Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Эксперт фикри: нима учун СКнинг 227-1-моддаси бўйича жаримани пасайтириш шарт эмас
2024 йил 13 февраль куни чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари вакиллари учун тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги бўйича бўлиб ўтган семинарда СКнинг 227-1-моддасига* ўзгартиришлар эълон қилинди. Унда, шу жумладан фискал белгиларни акс эттиришни бузганлик, солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминламаганлик, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилмаганлик учун назарда тутилган жарималарни чораклик айланманинг 2 фоизигача пасайтириш режалаштирилмоқда. Ҳозир у чораклик айланманинг 100 фоизини ташкил этади.
Муқобил нуқтаи назар ҳам мавжуд – кўрсатилган жарималарни пасайтириш керак эмас. Тадбиркор, “GAROV TARAQQIYOT NKM” МЧЖ таъсисчиси Владимир ГИБЕЛЬ ҳам бунинг тарафдори. Buxgalter.uz илтимосига биноан у кўрсатилган жариманинг оғир юки борасида тадбиркорларнинг кўплаб шикоятларига қандай муносабат билдириш мумкинлигини тушунтирди.
СКнинг 227-1-моддаси хўжалик юритувчи субъектларнинг кенг доирасини – ҳам умумий овқатланиш билан чакана савдони, ҳам ишлаб чиқаришни қамраб олади. Биз чакана савдо ва умумий овқатланиш ҳақида гаплашамиз.
СКнинг 227-1-моддасида белгиланган чораклик айланманинг 100 фоизи миқдоридаги жаримани солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қолдириш мумкин ва лозим, фақат уни ҳуқуқий тартибни ашаддий бузувчиларга нисбатан қўллаш керак. Яъни, назорат-касса техникасини қўллаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини тўлиқ эътиборсиз қолдирадиганларга қўллаш керак. Сўнгги вақтларда Солиқ қўмитаси бирор бир бозорда қанчадир тадбиркорлар онлайн-НКТсиз фаолият кўрсатганлиги ҳақида тез-тез хабар бермоқда. Мазкур жарима шундай ҳоллар учун бўлиши керак.
Агар савдо шохобчаси ёки умумий овқатланиш шохобчасига онлайн-НКТ рўйхатдан ўтказилган бўлса, бироқ харидор билан ҳисоб-китобларда қандайдир сабабга кўра чек берилмаган бўлса, ушбу вазиятни СКнинг 221-моддаси нуқтаи назаридан кўриб чиқиш тўғри бўлади. Ушбу модда онлайн-НКТ қўлланилишини бузганлик учун санкцияларни назарда тутади.
СКнинг 221-моддасини бузиш 5 млн сўмдан 20 млн сўмгача жарима билан жазоланади. Бу СКнинг 227-1-моддасига асосан чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига жарима солинган барча ҳолларда самарали чора ҳисобланади. Таъкидлайман: барча ушбу ҳолларда СКнинг 221-моддасини қўллаш оқилона ҳисобланади, ҳатто унга ўзгартиришлар киритиш керак эмас.
Биринчидан, агар савдо ёки умумий овқатланиш шохобчасида қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келадиган ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган онлайн-НКТдан фойдаланилса, фискал белгисиз чек беришнинг имкони йўқ. Фискал белгининг акс эттирилиши – бу Солиқ қўмитасининг хизматлари онлайн-НКТ моделини давлат реестрига киритиш чоғида биринчи навбатда қарайдиган нарса.
Айрим тадбиркорлик субъектлари чекка ўхшаш нарса беради, бу эса харидорлар билан ҳисоб-китобларда чек урилмаганлигига тенг, яъни айланма ва тушум яширилади.
Иккинчидан, тадбиркорлик субъекти аҳолидан нақд пул ва банк картаси орқали тўловни қабул қилишда у чекни қандай қурилма ёрдамида шакллантириши эмас, балки қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлган онлайн-НКТ чекини бериши муҳимдир.
Тадбиркорлик субъекти оддий виртуал касса ёки онлайн-НКТга эга бўлиши мумкин ва бу қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлган чекни бериш учун етарлидир. Автоматлаштириш дастурлари базасида яратилган виртуал кассалар касса чекларини бериш ҳамда уларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши муаммосини ҳал қилмайди. Тадбиркор ўз кассирлари ишини енгиллаштиришни хоҳласа ушбу вариантни танлаши мумкин.
Онлайн-НКМ, ҳисобга олиш дастурлари ва ҳар қандай бошқа ускуна – бу тадбиркорлик субъектининг мулки ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ у бундан қандай фойдаланишни мустақил равишда ҳал қилишга ҳақли.
❖
Учинчидан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлган онлайн-НКТ чекини беришда рақамли маркировкалаш қоидалари ҳам бузилмайди. Амалиётда чакана савдо ва умумий овқатланишда товар онлайн-НКТсиз “Асл белгиси” рақамли маркировкалаш тизимидан чиқариладиган ҳоллар кўп эмас. Уларни “Асл белгиси” тизими функционали ёрдамида назорат қилиш мумкин. Фақат буни ушбу нормаларни қўллашга қаратилган низомлар ёки йўриқномаларда ёзиш лозим.
Ҳал қилинишини талаб қиладиган масалалар
Умуман олганда, ҳар қандай ҳолда СКнинг 227-1-моддаси матни ва мазмуни устида ишлашга тўғри келади. Рақамли маркировкалаш қоидалари ҳам жиддий такомиллаштиришни талаб қилади.
3 йил мобайнида тадбиркорлар рақамли маркировкалаш юзасидан кўплаб масалаларни кўтариб чиқишмоқда, қонун ҳужжатларида эса ҳануз уларга ёзилган жавоблар мавжуд эмас. Ушбу саволлар орасида – “Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларни қандай бир бирликдан кам ҳажмда реализация қилиш мумкин (масалан, спиртли ичимликларни қуйиб ёки тамаки маҳсулотларини доналаб сотиш)?” бор. Бошқа савол: “Кредит чекларида маркировкани қандай акс эттириш керак?” Агар Солиқ қўмитасининг айрим мутахассислари маслаҳатига риоя қилинса, ушбу чекларда маркировкани уриш мажбурий эмас. Демак, буни қонун ҳужжатларида ёзиш лозим. Ҳануз жавоб берилмаган муаммолар-саволлар рўйхатини давом эттириш мумкин.
Сўнгги йиллар мобайнида мамлакатда рақамли маркировкалашни қўллаш тажрибаси тўпланди. Ушбу тажрибани таҳлил қилиш, қандай ҳал қилинмаган масалалар мавжудлигини аниқлаш пайти келди. Ва ҳаммасига техник ҳамда қонунчилик даражасида ечим бериш лозим. Ушбу қонуний ечимларнинг мавжуд эмаслиги тадбиркорларни мустақил равишда йўл излашга ундайди. Ушбу йўллар ҳар доим ҳам тизимнинг ишлаши нуқтаи назаридан мақбул бўлмайди. Аммо ушбу вазиятда тадбиркорларни рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганликда айблаш мумкинми?
НҲҲнинг янги нормалари асосида ётадиган ечимлар пухта ўйланиши керак. Масалан, қутидаги маркировка ундаги барча таблеткалар учун битта эканлиги сабабли дорихоналарга дори-дармонларни блистерларда ёки доналаб реализация қилишни бутунлай тақиқлаш мумкин эмас. Бу қатор сабабларга кўра аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига яхши таъсир қилмайди. Нормалар бажариладиган бўлиши ва сотувчилар ҳамда истеъмолчиларга муаммолар туғдирмаслиги керак.
- Назорат касса техникасини кимлар қўллаши керак;
- Онлайн-НКТни қандай танлаш ва уни солиқ органида қандай рўйхатдан ўтказиш керак;
- Онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг узлуксиз ишлаши қандай таъминланади;
- Қачон ва қайси турдаги онлайн НКТ тизими чекини харидорга бериш керак;
- Сиз солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузмаслигингиз учун онлайн-НКМ ва виртуал касса чекида қандай ахборот бўлиши керак;
- Тўлов тизимлари ва маркетплейслар чекларининг солиқ қонунчилигига мувофиқлигини қандай таъминлаш керак
ва бошқа тавсиялар: комитентлар ва комиссионерлар учун, қайтариш, бўнаклар, олдиндан тўлов, бўлиб-бўлиб тўлаш тўловларини қандай расмийлаштириш, хатони қандай тузатиш, йўқотилган маълумотларни қандай тиклаш ҳақида.
*Бу ҳақда Президентнинг 26.02.2024 йилдаги «Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида»ги ПФ-39-сон Фармони қабул қилинган.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади