ҚҚСни ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибида ҳисобот қандай тўлдирилади

preview

Соддалаштирилган ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи таркибига қуйидагилар киради:

  • ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчи тўғрисида маълумот;
  • Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;
  • 1-илова. Бошқа оборотлар;
  • 2-илова. ҚҚСдан озод қилинадиган ва солиққа тортилмайдиган (ноль даражали ставка назарда тутилганлари бўйича) товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотлари;
  • 3-илова. Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри.

Солиқ ҳисоботининг ушбу шаклларини тўлдириш тартиби билан танишинг.

Ҳисобот қандай шаклда топширилади

МВ ва ДСҚнинг қарори (АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган шакллар бўйича ҳисобот тузиб, уни электрон кўринишда ДСИга тақдим этинг.

Вазият
Ўтган даврлар учун ҚҚС бўйича аниқлаштирилган ҳисобот қайси шаклда ва қандай усулда топширилади?
– Аниқлаштирилган ҳисоботни сиз ўзгартириш киритаётган даврларда амалда бўлган шакллар бўйича топширинг. Уни қайси давр учун тузганлигингиздан қатъи назар, электрон шаклда тақдим этинг. Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини фақат электрон тарзда тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 45-моддаси).

Қандай иловалар тўлдирилади

Фақат улар бўйича кўрсаткичлар мавжуд бўлган ҳисоб-китоб ва иловаларни тўлдиринг (17.04.2008 йилдаги МВнинг ЁТ/04-01-32-14/327-сон ва ДСҚнинг 16/1-4090-сон ахбороти).

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи таркибида уни ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини қўлловчи корхона қуйидагиларни тўлдириб, ДСИга жўнатиши шарт:

  • Қўшилган қиймат солиғи тўловчи тўғрисида маълумотлар;
  • Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби;
  • 3-илова.

Сизда бошқа реализация оборотлари бўлган ҳолдагина 1-иловани тўлдиринг. Масалан, мол-мулкни оператив ёки молиявий ижарага, шу жумладан лизингга берганда, асосий воситаларни реализация қилганда ва ҳ.к.

Қуйидаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилганда 2-иловани тўлдиринг:

  • Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган;
  • ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган (Солиқ кодексининг 38-боби).

Барча ҳисоботларни сўмда тўлдиринг.

Ишни Ҳисобварақ-фактуралар реестрини (3-илова) тўлдиришдан бошланг.

3-илова қандай тўлдирилади

3-иловани Сотиш реестри маълумотлари асосида тўлдиринг. Унда реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) рўйхатдан ўтказилади. 

«Аввалги ҳисобот даври учун жами» биринчи сатрига аввалги ҳисобот даври учун реестрдаги якуний маълумотларни кўчиринг. Январь учун иловани тўлдираётган бўлсангиз, биринчи сатрга ноль қўйинг.

Вазият
Товарлар, ишлар ёки хизматлар жисмоний шахсларга НКМ ва терминал чеклари асосида реализация қилинаётган бўлса, Сотиш реестри қандай юритилади?
– Товарлар, ишлар ёки хизматларни жисмоний шахсларга реализация қилаётган бўлсангиз, Сотиш реестрини қуйидагича тўлдиринг:
• «Харидорнинг номи» устунида «жисмоний шахс» ёки «jismoniy shaxs» деб ёзинг;
• «Харидорнинг СТИРи» устунини тўлдирманг;
• «Ҳисобварақ-фактура рақами» устунини тўлдирманг;
• «Ҳисобварақ-фактура санаси» устунида ҳисобот ойининг сўнгги санасини кўрсатинг;
• «Етказиб бериш қиймати (ҚҚСсиз)», «ҚҚС суммаси» ва «ҚҚС билан қиймати» устунларида ҳисобот ойида жисмоний шахсларга жами реализация қилиш суммасини кўрсатинг.
Вазият
Экспортга реализация қилиш амалга оширилган бўлса, Сотиш реестри қандай юритилади?
– Экспортга реализация қилган бўлсангиз, Сотиш реестрини қуйидагича тўлдиринг: • «Харидорнинг номи» устунида хорижий контрагентнинг номини кўрсатинг, сўнг очиқ жой қолдириб, «норезидент» ёки «norezident» деб ёзиб қўйинг. Масалан, «Johnsons&Johnsons норезидент»; • «Харидорнинг СТИРи» устунини тўлдирманг.

Вазият
Комитент (ишонч билдирувчи) учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилувчи ёки сотиб олувчи воситачи (ишончли вакил) Сотиш реестрида қандай ҳисобварақ-фактураларни рўйхатдан ўтказиши керак?
– Воситачи ўзига тўланадиган ҳақ суммасига комитентга (ишонч билдирувчига) тақдим этган ҳисобварақ-фактураларни Сотиш реестрида рўйхатдан ўтказади.

2-илова қандай тўлдирилади

Қуйидаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилганда 2-иловани тўлдиринг:

  • ҚҚСдан озод қилинган. Имтиёзлар Солиқ кодекси ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ тақдим этилиши мумкин;
  • ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган (Солиқ кодексининг 38-боби).

ҚҚСдан озод этилган реализация қилиш оборотлари суммаларини Солиқ кодекси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (НҲҲ) тегишли моддалари бўйича кўрсатинг. Бунда моддалар рақамлари ва НҲҲ номларини қўлда тўлдириш керак эмас. Қуйидаги рўйхатдан ўзингизга керакли имтиёзни танлаб олинг: 

1) Президент қарорлари бўйича имтиёзлар;

2) Солиқ кодекси бўйича имтиёзлар;

3) Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича имтиёзлар;

4) қонуности ҳужжатлар (низомлар, ҳукуматнинг айрим қарорлари) бўйича имтиёзлар.

Ушбу бўлимларнинг ҳар бири Солиқ кодексининг аниқ моддалари ёки НҲҲ номларини ўз ичига олган.

Солиқ солинмайдиган реализациянинг умумий обороти Солиқ кодекси билан берилган имтиёзлар (020-сатр) ва бошқа НҲҲ билан берилган имтиёзларни (030-сатр) қўшиш орқали 010-сатрда автоматик равишда ҳисобланади.

040-сатрда ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган реализация обороти автоматик равишда ҳисобланади. Уни ҳисоблаш учун қуйидаги сатрларни тўлдиринг:

041 – товарларни экспортга реализация қилиш суммасига. Уни реализация қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича сўмда кўрсатинг;

042 – товарларни (ишларни, хизматларни) чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга расмий фойдаланиш учун реализация қилиш

суммасига;

043 – «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича ишларни (хизматларни) реализация қилиш суммасига;

044 – халқаро йўналишда юк ташиш бўйича хизматларни реализация қилиш суммасига. У қуйидаги сатрлар тўлдирилгандан кейин автоматик равишда ҳисобланади:

– 0441 – Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит юкларни ташиш хизматлари суммасига;

– 0442 – йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар суммасига. Эслатиб ўтамиз, жўнатиш ёки тайинланган пункт Ўзбекистондан ташқарида жойлашган бўлса, бу халқаро ташиш ҳисобланади;

045 – аҳолига реализация қилинадиган коммунал хизматлар (сув таъминоти, канализация, санитария тозалаш, иссиқлик таъминоти) суммасига. Ушбу сатрни фақат мазкур хизматларни етказиб берувчилар тўлдиради;

046-сатр ва ҳоказо – ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган бошқа товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш суммасига. Муайян НҲҲга мувофиқ ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўлласангиз, уларни тўлдиринг. Унинг номини рўйхатдан танлаб олинг.

1-илова қандай тўлдирилади

Бошқа реализация оборотлари бўлсагина 1-иловани тўлдиринг. Қуйидаги сатрлар тўлдирилгандан кейин уларнинг умумий суммаси автоматик равишда ҳисобланади:

020 – ҳисобот ойида асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари реализация қилинган бўлса;

030 – мол-мулк молиявий ижарага, шу жумладан лизингга берилган бўлса;

040 – мол-мулк оператив ижарага берилган бўлса;

050 ва ҳоказо – 020–040-сатрларда кўрсатилмаган бошқа реализация оборотлари бўйича.

Ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади

ҚҚС ҳисоб-китоби ҳисобот даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлайди. Барча иловалар тўлдирилгандан кейин унинг айрим сатрлари автоматик равишда тўлади:

• 010 – унда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган соф тушумни кўрсатинг. Унинг умумий суммаси Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сон шакл) 010-сатридаги суммага мувофиқ келиши керак. Бир нечта фаолият тури билан шуғуллансангиз, тушум суммасини турларга «тақсимланг», битта фаолият билан шуғуллансангиз – тушумнинг жами суммасини асосий фаолият тури устунида кўрсатинг;  

• 020 – ҳар бир фаолият тури бўйича тушумнинг умумий ҳажмдаги салмоғини ҳисобланг ёки асосий фаолият тури устунига «100» рақамини қайд этинг;

• 030 – агар мавжуд бўлса, бошқа реализация оборотларининг суммаси 1-илованинг 010-сатридан бу ерга автоматик равишда ўтказилади;

• 040 – бу ерда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотларининг умумий суммаси (010-сатр + 030-сатр) ҳисобланади;

• 050 ва 060 – 2-иловада ҚҚСдан озод этилган (010-сатрдан) ва ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган (040-сатрдан) оборотлар мавжуд бўлса, ушбу сатрлар автоматик равишда тўлдирилади;

• 070 – бу ерда реализация қилиш оборотларининг умумий суммасидан (040-сатр) ҚҚСдан озод этилган (050-сатр) ва ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган (060-сатр) оборотларни айириш орқали ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади;

• 080 – амалга ошириладиган фаолият турларига қараб ҚҚС ставкаларини кўрсатинг.

Эслатиб ўтамиз, соддалаштирилган ҚҚСда унинг ставкалари фаолият турига қараб табақалаштирилади. Солиқнинг турли ставкалари белгиланган бир нечта фаолият тури билан шуғулланадиган соддалаштирилган ҚҚСни тўловчилар улар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва тегишли ставкаларни қўллашлари шарт (Солиқ кодексининг 226-4-моддаси);

• 090 – бу ерда солиқ солинадиган базани (070-сатр) фаолият турлари бўйича солиқ ставкасига (080-сатр) кўпайтириш орқали бюджетга тўланадиган ҚҚСнинг умумий суммаси автоматик равишда ҳисобланади;

• 110 – агар мавжуд бўлса, алоҳида бўлинмалар жойлашган жой бўйича тўланадиган ҚҚС суммасини 090-сатрдан ажратиб чиқаринг.

Эслатиб ўтамиз, мустақил солиқ тўловчи ҳисобланмайдиган ва унинг функцияларининг бир қисмини бажарадиган, алоҳида ҳудудда жойлашган юридик шахснинг бўлинмаси алоҳида бўлинма деб тан олинади. ДСҚ ва МВ ҳар йили алоҳида бўлинмаларга эга юридик шахсларнинг рўйхатини тасдиқлайди. Алоҳида бўлинмаларга эга юридик шахс уларнинг ҳар бири жойлашган жой бўйича ҳисобот топширади, шунингдек унинг улушига тўғри келадиган солиқни тўлайди (Низом, ВМнинг 27.02.2017 йилдаги 105-сон қарорига илова);

• 100 – солиқ ҳисобига қўйилган жой бўйича тўланадиган ҚҚС суммасини 090-сатрдан ажратиб чиқаринг. Алоҳида бўлинмалар мавжуд бўлганда у автоматик равишда ҳисобланади (090-сатр – 110-сатр). Алоҳида бўлинмаларингиз бўлмаса, 100-сатр 090-сатрга тенг бўлади.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text147871_qqsni_hisoblashning_soddalashtirilgan_tartibida_hisobot_qanday_tuldiriladi