Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Кадастр маълумотларига кўра мол-мулк солиғини энг кам қиймат бўйича ҳисоб-китоб қилиш
«Мол-мулк солиғи бўйича солиқ базаси 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас (СК 412-м.).
Кадастр паспортининг III қисмида қуйидагилар келтириб ўтилган: 1) ташқи чегаралар бўйича майдон; 2) умумий майдон; 3) фойдали майдон; 4) қурилиш остидаги майдон.
Солиқ базасини энг кам қиймат бўйича ҳисоб-китоб қилишда юқорида кўрсатилган майдонлардан қайси бирини олиш керак?»
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
– Бино ва иншоотлар (шу жумладан тўлиқ амортизация қилинган) бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас :
- Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм;
- Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 1 500 000 сўм;
- бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда – 1 000 000 сўм.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари туманларда энг кам қийматга уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент киритиши мумкин.
Кўчмас мулкнинг энг кам қийматидан келиб чиққан ҳолда мол-мулк солиғи бутун ер участкасидан эмас, балки биноларнинг (иншоотларнинг) майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу майдондан келиб чиқиб энг кам қиймат асосида мол-мулк солиғи суммаси аниқланади.
Шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектга ҳам мол-мулк солиғи солинади. Бунда солиқ базаси 1 кв. метр учун энг кам қийматни ҳисобга олмаган ҳолда, ушбу объектнинг ўртача йиллик қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ҳозирги вақтда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботи кадастр ва солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда автоматик тарзда шакллантирилади. Агар солиқ ҳисоботини шакллантиришда акс эттириладиган бинолар (иншоотлар) майдони бўйича маълумотлар кадастр ҳужжатларига мувофиқ келмаса, тегишли ўзгартиришларни киритиш учун кадастр органига мурожаат қилинг.