларнинг ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш” тугмасига босинг;
- my.soliq.uz сайти орқали шахсий кабинетга киринг, “ЖШнинг ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш” хизматини танланг.
Ариза шаклига киришга рухсат олиш учун жисмоний шахснинг ЭРИси талаб қилинади.
Сиздан қуйидаги майдонларни тўлдириш талаб қилинади:
- сиз рўйхатга қўйилган манзил бўйича индекс;
- рўйхатга қўйилган манзил;
- мобиль телефон;
- электрон почта манзили;
- солиқ тури – чиқиб келадиган тавсиядан “Имтиёзлар: контракт бўйича тўлов ёки ипотека кредити”ни танланг;
- ортиқча тўланган солиқ суммаси юзага келган сананинг қисқача мазмуни – “Солиқ кодексининг 378-моддасида назарда тутилган имтиёз”ни ёзинг;
- олиб ўтиш ёки қайтариш – чиқиб келадиган тавсиядан “Ортиқча тўланган суммаларни қайтариш”ни танланг;
- пластик карта рақами – сиз қайтариладиган солиқни олишни истаган карта рақами, картадан ёзиб олинг;
- транзит ҳисоб рақами – банкда аниқлаштиринг;
- банк МФОси – банкда аниқлаштиринг;
- қайтариладиган сумма – тизим томонидан ҳисоб-китоблар амалга оширилганидан кейин сизнинг декларациянгизда кўрсатилган қайтарилиши лозим бўлган суммани кўрсатинг.
“Юбориш”га босинг.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади
Ходим учун ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиш учун иккинчи вариант – уни ташкилот бухгалтери қўллайди.